You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Украинада Россиянинг қанча аскари ҳалок бўлди? Янгиликлар, Россия
Россия Мудофаа вазирлиги 2 март кунидан бери Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари ҳақида хабар бермади. Би-би-си Рус хизмати очиқ манбаларга асосланиб, 557 нафар ҳалок бўлган россиялик аскарнинг исмлари аллақачон тасдиқланганини аниқлади.
23 март куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковдан журналистлар Россиянинг Украинадаги талофатлари ҳақида яна бир марта сўрадилар.
У эса яна бир бор бу савол Россия Мудофаа вазирлиги ваколатига кирадиган савол экани, вазирлик қачон маъқул топса, бу ҳақда эълон қилишини айтди.
2 март куни - биринчи ва ягона марта - Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги урушда ҳалок бўлганлар ҳақида хабар берди.
Ўша пайтда Мудофаа вазирлиги 498 аскар ҳалок бўлганини даъво қилди.
Шундан бери вазирликдан йўқотишлар ҳақида янги хабарлар йўқ.
Юзлаб ўлганлар
Украина ҳозирда Россиянинг йўқотишларини 15 минг киши демоқда - Украинанинг УНИАН агентлиги бу рақам нафақат ўлганлар, балки ярадорларни ҳам ўз ичига олиши мумкинлигини аниқлаган.
Американинг "The New York Times" газетаси Америка разведкасининг "консерватив ҳисоб-китобларига" таяниб, бу рақамни етти минг деди. Бироқ нашрнинг таъкидлашича, маълумотлар оммавий ахборот воситалари таҳлили, сунъий йўлдошдан олинган суратлар, ўққа тутилган россиялик аскарларнинг суратлари ва Россия техникаси суратлари асосида яратилган, шу сабабли маълумотлар нотўғри бўлиши мумкин.
Россияда ҳар куни ўликларнинг исмлари ва дафн маросимидан олинган фотосуратлар тобора кўпайиб бормоқда. Кўпинча исмлар Россия вилоятлари раҳбарлари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёки марҳум илгари ўқиган таълим муассасалари томонидан берилади. Айрим ҳолларда яқин қариндошлар ўлганлар ҳақида гапирган.
Би-би-си фақат марҳумлар ҳақидаги аниқ маълумотлар, жумладан, тўлиқ исм-шарифи ва унвонини ўз ичига олган хабарларга асосланиб, россиялик ўлган ҳарбийлар рўйхатини тузди. Ушбу рўйхатда 557 киши бор.
Оммавий ахборот воситаларининг ўнлаб, баъзан юзлаб ўлганлар ҳақида манбаларга таянган хабарлари, агар уларда исм ва фамилиялар ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса, ҳисобга олинмади. Шунингдек, биз оддий Россия ҳарбийлари бўлмаган(яъни ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР бўлинмаларида хизмат қилганлар, шунингдек, "Вагнер гуруҳи" деб номланганлар ўлими ҳақидаги хабарларни ҳисобга олмадик).
Масалан, "Озодлик" радиоси (Россияда чет эл агенти сифатида тан олинган) манбаларга таяниб, Украинада Доғистондан келган камида 130 нафар шартномавий ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини хабар қилган. Очиқ манбаларда Би-би-си 51 ўлик ҳақида маълумот топди.
Тасдиқланган 557 нафар ҳарбий ҳалок бўлганидан ташқари, Би-би-си Украинада яна 38 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни топди, бироқ ҳозирча бу ўлимлар ҳақида мустақил тасдиқ йўқ.
Тувалик сенатор Людмила Нарусова Украинада камида 96 нафар муддатли ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини айтди: "Натижада юз кишилик ротадан тўрт нафари тирик қолди", деди Нарусова Жиноят кодексига киритилган ва қуролли кучлар ҳақида сохта хабар тарқатганлик учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилаётган ўзгартиришлар муҳокамаси чоғида.
