You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.

Take me to the main website

Россия Хитойнинг энг йирик нефть таъминотчисига айланди

Россия Хитойга нефть етказиб бераётган энг йирик таъминотчига айланди. Украинага Европа Иттифоқига номзод мамлакат мақоми бериладиган шу ҳафтада Россия ўзининг душманона ҳаракатларини янада кучайтириши мумкин. Мамлакат шарқида жанг давом этаяпти.

Жонли ёритиш

  1. Россия Украина шарқини қўшиб олмоқчими?, Можаронинг 69-куни

    Юқори мартабали АҚШ мулозими янги огоҳлик билан чиқди.

    Майкл Карпентернинг айтишича, Россия Украина шарқидаги босиб олинган ҳудудда мустақиллик бўйича референдум ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда.

    Аммо, унга кўра, бу – уйдирмадан бошқа нарса эмас.

    “Энг сўнгги маълумотларга асосланиб, биз Россия Донецк ва Луганск Халқ республикаларини аннексия қилишга уриниб кўради, деган ишончдамиз”, - деб айтган Майкл Карпентер.

    Майкл Карпентер Америка Қўшма Штатларининг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги элчиси бўлади.

    Унинг айтишича, “хабарларда Россия референдумни қўшилувдан сўнг, май ойининг ўрталарига режалаётгани ҳақида сўз бораётир”.

    “Сохта референдумлар” президент Зеленский бундан аввал огоҳлантирган воқеъликлардан бири бўлади.

    Украинага босиқини арафасида Россия Президенти Владимир Путин бу икки бўлгинчи минтақани мустақил, деб тан олишга қарор қилган.

  2. Украина: “Азовстал”да яна икки юздан ортиқ одам бор, Можаронинг 69-куни

    Мариуполь мэрининг айтишича, “Азовстал”да икки юздан ортиқ одам қолган.

    Бу ҳақда мэр Вадим Бойченконинг сўзларига таяниб, “Рейтер” ахборот агентлиги хабар бераётир.

    Жанубий порт шаҳри бўлган Мариуполь ҳам Россия ва ҳам Украина учун стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга.

    “Азовсталь” шаҳардаги украин кучларининг сўнгги таянч нуқтаси бўлади.

    У ерда украин жангчилари баробарида юзлаб тинч аҳоли ҳам, ҳафталарки, Россиянинг ҳужумларидан жон сақлаб келаётир.

    Якшанба куни улардан юзга яқини икки кунлик сулҳ битими доирасида эвакуация этилишган

    БМТ ва Халқаро Қизил Хоч ташкилоти бугун, сешанба куни янада кўпроғини корхонадан олиб чиқиш умидида.

    Мариуполнинг ўзи ҳам, ойларки, Россиянинг қамали остида.

    Бойченконинг айтишича, шаҳарда ҳозир 100 мингга яқин одам бор.

  3. Украина: Россия заифлашдими?, Можаронинг 69-куни

    Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Украинадаги уруш бўйича кунлик разведка маълумотларини эълон қилди.

    Вазирликка кўра, Украинага босқини натижасида Россия “анча заифлашган”.

    Санкциялар Россия Армиясининг ўзини тезда ўнглаб олишини қийинлаштирган.

    Узоқ муддат назарда тутилганда эса, Россиянинг энди ўз кучларини сафарбар этиши осон бўлмайди, дейди вазирлик.

    Разведка маълумотларида қайд қилинишича, ҳаво, қуруқлик ва денгиз кучларини замонавийлаштиришга сармоя киритаркан, 2005-2018 йиллар оралиғида Россиянинг ҳарбий бюджети қарийб икки баравар ортган.

    Аммо, вазирликка кўра, стратегик режалашдаги хатолари туфайли энг сўнгги русумдаги қурол-яроққа эга экани ҳам Россиянинг Украина урушида устун келишига ёрдам бермаган.

