You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.

Take me to the main website

Россия Хитойнинг энг йирик нефть таъминотчисига айланди

Россия Хитойга нефть етказиб бераётган энг йирик таъминотчига айланди. Украинага Европа Иттифоқига номзод мамлакат мақоми бериладиган шу ҳафтада Россия ўзининг душманона ҳаракатларини янада кучайтириши мумкин. Мамлакат шарқида жанг давом этаяпти.

Жонли ёритиш

  1. Украина: Россия ва Путинга ким бас келолади?, Сўнгги тафсилотлар

    АҚШ президенти ҳам далиллар Россия Украинада геноцид содир этаётганини кўрсатмоқда, деяпти.

    Байденга кўра, Путин “ҳатто украиналик бўлиш ғоясигача йўқ қилмоқчи” экани тобора аёнлашиб бормоқда.

    Украина Россия ва Путинга қарши тура оладими?

    Сўнгги тафсилотлар.

    Видеода кўнгилни хира қилувчи тасвирлар бор.

  2. Россия чўктирилган кемаси учун қасос олишини айтмоқда, Можаронинг 51-куни

    Россия мудофаа вазирлиги Украина пойтахти Киевга қарши ракета ҳужумларини амалга оширганини айтди.

    Вазирлик бу каби ҳужумлар Украинанинг Россия таъбиридаги “террор амаллари” ва “саботаж амаллари”га қарши жавоб сифатида кўпайишидан огоҳлантирди.

    Россияга кўра, ўзининг денгизда жойлашган кемасидан ракеталар тунда Киевдаги аксил-мудофаа тизимларини ишлаб чиқарувчи корхонага зарба берилган.

    Пайшанба куни Россия Украинани чегара оша бир нечта тикучарларни юбориб Россия шаҳарларига ҳужум қилишда айблади.

    Би-би-си Москванинг бу иддаоларини мустақил тарзда текшира олмайди.

  3. "Москва" крейсери Қора денгизда чўкиб кетди

    Россия Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, Россия ҳарбий-денгиз флотининг Қора денгиздаги яловбардори саналиб келинган "Москва" крейсери чўкиб кетган.

    Вазирликка кўра, ҳарбий кема бортидаги жанговар қуроллар портлаши оқибатида келиб чиққан ёнғин туфайли кема корпуси шикастланган, кема тўлқинлар кўтарилган вақтида ўз мувозанатини сақлаш қобилиятини йўқотган.

    Сўнг кемани шатакка олиб муқим бандаргоҳига олиб бориб қўйишга ҳаракат қилинган.

    Бироқ денгиздаги шторм шароитида кема чўкиб кетган.

    13 апрелдан 14 апрелга ўтар кечаси Украина расмийлари "Москва"га ўзларининг "Нептун" қанотли ракеталари билан ҳужум қилганларини хабар қилишган, 14 апрель тушга яқин крейсер чўккани ҳақида хабар тарқатган эдилар.

    Россия ҳарбий кемаси ракета ҳужуми оқибатида йўқ қилинганини тан олгани йўқ.

    Россия Мудофаа вазирлигига кўра, экипаж аъзолари эвакуация қилинган.

    Ҳалок бўлган ёки яраланган ҳарбий денгизчилар ҳақида вазирлик маълумот бергани йўқ.

    Украин расмийларига кўра, кемада 510 ҳарбий денгизчи бўлган.

    СССР замонида барпо этилган крейсер 1983 йили сувга туширилган.

    У СССР ва АҚШ президентларининг учрашувида СССР Президенти Михаил Горбачевни қўриқлашда қатнашган.

    СССР қулаганидан кейин Украина ҳарбий-денгиз флоти таркибида бўлган кемани 2014 йили Қримни аннексия қилганидан кейин Россия ўзининг Қора денгиз флотидаги бош кемасига айлантирди.

    "Москва" Россия ўз қўшинларини Сурия урушига юборганида денгиздан мудофаада қатнашган.

    Крейсер 2020 йили қайта таъмирдан чиқарилган эди.

    Агар "Москва"ни Украина ракета билан йўқ қилгани тасдиқланса, 12500 тонналик кема Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин душман ҳужуми оқибатида чўктириб юборилган дунёдаги энг йирик ҳарбий кема бўлади.