Нарусова Мудофаа вазирлигидан бу маълумотни тасдиқлашни сўраган, бироқ жавоб олмаган. Россия расмийлари узоқ вақтдан бери Украинада россиялик муддатли ҳарбий хизматчилар йўқлигини даъво қилишганди, бироқ бир неча кундан кейин улар "бир нечта муддатли ҳарбий хизматчилар" Украинадаги Россия қуролли кучлари қисмларида мавжудлигини тан олди.
Украинада ҳалок бўлган россиялик аскарнинг исмини илк марта 26 февраль куни Доғистон раҳбари айтди. Март ойининг биринчи кунларида Россиянинг яна бир қанча вилоятлари раҳбарлари ҳалок бўлган ҳарбийларнинг исмларини эълон қилди. Март ойи ўрталарида Россия шаҳар ва қишлоқларида аскар ва офицерларнинг дафн маросими ўтказилгани ҳақида ўнлаб расмий хабарлар пайдо бўла бошлади.
Би-би-си Мудофаа вазирлигига қурбонлар сони ҳақида сўров юборган ва жавобни кутмоқда.
Спецназ ва орденли офицерлар
Россияда ҳалок бўлганлар орасида бир генерал-майор - 41-армия қўмондони ўринбосари, 47 ёшли Андрей Суховецкий ҳам бор. Россия Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, Суховецкий взвод командирлигидан гвардия ҳаво ҳужуми бўлинмаси штаб бошлиғи даражасигача кўтарилган.
Суховецкий Россиянинг Суриядаги ҳарбий операциясида қатнашган, иккита "Жасорат", "Ҳарбий хизматлари учун" ордени ва медаллар билан тақдирланган. Украина томоннинг билдиришича, тўрт нафар россиялик генерал аллақачон вафот этган, бироқ фақат Суховецкийнинг ўлими расман тасдиқланган.
Россия армиясининг тасдиқланган йўқотишлари рўйхатида етти полковник бор: Мордовиядан Виктор Исайкин, Бошқирдистондан Сергей Порохня, Татаристондан Дмитрий Сафронов, Рязан вилоятидан Игорь Николаев, Самара вилоятидан Руслан Руднев, Нижний Новгород вилоятидан Александр Захаров ва Кострома вилоятидан Сергей Сухарев.
Шунингдек, Севастопол ҳокимияти Қора денгиз флоти қўмондони ўринбосари 1-даражали капитан (қуруқликдаги полковник даражасига тўғри келади) Андрей Палийнинг ўлимини тасдиқлади.
"1993 йилда у Украинага содиқлик қасамёдини қабул қилишдан бош тортди, Шимолий флотга жўнаб, Россияга содиқ қолди", деб ёзади у ҳақида Севастополь губернатори Михаил Развожаев.
Шунингдек, ҳалок бўлганлар орасида камида тўққиз подполковник, камида 20 нафар майор ва камида 70 нафар кичик офицер бор.
Расмий тасдиқланган йўқотишлар рўйхатига ўнлаб парашютчилар (оддий аскардан то Ҳаво-десант кучларининг Кострома полки қўмондонигача) ва ГРУ махсус кучларининг камида 7 нафар вакили киради.
Ҳалок бўлганлар орасида Россиянинг турли минтақаларидан келган бир неча ОМОН зобитлари, шунингдек, Россия гвардиясининг элита махсус бўлинмалари жангчилари ҳам бор. Жумладан, сержант Евгений Дудин, онаси сўзларига кўра, Киев яқинидаги Гостомель аэропортига ҳужум пайтида ҳалок бўлган.
Онасининг сўзларига кўра, у тезкор бўлинмада хизмат қилган. У урушнинг иккинчи кунида хизмат ити билан бирга вафот этди (ваҳоланки ўлим гувоҳномасида 27 февраль санаси кўрсатилган).
Махсус кучлар фахрийлари ташкилоти "Братство Краповых Беретов" "Витяз" отрядининг битта жангчиси - пензалик сержант Михаил Беляков ўлгани ҳақида хабар берди. "Витяз" Россиянинг энг кучли бўлинмаларидан бири ҳисобланади.