  4. Украинага янги кўмак, Зеленский Лавровни айблади, Россия бор кучини ишга солаяптими?, Можаронинг 69-куни

    • Британия Украинага яна ёрдам бермоқчи. Россия Ташқи ишлар вазири яҳудийларни “нацистларнинг жиноятлари”да айбладими – Украина президенти ҳам баёнот билан чиқди. Путин “Азовстал”ни нима қилиб бўлса ҳам олмоқчими – сўнгги тафсилотлар.
    • Британия Бош вазири бугун, сешанба куни мамлакат парламентига виртуал мурожаат билан чиқмоқчи. Россия босқинига кўрсатаётган қаршилигини Украинанинг “юлдузли онлари”, деб атамоқчи. Борис Жонсон Россия ишғоли ортидан бундай баёнот билан чиқаётган биринчи Ғарб лидери бўлади.
    • Буюк Британия Украинага яна £300 миллион фунт стерлинг миқдорида қўшимча ҳарбий кўмак бермоқчи. Борис Жонсон бугунги мурожаати чоғида бунга ҳам ойдинлик киритиши кутилаётир.
    • Володимир Зеленский ўзининг одатий тунги мурожаатида Россия Ташқи ишлар вазирини “яҳудийларни нацистларнинг жиноятларида айблашда” қоралади. Сергей Лавров Россиянинг Украинага ишғолини оқлаш учун Адольф Гитлерда ҳам “яҳудий қони бор”лигини айтганди.
    • “Азовсталь” ҳимоячиларининг даъво қилишларича, Россия қўшинлари сатҳга зарба бериш учун қирувчи самолётлар, танклар ва ҳарбий кемалардан фойдаланишмоқда.
    • Қамал остидаги корхонадан эвакуация этилган юздан ортиқ одам Запорожьега етиб келишни бошларкан, БМТ ва Халқаро Қизил Хоч ташкилоти янада кўпроғининг олиб чиқилишига бош-қош бўлиш умидида.
    • Россиянинг газ ва нефтига қарамликка қанчалик тез чек қўйиш масаласида Европа Иттифоқи барибир бир тўхтамга кела олмади.
    • Кеча, душанба куни кечқурун Одесса ракета ҳужумига саҳна бўлди. Қурбонлар ва яраланганларга оид хабарлар бор. Украина президентининг айтишича, ҳужум 14 яшар ўспиринни ҳам ўлдирган.
    • Хавфсизлик билан боғлиқ вазият ўнгланар экан, пойтахт Киевда аста-секинлик билан элчихоналар ҳам ўз фаолиятини қайта йўлга қўйишни бошлаган.
    • АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали мулозим Россиянинг Украинага ишғолига ўзининг баҳосини берди. Уни “кучсиз” ва “энг яхши ҳолатда минимал”, деб атади.
  5. Брюссель: Кун тартибида яна Россия гази

    Европа Иттифоқи Россия гази ва нефтидан воз кечиш масаласида ҳануз бир тўхтамга кела олмаяпти.

    Бу ҳақда Германия Иқтисодиёт вазири маълум қилди.

    Вазирлар Брюсселда Россия нефтига эмбарго қўйиш масаласини муҳокама этишаётир.

    Венгрия эса, иттифоқ бу масалада бир тўхтамга келса, эришилган келишувни блоклашини айтди.

    Германия Россия газини тақиқлашга ҳали тайёр эмаслигини билдирди.

    Аммо нефтидан босқичма-босқич воз кечиши мумкинлигини таъкидлади.

    Россия гази ва нефтидан кунига миллионлаб евро даромад қилади.

    Тушган пулни Украинадаги урушига ҳам сарфлаб келади.

  6. Гитлер “қисман яҳудий”ми – Исроил ғазабда

    Исроил Россия Ташқи ишлар вазирининг сўзларидан ғазабда.

    Сергей Лавров эса, Адольф Гитлерда “яҳудий қони” бўлганини айтган.