    Украина босқини бошланганидан кейин Россия Қора денгизда икки ҳарбий кемасини йўқотди.

    Март ойида Азов денгизидаги Бердянск бандаргоҳида "Саратов" кемасини Украина қуролли кучлари вайрон этган эди.

  4. Туркия "Москва" кемасидан денгизчиларни қутқармаган

    Би-би-си Турк хизмати Туркия расмийларидан бири билан Қора денгиздаги "Москва" крейсеридан россиялик ҳарбий денгизчиларни эвакуация этишда кўмаклашгани ҳақидаги хабар борасида суҳбатлашди.

    Дастлаб Россия ҳарбийларига Туркия денгизчилари ёрдам бергани ҳақида Литва Мудофаа вазири Арвидас Анушаускас хабар қилди.

    Туркия ва Руминия расмийлари "Москва" кемаси чўкиб кетганини тасдиқладилар, деган Арвидас Анушаускас.

    Туркиялик амалдор Би-би-си билан суҳбатда ушбу баёнот бўйича изоҳ бермади.

    Россия Мудофаа вазирлигига кўра, кема "сув устида қолган" ёки "сузувчанлигини сақлаб қолган".

    Россия Мудофаа вазирлиги "Москва"га Украина ҳужум қилганини рад этади.

    Россия ҳарбийларига кўра, кемада ёнғин келиб чиққан ва бу ёнғин портлашни келтириб чиқарган, экипаж аъзолари эвакуация қилинган, кема соҳилга олиб борилган.

    Украина расмийлари "Москва" крейсери "Нептун" ракеталари билан ҳужумга тутилганини айтдилар.

    АҚШ Мудофаа вазирлиги "Москва" крейсери ҳали ҳам сув устида деб ҳисоблайди.

    Пентагон воизи Жон Кирбининг айтишича, ҳарбий кемада камида бир портлаш рўй берган, бу портлашга нима сабаб бўлганини аниқ айтолмайдилар.

    "Москва" крейсери Севастополь томон сузиб бораяпти, АҚШ кемани кузатиб турипти, деган Жон Кирби.

  5. Дмитрий Медведев Швеция ва Финландиянинг НАТОга қўшилиши ҳақида

    Агар Швеция билан Финландия НАТОга аъзо бўлиб кирса, Россия ўзининг мудофаасини кучайтиради, деб ёзди ўзининг Телеграм каналида Россиянинг собиқ президенти, Россия Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев.

    Унинг қўшимча қилишича, ушбу икки мамлакатнинг шимолий иттифоққа қўшилиши билан "Ядродан холи Болтиқ" мақоми ҳақида сўз бўлиши мумкин эмас, боиси, "мувозанатни тиклаш лозим бўлади".

    Медведев айтишича, Россия шу вақтгача бундай чора кўрмаган.

    Украина босқинидан кейин Швеция ва Финландия НАТО ҳарбий иттифоқига аъзо бўлиб кириш истагини билдирдилар.

    Швеция ва Финландия ҳукумат ва парламентлари шимолий иттифоққа қўшилишга доир бюрократик амалларга киришганлар.

    Шу йил ёзида НАТО саммити режаланган, икки Болтиқбўйи давлати расмийлари ўша саммитгача ариза топшириш ниятида эканини билдиришган.

    АҚШ расмийлари бу икки мамлакат шу йил ёзининг ўзида НАТОга аъзо бўлиб киришлари мумкинлигини айтишган.

  6. Путин: Биз шарққа энергия экспортига урғу берамиз

    Президент Владимир Путин айтишича, Россия энди энергия экспортини Осиё тараф диверсификациялайди.

    Путин сўзларига кўра, Россия гази ва нефтидан воз кечиш билан Европа мамлакатлари бозорни беқарорлаштираяптилар.

    "Ғарб мамлакатларининг Россия етказиб берувчиларини сиқиб чиқариш, бизнинг энергоресурсларимизни муқобилларига алмаштириш ҳаракатлари муқаррар жаҳон иқтисодиётига таъсир қилади", деди Президент Путин.