Урушнинг олтинчи кунида Россия Мудофаа вазирлиги 500 га яқин одами ўлгани ҳақида хабар берди, аммо биз йўқотишларнинг кейинги динамикаси қандай бўлганини билмаймиз, дея таъкидлайди Ричард Ширефф, НАТОнинг Европадаги кучлари бош қўмондони собиқ ўринбосари.
"Менимча, Путин яна иккита классик хатога йўл қўйди, биринчидан, у ўз рақибини паст баҳолади, иккинчидан, ўз армияси ва ҳаво кучларининг қобилияти ва сифатини, ҳаводаги афзалликларини ошириб юборди. Кўриб турганимиз маълумотларга кўра, россияликлар ҳозир ҳавода мутлақ устунликка эга эмас."
2003 йилда Ироққа бостириб кирилганининг биринчи ойида АҚШ армияси 139 кишини йўқотганди. 2008 йилда Грузия билан беш кунлик урушда Россия армиясининг йўқотишлари 71 кишини ташкил этганди. Аммо генерал Ширеффнинг таъкидлашича, турли ҳарбий можароларда томонларнинг йўқотишларини солиштириш қийин, чунки бу тўқнашувлар камдан-кам ҳолларда таққосласа бўладиган шароитларда содир бўлади.
"Агар Россия бу кампанияда муваффақият қозонишни истаса, у шунчаки ўзининг пиёда қўшинларини шаҳарларга олиб кириб, уларни назорат остига олиши керак, бу эса йўқотишларнинг сезиларли даражада ошишини англатади."
Генералнинг қўшимча қилишича, одатда шаҳарларга муваффақиятли ҳужум қилиш учун ҳужум қилаётган томон ҳимоячига қараганда олти баробар кўп жангчига эга бўлиши керак.
"Армия элитаси"
Бундан ташқари, Россия камида саккизта ҳарбий учувчини (шу жумладан учувчилар, навигаторлар ва самолётлар ва вертолётларнинг бортмеханиги) йўқотди - булар ҳар қандай армиянинг малакали мутахассислари ва элитасидир. Ҳар бир учувчини тайёрлаш йиллар давом этади ва миллионлаб долларга тушади.
"Биринчи тоифадаги фронт авиация учувчиси ўртача 7-8 йил давомида ўқитилади ва уни тайёрлаш қиймати тахминан 3,4 миллион долларни ташкил этади, снайпер учувчисини тайёрлаш эса 10-12 йил давом этади ва 7,82 миллион долларга тушади", деган эди 2019 йилда Россия ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Александр Зелин.
17 март куни Кубанда учувчи ва авиация бўлинмаси командири Сергей Волинц дафн қилинди. У Грузия ва Суриядаги жангларда қатнашган ва мукофотланганлардан бири эди.
4 март куни Челябинск вилояти расмийлари навигатор Ростислав Еременконинг ўлгани ҳақида хабар беришди. Шу куни Челябинск шаҳар думаси депутати Владимир Корнев видолашув маросимидан суратни чоп этди. Мотам коллажида Ан-26 самолёти тасвири ва "Сўнгги парвоз" имзоси остида яна 5 нафар учувчи бор: капитан Антон Пимахов, катта лейтенант Олег Доля, катта лейтенант Павел Русаков, катта сержант Александр Мижурко ва сержант Артем Тарасов. Аммо уларнинг ўлими ҳақида ҳеч қандай расмий хабар йўқ (Би-би-си ҳисоб-китобларда уларни ҳисобга олмаган).
16 март куни Сизран шаҳрида ҳарбий учувчи, лейтенант Сергей Коноплев билан видолашув бўлди - ундан хотини ва кичкина қизчаси қолди.
Ростов вилоятида 29 ёшли учувчи Вячеслав Маклагиннинг ўлими ҳақида хабар беришди - Украинага юборилишидан олдин у Суриядаги жанговар миссияларда тажриба орттирган. Ўлимидан сўнг, Маклагин - сўнгги ҳафталарда ҳалок бўлган бошқа кўплаб аскарлар сингари - "Жасорат" ордени билан тақдирланди.