    Россия Ташқи ишлар вазири бу гапи билан Украинага босқинларини оқламоқчи бўлган.

    У бу ҳақда Италия телевизион каналига интервью берган.

    Лавров, Украинанинг ўз президенти яҳудий бўлса, уни яна қандай қилиб нацист давлат, деб аташ мумкин, деган саволга шу тариқа жавоб қайтарган.

    Россия Ташқи ишлар вазири бунинг аҳамиятсиз эканини айтган.

    “Факт Украинадаги нацист унсурларни инкор этмайди. Мен Гитлерда ҳам яҳудий қони борлигига ишонаман”, - деган.

    Унинг сўзлари Гитлернинг ота томондан бобоси яҳудий бўлгани эҳтимолига оид тасдиқланмаган тарихий даъволарни яна бир бор урғулаган.

    Адольф Гитлер бошчилиги остида фашистлар Германияси Ҳолокостда олти миллион яҳудийни ўлдирган.

    Исроил Россия Ташқи ишлар вазиридан узр сўрашини талаб қилган.

    Исроил Ташқи ишлар вазири Лавровнинг баёнотини, “кечирилмас, ғазабга молик ва даҳшатли тарихий хато”, деб атаган.

  7. Россия яна “Азовстал”ни бомбалашни бошладими?

    Юзга яқин украиналикнинг эвакуация ортидан Россия яна “Азовстал”ни бомбалашга ўтганига оид хабарлар олинмоқда.

    Корхона Украинанинг стратегик жиҳатдан муҳим жанубий Мариуполь шаҳрида жойлашган.

    У дунёдаги энг йирик ва Украинадаги энг катта пўлат қуйиш корхонаси бўлади.

    Бу корхонадан, ҳафталарки, юзлаб украиналик жангчи ва тинч фуқаролар бошпана сақлаб келишаётганди.

    Муваффақиятли эвакуация амалиёти ортидан ҳам у ерда яна юзлаб одамнинг қолаётгани айтилади.

    Корхона ҳимоячиларидан бири, Украина Миллий гвардияси қўмондони Денис Шлеганинг маълум қилишича, эвакуация этилганлар тушган автобуслар сатҳни тарк этиши билан Россия яна зарба беришга киришган.

    “Икки кунлик муваққат сулҳ битими тугаган”.

    Россия корхонани дуч келган қурол билан қайта ҳужумга тутишни бошлаган.

    Унинг ҳисоб-китобларига кўра, ичкарида бир неча юз тинч аҳоли ва 500 га яқин яраланган аскар қолган.

    Бугун маҳаллий вақт билан кечга яқин “Азовстал”дан эвакуация қилинган ўнлаб тинч фуқаронинг Запорожьега етиб келишлари кутилмоқда.

  8. Россия ҳаво жангида устун келдими?

    Россия томонига кўра, Украинанинг қирувчи самолётини уриб туширишган.

    Аён бўлишича, сўнгги ҳаво жанги Шарқий Донецк минтақасида кечган.

    Украинанинг МиГ-29 русумидаги қирувчи самолёти яксон этилган.

    Россия ҳарбийларининг янги даъвоси матбуот анжумани чоғида янграган.

    Анжуманда айтилишича, Луганскда Украинанинг “Точка-У” русумидаги иккита, Донецкда эса, “Смерч” русумидаги яна битта ракетаси йўқ қилинган.

    Украинанинг яна 10 та дрони вайрон этилди, деб айтган Россия томони.

    Уларга кўра, қурол-яроғ омборлари ва қўмондонлик постлари илова Украинадаги ўнлаб объектга зарба беришган.

    Ҳар икки рақиб томон ўзлари бир-бирларига етказган талафот ҳақида ахборот бериб келишади.

    Аммо ББС уларни мустақил манбалар орқали тасдиқлай олмаган.

  9. Украина Россияга кемаларига зарба бердими?

    Украина томони янги даъво билан чиқди.