    Россия президенти айтишича, Россия "қадам-бақадам" ўз экспорти йўналишларини "тез ўсиб келаётган жануб ва шарққа" йўналтиради.

    Ўтган йили нархларнинг кескин кўтарилиши ортидан Россия ҳукумат харажатларининг 36 фоизини нефть ва газ даромадлари ташкил этган.

    Бу даромаднинг аксари Европа Иттифоқидан келган.

    Россия газининг 40 фоизи, нефтининг 27 фоизини Европа Иттифоқи импорт қилади.

  7. Россия ва Украина: Уруш қачон ва қандай тугаши мумкин?

    Россия Украинага бостириб кирганига 50 кун тўлди.

    Бу вақт мобайнида, норасмий рақамларга кўра, Россия 15 мингга яқин аскаридан айрилди.

    Бу рақам Совет Иттифоқи 10 йил давомида Афғонистонда кўрган талафотларга тенг.

    Кўплар бу уруш қачон ва қандай тугаши ҳақида сўрашмоқда.

    Сиёсатчилар ва ҳарбий экспертлар турли сценарийларни муҳокама қилишмоқда.

  8. Украина уруши: Рус аскарлари оиламни ўлдирди

    Россия ҳужумларидан қочишга уринган оила Украина жанубидаги назорат-ўтказиш пунктида рус аскарлари томонидан атай нишонга олинган, дейди яқинлари.

    Беш инсон ҳалок бўлди.

    Ушбу мақолада баъзи ўқувчиларнинг дилини хуфтон қилувчи тафсилотлар мавжуд.

  9. Украина уруши: Россия пропагандаси ўзбекларнинг онгига ўрнашиб бўлганми?

    Тошкентдан блогер Сардор Салимнинг айтишича, Ўзбекистондаги кўпчилик нашрлар Украинадаги урушни расмий Россия нуқтаи назаридан туриб ёритмоқда.

    Бошқа манбалардан олиб хабар берган нашр ва блогерлар “махсус суҳбат”ларга чақирилган.

  10. Украина уруши бошланганидан буён 197 бола ҳаётдан кўз юмган

    Украина Бош Прокуратураси хабар қилишича, Россия Украинага бостириб кирган 24 февралдан буён 197 бола ҳалок бўлган, 351 вояга етмаган жароҳатланган.

    Энг кўп жабр кўрганлар жанглар кечган ёки Россия қўшинлари босиб олган Донецк ва Киев вилоятларида яшаган болалардир.

    Украина Бош Прокуратураси 197 рақам ҳали энг охирги маълумот эмаслигини эслатади.

    Уруш шароитида Би-би-си расмий ташкилотлар эълон қилган маълумотларни тасдиқлатиш имкониятига эга эмас.

  11. Россия "Москва" крейсери шикастланганини тасдиқлади

    Россия Мудофаа вазирлиги Қора денгиздаги "Москва" крейсерида ёнғин ва портлаш рўй берганини, кемадан экипаж аъзолари эвакуация қилинганини тасдиқлади.

    Мудофаа вазирлиги ёнғинга нима сабаб бўлганини очиқлагани йўқ, бироқ кемага "жиддий шикаст" етказилганини маълум қилди.

    Бундан олдин Украина "Москва" кемасини "Нептун" қанотли ракетаси билан ҳужумга тутгани ҳақида хабар қилган эди.

    "Москва" Россиянинг Қора денгиздаги ҳарбий-денгиз флоти ифтихори бўлган крейсердир.

    Унда қанотли ракеталар, артиллерия ва кемага қарши қуроллар ўрнатилган.

    Ҳозирча кемага қанчалар шикаст етказилгани аниқ эмас.

    Бироқ таҳлилчилар фикрича, бу украиналиклар учун денгиздаги ўта муҳим ғалабани англатади.

    Энди Россия ҳарбий денгизчилари қирғоқдан узоқроқ туришга мажбур бўладилар.

  12. Ҳаага суди: бутун Украина - жиноят жойи

    Ҳаагадаги Халқаро Жиноят Судининг Асосий прокурори Карим Хон Украинанинг Буча шаҳрига борди.

