Ақаев: "Каримовга Қирғизистонда ҳайкал қўйган бўлардим"

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовга нега ҳайкал қўйган бўлиши ҳақида айтди.

У бу борада яқинда эълон қилинган подкастда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳақида фикр билдирди.

Унинг фикрича, Каримов даврида Ўзбекистоннинг дунёга нисбатан ёпиқ сиёсати Қирғизистон ва Қозоғистон тадбиркорлари учун имконият яратган.

Ақаевнинг айтишича, агар Ўзбекистон ўша пайтда ҳозирги Мирзиёев давридагидек дунёга очилганида, қирғиз тадбиркорлари ўзбек бизнеси билан рақобатлаша олмас эди.

Подкастда Ақаев жумладан шундай деди:

"Мен қирғизларнинг савдо-сотиқни ўзлаштириб олганига ҳайрон қолдим. Бу катта муваффақият бўлди. Бу, менингча, қирғизларнинг қобилиятли эканини, мослашувчанлигини кўрсатади. Ростини айтсам, тўқсонинчи йилларда, президент бўлганимда, менда бунга шубҳа бор эди. Мен қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб кета оладими, ўзбеклар билан рақобатлаша оламизми, деб кўп ўйланар эдим. Чунки менинг назаримда бозор иқтисодиётига ўтишимиз билан ўзбек биродарлар бутун Марказий Осиёни эгаллаб, бошқарадигандек эди. Сабаби улар Совет давридаёқ бунга тайёр эди. Аммо биз барчамиз Ислом Каримовдан миннатдор бўлишимиз керак. У киши ўзбекларни Ўзбекистонда дунёдан ажратиб қўйди. Шу билан у қирғиз ва қозоқларга имконият яратиб берди. Мен шу учун Қирғизистонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим. У бизга йўл очиб бергани учун қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб олди. Агар рақобат бўлиб, Ислом Каримов (Ўзбекистонни - таҳр.) очиб қўйганда эди, мана ҳозир Мирзиёев каби дунёга очилганда эди, биз улар билан рақобатлаша олмас эдик".

Асқар Ақаев ким?

Асқар Ақаев Қирғизистоннинг мустақилликдан кейинги биринчи президенти бўлган. Физика соҳасида илмий фаолият юритган Ақаев 1990 йилда Қирғизистон парламенти томонидан президент этиб сайланган.

Президентлигининг дастлабки йиллари у халқаро майдонда демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи раҳбар сифатида кўрилган. Бироқ кейинги йилларда сайловларнинг адолатли ўтмагани, ҳокимиятнинг марказлашуви ва оила аъзоларининг давлат бошқарувидаги роли юзасидан танқидлар кучаяди.

2005 йилдаги "Лола инқилоби" ортидан Ақаев ҳокимиятни тарк этиб, Россияга кетган. У ўшандан буён Москвада яшаб келади.

Ақаев нима демоқчи бўлди?

Ақаевнинг фикрича, Каримов даврида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ташқи сиёсатдаги нисбатан ёпиқ ёндашуви Қирғизистон ва Қозоғистон тадбиркорлари учун имконият яратган.

Каримов раҳбарлиги даврида Ўзбекистонда валюта конвертациясига чекловлар амал қилган, ташқи савдо, валюта операциялари ва хорижий инвестициялар соҳасида давлат назорати кучли бўлган.

Бу сиёсат халқаро молия институтлари ва иқтисодчилар томонидан танқид қилинган.

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин эса валюта конвертацияси эркинлаштирилиб, иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган қатор ислоҳотлар бошланган.

Каримов даври ташқи сиёсати ҳам академик адабиётларда турлича таърифланади.

Айрим тадқиқотчилар уни ташқи сиёсатда мустақиллик ва ўз-ўзига таянишга устувор аҳамият берган ёндашув сифатида таърифлайди. Масалан, Сент-Эндрюс университети тадқиқотчиси Бернардо Телес Фазендейро бу сиёсатни "муҳофазакор мустақиллик" , деб атаган.

