Буюк Британия Россия армияси подполковниги Азатбек Омурбеков номини санкцияга тушганлар рўйхатига киритди.
Азатбек Омурбековни Ғарб ва Украина матбуоти "Буча қассоби" деб атаган, Буча шаҳрида содир этилган ваҳшийликлар учун масъул шахс деб тилга олган.
Омурбеков - 64-мотоўқчи бригада қўмондони.
Times нашри ёзишича, Азатбек Омурбеков 2014 йили мукофотланган.
Шунингдек, Украина босқини олдидан Православ черковидан "оқ фотиҳа" олган.
Newsweek нашри ҳам подполковник Азатбек Омурбековни "Буча қассоби" деб атаган.
"Омурбеков Киев яқинидаги Буча шаҳарчасида тинч аҳоли қотилликларига алоқадор бўлган қўшинни жойлаштиришга бевосита қўмондонлик қилган ва салмоқли таъсирга эга бўлган", дейилади Британия санкция рўйхатида.
Россия 64-мотоўқчи бригадаси Хабаровск ўлкасида жойлашган.
Шу ҳафтада Россия Президенти Владимир Путин ушбу бригадани "оммавий қаҳрамонлик, жасорат ва мардлик учун" мукофотлади.
"У нисбатан кам сондаги бўлинмага раҳбарлик қилган, шунинг учун у нималар рўй бераётганидан хабардор бўлган. Унда, албатта, жавобгарлик бор, озми-кўпми, лекин, албатта, бор", - деб айтган BFMTVга Франция армиясининг собиқ полквониги Мишель Гойя.
Украинадаги InformNapalm веб-сайти Омурбековга тегишли шахсий маълумотларни эълон қилганидан кейин у ҳақда кўпчилик хабардор бўлди.
Британияда чиқадиган Independent газетаси украиналик фаоллар маълумотини тасдиқлатишнинг уддасидан чиқмаган.
Россиялик қўмондон ҳақида Украина расмийлари ҳам, Россия расмийлари маълумот берганлари йўқ.