Шарқий ва жанубий фронтда нима гап? Америка томони янги
баёнот билан чиқди. Россия Одессани яна ҳужумга тутди, бир қурбон ва яраланганлар
бор. АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам юборишни соддалаштирди.
Шу соатга қадар бўлган энг муҳим янгиликлар
Украина Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Россия
кучлари Мариуполдаги “Азовсталь” корхонасини босиб олиш ҳаракатида. Корхонани
украиналик бир неча юз жангчи ҳимоя қилиб турибди.
Украина шарқида қақшатқич жанглар давом этмоқда.
Айниқса, Рубежний ва Белогоровкада вазиятнинг жиддий экани айтилади. Ҳар икки
туман ҳам Донбассда жойлашган.
Америка томонига кўра, Россия Украина шарқида секин
илгариламоқда. Украина жанубида эса, айтарли бирор бир ютуққа эришмаган.
Уларнинг айтишларича, Харьков ҳали-ҳануз расмий
Киевнинг назорати остида. Харьков Украинанинг иккинчи йирик шаҳри бўлади.
Россия Украинанинг жанубий порт шаҳри Одессани яна
ракета ҳужумига тутган. Бешта бинони вайрон қилган. Маҳаллий масъулларнинг
билдиришларича, ҳужумда бир киши ўлган. Беш нафари тан жароҳати олган. Касалхонага олиб кетилган.
Россиянинг Одессага қарши уюштирган бундан аввалги
ҳужуми Европа Кенгаши президентининг шаҳарга ташрифи билан бир пайтга тўғри
келган. Шарль Мишель ҳам ҳужумдан жон сақлашга мажбур бўлганди.
Украина ташқарисида нима гап?
Президент Жо Байден янги қонун лойиҳасини имзолади.
Янги ҳужжат Американинг Украина ва Шарқий Европага ҳарбий ёрдам юборишини
соддалаштиради. Бу янгиликни Украина раҳбарияти хуш қаршилаган.
Европа Иттифоқи Россия ёқилғисидан воз кечиш
масаласида ҳануз бир тўхтамга кела олмаяпти. Европа Комиссияси раҳбари бунга
кўндириш учун Венгрия Бош вазири билан учрашиб кўрди.
Германия ва Франция лидерлари эса, Берлинда
кўришишмоқчи. Томонлар президент Эммануэль Макроннинг янги сиёсий тартиб
борасидаги таклифини кўриб чиқишлари айтилмоқда. Янги таклиф Европа
Иттифоқининг Украинага ўхшаш бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини жадаллаштиришни
кўзда тутади.
Ғарб етакчилари Россия президентининг Украина урушини
оқлашга бўлган сўнгги уринишини ҳам инобатга олишмади. Путин бу ҳақда Ғалаба
кунги нутқида тўхталиб ўтганди.