    Ўз дрони Россиянинг Қора денгиздаги икки кемасини яксон этганлигини айтди.

    Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари штаби Бош қўмондони Валерий Залужний билдирди.

    Бош қўмондонга кўра, Россиянинг “Раптор” русумидаги икки кемаси бугун, душанба куни Змииний ороли яқинида вайрон қилинган.

    Украина ҳарбийлари дрон ҳужуми акс этган видео ҳам тарқатишган.

    ББС бу видеонинг асл экани ёки йўқлигини ҳозирча тасдиқлай олмаган.

    Расмий Москва ҳам Украина томонининг айни мазмундаги иддаоси борасида ҳозирча жим.

  10. Видео. Диққат, Украина: Россия Ўзбекистонда энди кучаядими? Путин режасини очиқлади, Ҳафталик таҳлил

    Россия Ўзбекистонда янада кучаядими?

    Путин МДҲда нима қилмоқчи?

    Украина уруши манзарасида Россия энди Ўзбекистон ва минтақа давлатларига янада яқинлашмоқчи.

    Кремль МДҲ бўйича янги режаларни ҳам эълон қилган. Бундан Ўзбекистонга қандай хавф, фойда ёки нима зарар бўлиши мумкин?

  11. Украина: Россия ён бердими? Донбассда нима гап?

    Ҳозирча Азовсталдан юзга яқин одам қутқарилди. Улардан бирининг айтишича, икки ой қуёшни кўрмаган. Россия Донбассда илгарилай олмаяптими – Украина томони янги баёнот билан чиқди.

    Шу соатга қадар олинган энг муҳим янгиликлар

    • Жанубий Мариуполь шаҳридаги пўлат қуйиш корхонасидан юзга яқин одам эвакуация қилинди. Улар бугун кечга яқин Запорожьега келтирилади. Россиянинг айтишича эса, эвакуация этилганлардан ўнлаб ўз назоратлари остида бўлган қишлоққа келишган.
    • Азовсталь, ҳафталарки, Россиянинг қамали остида. Бу ерда Украина ҳарбийлари баробарида ўнлаб тинч фуқаро ҳам жон сақлаб турибди. Уларни олиб чиқишга бўлган уринишлар шу пайтгача деярли самара бермай келаётганди.
    • Украина томонига кўра, корхонада қолаётган юзлаб одамни эвакуация этиш учун яна камида икки бор уриниб кўришлари лозим бўлади.
    • Қутқарилганлардан бирининг айтишича, икки ой қуёшни кўрмаган.
    • Би-би-сининг шарқий Донбассдаги мухбирининг хабар беришича, Россия бу ерда секин илгариламоқда.
    • Бугун эрта тонгда Россиянинг Белгород шаҳрида кучли иккита портлаш юз берган. Шаҳар Украинага чегарадош. Талафотларга оид хабарлар ҳозирча йўқ.
    • Энди АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси бошчилигидаги ҳайъат президент Володимир Зеленский билан учрашиш учун пойтахт Киевга йўл солган.
    • Унинг ваъда қилишича, Америка “уруш якунигача” Украинани қўллаб-қувватлайди. Конгресс Украинага $33 миллиард долларлик ёрдамни тезда маъқуллайди, узоқ куттирмайди.
  12. Видео. Диққат, Украина: Россия Ўзбекистонда энди кучаядими? Путин режасини очиқлади

    Россия Ўзбекистонда янада кучаядими?

    Путин МДҲда нима қилмоқчи?

    Украина уруши манзарасида Россия энди Ўзбекистон ва минтақа давлатларига янада яқинлашмоқчи.

    Кремль, Путин постсовет давлатлари бўйича янги режаларини эълон қилди.

    Бундан Ўзбекистонга қандай хавф, фойда ёки нима зарар бўлиши мумкин?

    Россия Ўзбекистонга янада яқинлашадиган бўлса, нима бўлади?