    Бутун Украина ҳудуди жиноят содир этилган жой деб кўрилиши мумкин, деди Карим Хон.

    "Бизнинг судимиз юрисдикциясига кирадиган жиноятлар содир этилаяпти деб ҳисоблашга асосли важларимиз борлиги туфайли ҳам биз шу ердамиз. Ва ҳақиқатнинг тагига етиш учун бизнинг уруш туманини тарқатишимиз керак бўлади. Бу эса мустақил ва холис терговни талаб қилади", деди Халқаро жиноят маҳкамаси асосий прокурори журналистларга.

    Карим Хон айтишича, Халқаро Жиноят Судининг суд-тиббиёт экспертлари Буча шаҳрида ишга киришганлар.

    Россия қўшинлари Бучадан чиқиб кетганларидан сўнг шаҳар кўчаларида бир неча ўн тинч фуқароларнинг жасадлари топилди.

    Украина расмийлари айтишларича, Буча ҳудудида ишғол пайтида ўлдирилган юзлаб инсонларнинг жасадлари кўмилган оммавий қабрлар мавжуд.

    Маҳаллий аҳоли вакилларининг ҳам Россия ҳарбийлари содир этган уруш жиноятлари, хусусан, қотиллик, жинсий зўрлаш ва талончилик ҳақидаги кўп сонли кўрсатмалари мавжуд.

    Буларнинг барига қарамасдан, Россия Украинанинг Буча ва бошқа шаҳарларидаги оммавий қотилликлар ҳақидаги маълумотларни рад этиб келаяпти, "фейк" деб атаяпти.

  13. Россия-Украина уруши қандай тугаши ҳақида бешта фараз

    2022 йил февралида Россия Украинага бостириб кириб Европанинг охирги бир неча ўн йилликдаги энг ёмон хавфсизлик инқирозига сабаб бўлди.

    Янги урушнинг даҳшатларига юз тутган кўплар у қачон ва қандай тугашини сўрашмоқда.

    Би-би-си ҳарбий таҳлилчилар илгари сураётган бешта фаразни изоҳлайди.

  14. Тўрт президент Бородянкага борди

    Киевга борган Польша, Литва, Латвия ва Эстония президентлари Украина бош вазири ҳамроҳлигида Россия босқинидан кўп шикастланган Бородянка шаҳрини бориб кўрдилар.

    Литва Президенти Гитанас Науседа "Твиттер"даги саҳифасида шундай деб ёзди

    "Бу ерда инсониятнинг қора томони ўзини кўрсатди. Россия армияси содир этган шафқатсиз ҳарбий жиноятлар жазосиз қолмайди".

    "Европада XXI асрда шундай ҳарбий ёвузликлар рўй бериши мумкинлигига ишониш қийин, лекин реаллик шунақа. Бу - биз ғалаба қилишимиз керак бўлган уруш", - деб ёзди Литва Президенти Гитанас Науседа "Твиттер"да.

    Киевда Польша Президенти Анжей Дуда, Литва Президенти Гитанас Науседа, Латвия Президенти Эгилс Левитс, Эстония Президенти Алар Карис Украина Президенти Володимир Зеленский билан ҳарбий ёрдам ва қочқинлар масаласини муҳокама этишлари хабар қилинди.

  15. ЕХҲТ: Россия Украинада ҳарбий жиноятлар содир этди

    Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг миссияси 13 апрель куни Украинада халқаро қонунлар бузилишига оид дастлабки ҳисоботини эълон қилди.

    Бу ҳисоботда икки катта жиноят - Мариуполь туғруқхонасига ҳужум ва Мариуполь театри биноси бомбардимонида Россия айбдорлиги айтилган.

    “Қасддан одам ўлдириш, ноҳарбий инсонларни, шу жумладан, журналистлар ва маҳаллий расмийларни ўғирлаш ушбу мезонга тўғри келади. Ушбу босқин доирасида содир этилган ҳар қандай шунга ўхшаш зўравонлик амаллари инсониятга қарши жиноят ҳисобланади”, дейилади ЕХҲТ ҳисоботида.

    Мариуполь театри биносида кўп сондаги одам ҳужумлардан яширинган ва бино атрофида катта ҳарфлар билан "Болалар" деб ёзилган эди.