Доғистон ҳукумати капитан, катта учувчи Рабазан Ражабовнинг Украинада вафот этгани ҳақида ҳам хабар берди. Самара вилоятида полк командири, учувчи Руслан Рудневнинг ўлими тасдиқланди. Брянск вилоятида эса подполковник унвонига эга учувчи Алексей Хасанов билан видолашдилар.
"Уялмайман, фахрланаман"
Украинада ҳалок бўлган энг ёш рус аскари 18 ёшли Егор Мельников эди - у 19 ёшга тўлишидан бир кун олдин ўлди. Мельников урушнинг биринчи куни - 24 февралда вафот этди. Вилоят губернатори Василий Орловнинг айтишича, марҳум вафотидан кейин "Жасорат" давлат мукофоти билан тақдирланган. Марҳумнинг отаси Эдуард Мельников "Instagram"да шундай деб ёзди: "Бу менинг ўғлим Егор! Егор Эдуардович! Мен фахрланаман! Мен уялмайман". Энди пост мавжуд эмас, лекин "Regnum" скриншот қилишга улгурган.
Россия армияси ҳам камида 19 ёшли олти йигитни йўқотди.
Шундай қилиб, 10 март куни Дмитрий Белоусов дафн қилинди. Апрель ойида у 20 ёшга тўлган бўларди. У Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан икки ой олдин денгиз бригадасида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган. Бунгача университетда автотранспортларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш мутахассислиги бўйича таҳсил олган.
14 март куни Орелда 19 ёшли Егор Канатников билан видолашдилар ва 18 март куни Перм ўлкасида 19 ёшли Иван Колмогоровнинг ўлими эълон қилинди.
Би-би-си тадқиқотидан хулоса қилишимиз мумкинки, "200 юк" Россиянинг камида 70 минтақасига келган. Ҳаммаси бўлиб, аннексия қилинган Қрим ва Севастополни ҳисобга олмаганда, мамлакатда федерациянинг 83 та субъекти мавжуд.
Украинадаги жанговар ҳаракатларда Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ҳарбий хизматчилари ҳам қатнашган - Севастопол губернатори Михаил Развожаев ўлганлар ҳақида бир неча бор маълумотларни эълон қилган. Шундай қилиб, 9 март куни кичик сержант Алексей Севостьянов ва оддий аскар Владимир Николенко шаҳарда дафн қилинди - иккаласи ҳам Севастополда туғилиб ўсган.
Россия ҳудудларида ўлганлар ҳақидаги маълумотларни чоп этишга муносабат турлича. Мисол учун, Доғистон ва Шимолий Осетияда аллақачон 77 кишининг ўлими ҳақида расман хабар берилган. Ҳар бир дафн маросимига туман ҳокимликлари вакилларининг шахсан ўзи боради.
Россиянинг 15 та ҳудудида ҳарбийларнинг ўлими ҳақида расмийлардан бирорта ҳам хабар йўқ. Аммо, масалан, ушбу минтақалардан бирида - Кемерово вилоятида - Би-би-си Украинада ҳалок бўлган 7 нафар рус аскарининг дафн маросими ўтказилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлашга муваффақ бўлди.
Россиянинг айрим ҳудудларида россиялик ҳарбийларнинг ўлими ҳақида хабар берган оммавий ахборот воситалари хабарни ўчириб ташлашни бошлади. Баъзан бир ёки икки кун ичида, баъзан бир соат ичида ўчириб ташлашади.
Сибирлик журналистлардан бири Би-би-сига шундай деди: "Вилоят ҳукумати даражасида барча нашрларга махсус операциядаги йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилмасликка кўрсатма берилди. Кейин уларнинг хотирасини абадийлаштириш усулини топамиз".
"Ҳаммаси жуда мураккаб"
Айни пайтда бир марҳумнинг исми маълум бўлиб, уни қариндошлари муддатли ҳарбий хизматчи бўлган демоқда. Бу Саратов вилояти, Озерное қишлоғида туғилган Максим Ханигин.