Каримовнинг минтақадаги роли ҳақида бошқа Марказий Осиё раҳбарлари ҳам фикр билдирган.

Масалан, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўз хотираларида Каримовни "мураккаб шахс" деб атаб, икки раҳбар чегара ва бошқа минтақавий масалалар юзасидан кўплаб музокаралар олиб борганини ёзган. Унинг таъкидлашича, қарашлардаги фарқларга қарамай, айрим муҳим масалаларда келишувга эришилган.

"Дэу" заводи хато эдими?

Подкастда яна бир мавзу - Жанубий Кореянинг "Дэу" компаниясининг Марказий Осиёдаги инвестициялари бўлди.

Ақаевнинг айтишича, компания дастлаб Қирғизистонда автомобил заводи қуриш имкониятини ҳам кўриб чиққан, аммо кейинчалик инвестиция учун Ўзбекистон танланган.

Ақаев эса бу қарорни бошқача баҳолади. Унинг сўзларига кўра, кейинроқ бу ҳақда Ислом Каримовнинг ўзи билан ҳам суҳбатлашган.

"Бундай ишлаб чиқариш на ўзбекка, на қирғизга керак. Мен ҳатто кейин Ислом Каримовдан сўраганман. У ҳам бу қарор хато бўлганини айтган".

Подкаст давомида Ақаев Қирғизистонда йирик саноат корхоналарини ривожлантириш имкониятлари ҳақида ҳам танқидий фикр билдирган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Баҳсли баёнотларга муносабат

Ҳақиқатан, 1990-йиллар бошларида Тошкентда йирик улгуржи бозорлари шакллана бошлаганди.

Бироқ кейинчалик бу бозорлар кичрайиб, қўшни давлатлар, хусусан, Қирғизистонда ҳам Бишкек ва Ўш яқинида йирик минтақавий улгуржи савдо масканлари пайдо бўлди.

Айрим кузатувчилар буни ўша йиллари Ўзбекистондаги мавжуд иқтисодий-сиёсий шарт-шароит ва вазиятга, чегара оша кирди-чиқди ҳамда савдо-сотиқдаги чекловларга ҳам боғлаб келишган.

Айни пайтда, Қирғизистон собиқ президентининг фикрлари қанчалик ҳақиқатга тўғри келишини баъзилар савол остига олишади.

"Йирик саноат лойиҳалари фақат бевосита даромад билан баҳоланмайди. Машинасозлик каби соҳалар стратегик аҳамиятга эга. Бу давлатнинг саноат салоҳиятини шакллантиради", - деди ўз исмини ошкор этишни истамаган иқтисодий таҳлилчи.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда қурилган автомобил заводи узоқ муддатли ривожланиш нуқтаи назаридан муҳим қарор бўлган. Муаммолар эса, асосан, бошқарув ва коррупция билан боғлиқ бўлган.

"Ақаевнинг бу чиқиши Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегара ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинаётган даврга тўғри келиши, менга қизиқ туюлди. Бу тасодифми ёки рус оғаларининг таъсирида айтилган гапми", - дейди минтақалик суҳбатдошимиз.

Унга кўра, бундай баёнотлар ортида сиёсий ёки геосиёсий ҳисоб-китоблар бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Асқар Ақаев ҳам, Ислом Каримов ҳам узоқ йиллар ўз давлатларини бошқарган раҳбарлар.

Уларнинг бошқарув услублари турлича баҳоланса-да, ҳар иккаласининг сиёсий мероси Марказий Осиё сиёсатида турли фикрларга сабаб бўлиб келади.

Ақаевнинг айтганлари эса оддий мақтов эмас, балки турли талқинларга сабаб бўлаётган, баҳсли ва кўп қиррали фикр сифатида қабул қилинмоқда.