Россия Президенти Владимир Путин кўриниш берди,
гапирди.
Унинг айтишича, Украинадаги аскарлари мардонавор ва
зўр жанг қилишмоқда, энг замонавий қуроллардан фойдаланишаётир.
Путинга кўра, Россияни ҳимоя қилиш учун Украинада
ҳарбий амалиёт бошлашдан “бошқа чоралари бўлмаган” ва кучлари ўз олдларига
қўйган мақсадга эришишади.
Бу ҳақда Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги
хабар бераётир, Россия президенти Космонавтлар куни муносабати билан гапирган.
“Мана шундай бўлади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Мақсадлар мутлақо аниқ, улар олийжаноб”, - дея баён қилган Владимир Путин.
Россия президентига кўра, “асосий мақсадлари – Донбассдагиларга
ёрдам бериш”.
Путин ишғолни бошлаган шу йил февраль ойида мақсади
Украинани “демилитаризация ва денацификация” қилиш эканини айтган.
Аммо ҳозирга келиб, ҳарбий амалиётларининг бош
мақсади “Донбассни озод қилиш”га ўзгарган.
Россия президенти урушгача Украинани мамлакат
шарқида геноцид содир этишда айблаган, аммо ўз сўзларига бирор бир исбот-далил
келтирмаган.
Лекин, шунга қарамай, худди шу иддаоларидан Россиянинг ҳужумларини оқлашда фойдаланган.
Владимир Путиннинг айтишича, Россия ўзини ташқи
дунёдан узиб қўймоқчи, иҳоталамоқчи эмас.
Путиннинг бу ҳақдаги сўзларидан Россиянинг РИА ахборот
агентлиги иқтибос келтирмоқда.
Путин, шунингдек, Россия ва Беларусь коинотдаги
инфратузилма лойиҳаларида ҳам ҳамкорлик қилишини айтган.
Унинг бу сўзлари яқин иттифоқчиси саналувчи Беларусь президенти билан учрашуви чоғида янграган.
Икковлон Россиянинг Узоқ Шарқдаги фазо марказини
бирга бориб кўришган.