  13. Украина шарқида Россия улкан талофатлар бераяпти

    Россия қўшинлари Украина шарқидаги Донбасс минтақасини босиб олиш мақсадида ҳужумларни бошлаган.

    Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг айтишича, охирги кунларда қақшатқич жанглар кечаяпти, Украина мудофаачилари катта талофатлар бераяпти.

    Бироқ Россия бераётган талофатлар яна-да улкан, деди Арестович.

    Қатор таҳлилчилар фикрича, Россия армиясининг бир неча ҳафталик кучи қолган.

    Британиялик ҳарбий эксперт Майк Мартин фикрича, Россия ҳарбийларининг силласи қуриган.

    Пойтахт Киевни босиб олиш мақсадида ташланган кучлар катта йўқотишларга дуч келди, энди уларни жамлаб, Донбассни қўлга киритмоқчи бўлаяптилар.

    Бу ерда эса ҳали 2014-, 2015-йилларда барпо этилган Украин армиясининг мудофаа чизиқлари жойлашган, Россия армияси катта йўқотишлар билан кичик ҳудудни қўлга киритишнинг уддасидан чиқаяпти.

    Украина ҳарбийлари шу вақтга келиб Россия 23000 аскар ва зобитини йўқотди, деган хабар тарқатди.

  14. Қандай қилиб портлашдан омон қолган аёл Россия дезинформацияси нишонига айланди?

    Черниҳивдаги мактабга қилинган ҳаво ҳужумидан сўнг Украина ижтимоий тармоқларида қонга беланган тирик қолган аёлнинг видеоси тарқалди.

    Аммо тез орада унинг кўргуликларидан кремлпараст аккаунтлар фойдаланди, шу жумладан, Россия Ташқи ишлар вазирлигига алоқадор бириси уни сохталикда айблади.

    "Ҳеч қандай сирена овози ҳам, чийиллаш ҳам, ўқ овози ҳам йўқ эди, - дейди Таня. - У бирдан бинога урилди ва ҳамма нарса қоронғи бўлиб кетди. Бино қулаб тушди".

    Таня март ойининг бошида ҳаво ҳужумига учради.

    У Киев шимолидаги Черниҳив шаҳридаги 21-мактабда гуманитар ёрдам тарқатиш учун кийим-кечакларни саралашда ёрдам бераётган вақтда бинога ракета келиб тушган.

  15. Киевга ҳужумда "Озодлик" журналисти Ольга Гирич ҳалок бўлди

    28 апрель тунида Киевга қилинган ракета ҳужумида "Озодлик" радиоси журналисти Вера Гирич ҳалок бўлган.

    "Озодлик" радиосидан билдиришларича, ракета ҳужуми пайти Вера Гирич ўзининг уйида бўлган.

    Қанотли ракета 25 қаватли турар-жой биносига урилган.

    Бинонинг 1- ва 2-қаватидаги квартиралар қисман вайрон бўлган.

    Киев расмийлари ҳужум оқибатида камида 10 инсон яраланганини хабар қилишган.

    Журналистнинг жасади эрталаб бинони тозалаш пайти топилган.

    Радио марҳумани "ёрқин ва меҳрибон инсон, ҳақиқий профессионал" деб таърифлади.

    Вера Гирич 55 ёшда бўлган.

    У "Озодлик" радиосининг Украин хизматида фаолиятини 2018 йили бошлаган, унгача Украинанинг етакчи телеканалларида ишлаган.

    Россия Мудофаа вазирлиги БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Киевда бўлиб турган пайти Украина пойтахтини ракета ҳужуми нишонига олганини тасдиқлади.

    Россия ҳарбийлари, Киевдаги "Артём" мудофаа корхонасини нишонга олганмиз, дейишди.

    Украина ҳарбийлари отилган беш ракетадан айримларини уриб туширилганини айтишди.

    Украина Президенти Володимир Зеленский Киевга ракета ҳужумини қоралади, бу Россиянинг БМТни таҳқирлаши, деди.