Маҳаллий ОАВ ёзишича, 5 март куни Ханигин билан туғилиб ўсган қишлоғида видолашганлар. "Аткарская газета" видолашувдан олинган суратларни эълон қилди: уларда ҳарбийлар гулчамбар ва Ханигиннинг портрети, унинг вафотидан кейин олинган "Жасорат" орденини кўтариб тургани тасвирланган. Аммо суратларда қабр ҳам, тобут ҳам кўринмайди.
"Озодлик" радиоси (Россияда хорижий агент сифатида тан олинган) воқеа жойидан бутунлай бошқача суратларни эълон қилади: фотосуратларда қабристонда қабр қазилгани, унинг устига пластик плёнка тортилгани кўрсатилган. Қабрга ҳеч ким дафн этилмаган.
Ханигиннинг бувисининг нашрга айтишича, оила дафн маросимини 25 февраль куни ўтказган, бироқ у жасадни айнан қачон олиб келишини билмайди. Мақолада Ханигин ҳарбий хизматга чақирилгани айтилади.
Яна бир вафот этган россиялик аскарнинг онаси Павел Позаненнинг "Бумага" нашрига айтишича, ўғли Украинага жўнатилишидан аввал шартнома хизматига ноқонуний равишда ёзилган. "Ҳаммаси жуда мураккаб, - дейди Наталья Позанен, тафсилотларга аниқлик киритмасдан. - Унга ноқонуний равишда шартнома имзолатишган."
Павел Позанен 2017 йилда ўрта мактабни тамомлаган, 2021 йил ўрталарида ўрта касб-ҳунар таълими дипломини олган, шундан сўнг хизматга кетган.
Ҳалок бўлган россиялик ҳарбийларнинг қариндошлари ва дўстлари Россияда "Украинадаги махсус операция" деб аталадиган нарсага камдан-кам ҳолларда оммавий ўз муносабатини билдирадилар.
Асирга олинган россиялик аскар Валерий Залужнийнинг онаси аввалроқ Би-би-сига "буларнинг барчаси нима учун кераклигини умуман билмаслиги"ни айтди: "Мен ҳеч қандай уруш ёки ҳарбий ҳаракатларни тушунмаяпман".
Асирга олинган яна бир ҳарбий хизматчининг онаси Ирина Очирова ўғлини асирлар тасвирланган видеода кўргач, "Урушга йўқ" плакати билан пикетга чиқди.
Марҳум "спецназ" Евгений Дудиннинг онаси Гулнора Валиеванинг Би-би-сига айтишича, ўғли унга январь ойи охирида уни "уч ойлик хизмат сафарига" - гўёки машғулотлар учун жўнатишаётганини айтган.
"Қанақа машғулотлар деб ўйладим? Ва аста-секин хаёлимга келиб қолиб, ундан сўрадим: "Жень, демак Украинага кетяпсан?" У жавоб беради: "Қанақа Украина, она? Мен Смоленскка машғулотларга учун кетяпман".
Валиева икки нарсага ишонади: Россия ўз ҳудудига ҳужум бўлишини "том маънода бир кун" олдин билиб қолган ва Россия фақат аниқ ўққа тутмоқда - фақат ҳарбий нишонларга зарба бермоқда. Бу аёлнинг жаҳлини чиқаради.
"Мен ҳаммадан нафратланаман. Улар у ерда тинч аҳоли бор, бизнинг йигитлар уларга қарата ўқ узолмайди, дейишади. Лекин улар Женяга Киевдан, тинч аҳоли томондан ўқ узишди. Нега уларга отишга мумкин, бизнинг йигитларга мумкинмас? Энди мен айтаман: тинч аҳолини ҳам бомбаланг, ҳеч бўлмаганда бизнинг йигитларимиз маълум даражада тирик қолишади."
20 март куни БМТ маълум қилишича, биргина февраль ойи охирида Украинада камида 902 тинч аҳоли ҳалок бўлган, улардан 75 нафари болалардир. Тинч аҳолининг аксарияти узоқ масофали ракеталар зарбаси натижасида ҳалок бўлди.
БМТ айтишича, қурбонларнинг ҳақиқий сони анча кўп - ҳозирча мустақил экспертлар барча йўқотишларни ҳисоблаб чиқмаган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.