"Азовсталь" заводи ҳудудида тинч фуқаролар кўп, Можаронинг 56-куни
Қуршовдаги "Азовсталь" заводи ичида қамалиб қолган тинч фуқаролар кўп, деб айтди Мариуполь шаҳри ҳокимининг ўринбосари.
Россия томони Москва вақти билан 20 апрель соат 14 гача Мариуполни ҳимоя қилаётган Украина ҳарбийларига қуролларини ташлаб таслим бўлиш ультиматумини қўйди.
Бироқ шаҳар ҳимоячилари порт шаҳарни мудофаа қилишда давом этишларини айтишган.
Россия Мариуполнинг аксар қисмини ўз назоратига олган, Россия дастаклаётган жангчилар улкан пўлат ишлаб чиқариш заводи ҳудудини қўлга киритишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда.
"Мен у ерда жуда кўп тинч фуқаролар борлиги тасдиқлайман", деди Би-би-си билан суҳбатда Мариуполь ҳокими ўринбосари Сергей Орлов.
"Улар, асосан, ён-атрофдаги уйлари вайрон бўлган фуқаролар ва пўлат заводининг кўп сонли ишчилари. Улар завод остида яхши бомбапаноҳ борлигини билишади ва ўша ерда сув ва озиқ-овқат жамғаришган. Шунинг учун ҳам улар оилалари билан бомбапаноҳда яшашга қарор қилишган", деди Сергей Орлов.
Завод ҳудудида қолаётганларга бирор бир ёрдам беришнинг имкони йўқ, деб айтди у.
"Уларда ҳеч нарса қолмаган. Сув, егулик, дори-дармон ва ёрдам. Россия ҳамма нарсанинг, инсонпарварлик ёрдамларини етказишнинг ҳам, одамларни эвакуация қилишнинг ҳам йўлини тўсаяпти.
"У ердан чиқиб кетиш, Мариуполни ёки "Азовстал"ни тарк этиш имконияти берилгани ҳақидаги ҳамма хабарлар фейк", деб айтди Сергей Орлов.
"Азовсталь" ҳудудида қолаётган Украина денгиз пиёдалари бригадаси раҳбари Сергей Волина дунё раҳбарларига мурожаат этиб, ўзлари ва у ердаги тинч фуқароларни қутқаришда ёрдам беришни сўради.
Волина видео мурожаатини Фейсбукда эълон қилган, 500 та ярадор, юзлаб тинч фуқаролар борлигини айтган.