  16. Зеленский: Россия БМТни таҳқирлади

    БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга ҳамроҳлик қилаётган БМТ ходимлари жойлашган Киевдаги меҳмонхона ёнига Россия ракетаси келиб тушган.

    Жами 28 апрель тунида Россия армияси Киев шаҳрига беш ракета отган.

    Украина расмийларига кўра, ракета ҳужумлари оқибатида уч инсон жароҳатланган.

    Ўзининг тунги видео мурожаатида Украина Президенти Володимир Зеленский БМТ бош котиби бўлиб турган жойни ракета ҳужумига тутилганини қоралади, бу "Россиянинг глобал институтларга нисбатан асл муносабати"ни кўрсатади, деди.

    Зеленский Россия раҳбариятини БМТни масхара қилишга уринишда айблади.

    Бу "БМТ ва бу ташкилот тамсил этадиган ҳамма нарса нисбатан таҳқир" ва бундай муносабатга нисбатан кескин жавоб бериш керак", деди Украина президенти.

    Зеленский БМТ Бош котибининг Бородянка ва Киев вилоятидаги оммавий қабрларни ўз кўзи билан кўргани муҳимлигини урғулади.

    Киевга ракета ҳужуми Президент Зеленский ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг қўшма матбуот анжуманидан бир соат ўтиб уюштирилди.

    Портлаш рўй берган вақти жаноб Гутерриш ва унинг делегацияси Украина бош вазири идорасида Бош вазир Денис Шмигал билан музокара олиб бораётган бўлган.

    "Мен бўлиб турган шаҳарда икки ракета портлаганини билиб ларзага келдим. Бу урушни мутлақо тўхтатиш керак, бу урушни ҳал этиш йўлини биз албатта топишимиз керак", - деб айтди Би-би-си билан интервьюсида Антониу Гутерриш.

    Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба БМТ Бош котиби ва Болгария бош вазири бўлиб турган вақти Киев қанотли ракета билан ҳужумга тутилишини "жирканч ва ёввойи" ҳаракат деб таърифлади.

    "Бунга БМТ бош котиби ва БМТнинг ўзи қандай муносабат билдириши керак? Яъни, улар унинг орқасидан тупуришди, завқ билан, қон билан. Ва бу унинг(Антониу Гутерришнинг - Таҳр) Москвадаги баҳолари учун қасос. У, бу уруш, махсус операция эмас, Россия армияси ҳарбий жиноятлар содир этаяпти, деб айтди. Шунинг учун Россия Федерацияси унинг орқасидан отишди", деди Украина президенти идораси маслаҳатчиси Алексей Арестович.

  17. Энг сўнгги муҳим янгиликлар, Можаронинг 65-куни

    БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Украина пойтахтида бўлиб турган вақти Россия армияси Киев шаҳрига беш ракета отди

    БМТ Бош котиби ва Украина Президенти Володимир Зеленскийнинг матбуот анжуманида Антониу Гутерриш БМТ Хавфсизлик Кенгашини уруш олдини олиш ёки уни тўхтатишга қодир бўлмагани учун танқид қилди

    Украина Бош Прокурори Ирина Венедиктова Киев яқинидаги Буча шаҳрида содир этилган қотиллик ва зўравонликларда гумон этилаётган россиялик ўн ҳарбий ҳақидаги маълумотни эълон қилди

    Украинада жиноят содир этган ҳар бир жиноятчини биз топамиз ва жавоб беришга мажбур қиламиз, деди ўзининг мурожаатида Президент Зеленский

    АҚШ Конгресси Вакиллар Палатаси Украинага қурол-яроғ экспортини енгиллаштирадиган қонун - ленд-лизни маъқуллади

    Президент Байден АҚШ Конгрессидан Украинага янада кўпроқ қурол-яроғ етказиб бериш мақсадидаги $33 млрд долларлик кўмакни маъқуллашни сўради

    НАТО Бош котиби ўринбосари Мирча Жоанэнинг Би-би-си билан интервьюда айтишича, Украина уруши йилларга чўзилиши мумкин.