    ЕХҲТ миссияси Мариуполь театрини портлатишга буйруқ берган ва бу буйруқни бажарганлар уруш жинояти содир этганлар деган хулосага келди.

  16. Москва Медведчукни Украина ҳарбий асирларига алмашмоқчи эмас

    Президент Путин матбуот котиби Дмитрий Песков украиналик корчалон ва сиёсатчи Виктор Медведчук Украина ҳарбий асирларига алмашилмаслигини билдирди.

    Мухолиф россияпараст Медведчук 2021 йил майида уй қамоғига олинган, Россия Украина босқинини бошлаганидан кейин ғойиб бўлган эди.

    12 апрель куни Украина Президенти Володимир Зеленский мамлакатдан қочиб чиқиб кетишга уриниш чоғи Медведчук қўлга олинганини ва у ҳарбий кийимда яширинишга урингани учун ҳарбий асирларга алишмоқчи эканларини айтди.

    Песков айтишича, Медведчук Россия фуқароси эмас, унинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияга алоқаси йўқ.

    "У хорижий сиёсий арбоб", деган Дмитрий Песков.

  17. BBC номидан тарқалган сохта видео ҳақида

    Интернет тармоғида BBC News логотипи билан фейк видео тарқалди, унда гўёки Краматорск темир йўл вокзалига ракета зарбаси учун Украина масъул экани айтилади.

    Би-би-си бундай видеони тарқатгани йўқ, бу сохта.

    Би-би-си Интернет тармоғидан ушбу видеони ўчириб ташлашга эришиш чораларини кўришга киришган.

    Биз инсонларни ушбу видеони бўлашмасликка чақирамиз, ижтимоий тармоқларда фақат BBC News нинг расмий аккаунтларидан тарқатилган хабарларга ишонишга чақирамиз.

    BBC News расмий аккаунтларига мовий рангли белги берилган.

  18. Видео. Украина: Путин ортга қайтмайдими?, Россиядан сўнгги тафсилотлар

    Украина: Путин ортга қайтмайдими?

    Россия президенти ўзининг режа ва мақсадини расман очиқлади.

    Украина ҳали-вери тинчимайдими?

    Путинни ҳеч ким ва ҳеч нарса ортга қайтара олмайдими?

  19. Украина уруши: энг сўнгги муҳим янгиликлар, Можаронинг 49-куни

    Байден Путинни Украинада геноцид содир этишда айблади.

    Путиннинг иттифоқчиси бўлган россияпараст украиналик сиёсатчи ва корчалон Виктор Медведчук қўлга олинган. У уй қамоғида бўлган, бироқ Россия 24 февралда Украина босқинини бошлаганидан кейин қочгани хабар қилинганди. Президент Зеленский Виктор Медведчукни Россияга асир тушган украиналикларга алшматиришни таклиф этган.

    Президент Путин айтишича, Украина билан Россиянинг сулҳ музокаралари боши ёпиқ кўчага кириб қолган, бунга Украинанинг уруш жиноятлари ҳақидаги фейк даъволари сабаб бўлган.

    Польша, Латвия ва Эстония президентлари Президент Зеленский билан учрашиш учун Киевга йўл олишган.

    Президентларга Германия Президенти Штайнмайер ҳам қўшилиш ниятида бўлган, бироқ унга Киев “Россия билан қалин алоқалари туфайли исталмаган одам” эканини айтган.

    Россия ҳарбийлари қамалдаги Мариуполь шаҳрига хорижий журналистларни олиб кирганлар. Шаҳар ҳокими айтишича, босқин бошланганидан буён 21000 тинч фуқаро ҳалок бўлган, яна 100 минг киши эвакуацияни кутиб турибди.

    Украина расмийлари Мариуполда Россия кимёвий қурол қўллаганини айтмоқда. АҚШ ва Британия ушбу хабарни текшираётганини хабар қилди.

    Россия ўз ҳужуми эътиборини Украина шарқига қаратган, ҳам Россия ва ҳам Украина Донбасда қўшинларини тўпламоқда.

  20. Россия Украинани қандай вайрон қилди?, Қисқа фоторепортаж