  18. БМТ Бош котиби Украинадаги вайронагарчилик кўламидан ларзага келди

    БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Украина пойтахтининг март ойида бир неча ҳафта давомида Россия қўшинлари босқини остида бўлган туманларига сафар қиляпти.

    Биринчи манзил Киев ғарбидаги Бородянка тумани бўлди. У ерда ҳаводан ҳужумлар ўта йирик кўламда вайронагарчиликка сабаб бўлган.

    Марказий кўчада харобага айланган турар жойлар ёнида турар экан, жаноб Гутерриш бу манзарадан таъсирланганини айтди.

    “Бу вайрон бўлган биноларни кўрганимда, мен ўз оиламни шу харобага айланган ва куйган уйлардан бирида тасаввур қиламан. Кўзимнинг олдига невараларим ваҳимада югураётганлари келади”, деди у.

    “Бу уруш 21 асрнинг бемаънилиги, бу уруш – зулм, бу каби вазиятларга гувоҳ бўлганимизда, албатта, қурбонларни тилга оламиз, уларнинг оилаларига таъзия билдирамиз. Лекин эхтиросларимиз айтади, 21 асрда урушни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Қаранг бу аҳволга”, деди Гутерриш.

  19. Россия хакерлари ва армияси тандемда ишлаяпти, дейди Микрософт

    Россия ҳукуматининг хакерлари Украинага босқин бошланганидан бери 37та кибер ҳужумни амалга оширдилар, дейилади Microsoft чоп қилган баёнотда.

    Технология гиганти бўлмиш бу компаниянинг тадқиқотчиларига кўра, Украинага кибер ҳужумлар урушдан бир йил аввал бошланган бўлиши ва ҳарбий миссия учун шароитларни яратган бўлиши мумкин.

    Текширувлардан аниқ бўлишича, хакерлик ҳужумлари ва ҳарбий амалиётлар елкама-елка олиб борилган ва нишонлар бир хил бўлган. Аммо, Микрософтга кўра, бу нишонлар шунчаки муштарак мақсадлар махсулими ёки мувофиқлаштирилган бўлган ё бўлмагани ноаниқ.

    Мариупол қамал остида қолганида, Микрософт айтишича, украиналиклар ўзини Украина яшовчиси дея таништирган Россия ташкилотидан “ҳукумат бизларни ташлаб кетди” қабилидаги сохта электрон хатларини олишган.

    Украина кибер хавфсизлик эксперти Виктор Зоханинг Рейтерсга айтишича, Россия хакерлари телекоммуникация компаниялари ва энергия тармоқлари операторларига кундалик равишда ҳужумларни амалга оширяпти.

  20. Россиядаги нишонлар Украина армияси учун мақбул – Британия мудофаа вазири

    Би–би–си билан суҳбатда Британия мудофаа вазири Бен Уоллас Украинанинг қуролларни қандай қўллаш борасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилди.

    «Агар Украина Россия армиясининг логистика иншоотларини нишонга олишга қарор қилса, бунга халқаро қонунлар рухсат беради», деди у.

    Аммо, жаноб Уолласнинг айтишича, Россия инфратизилмасига қилинган ҳужумларда Британия берган қуроллар ишлатилгани эҳтимоли кам.

    «Уларда ҳозирда бундай ҳужумни қила оладиган британ қуроллари йўқ, шундай экан бу бизнинг қуролларимиз бўлишининг эҳтимоли кам. Биз узоқ масофали қуролларни етказиб бермаганмиз», деди вазир.

    Ҳафта бошида Британия мудофаа вазири Украина Ғарб таъминлаган қуроллар билан Россия ҳудудига ҳужумлар уюштириши қонуний бўлишини айтганди.