You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия–Украина уруши: 'Агар Украина ёнса, Москва ҳам ёнади'ми?
- Author, Лаура Гоцци
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Москва уруш бошланганидан бери энг йирик Украина ҳужумига учради. Россия пойтахти атрофидаги нишонларга қарийб 200 та дрон зарба бериб, осмонга қалин тутун устунлари кўтарилди.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида 17 киши яраланган.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, бир сутка давомида мамлакат бўйлаб қарийб 1000 та дрон ва Украинага тегишли тўртта қанотли ракета тутиб қолинган ва йўқ қилинган. Жанубдаги Ростов вилоятида нефт омборига зарба берилиб, бир киши ҳалок бўлган.
Украина президенти Володимир Зеленский Киев яна Москва вилоятига «узоқ масофали санкциялар» қўллаганини айтди. Бу ибора Украина томонидан Россия ҳудудига узоқ масофадан берилган зарбаларни англатади.
"Бу урушни тугатиш вақти келди ва Россия дипломатия йўлида зарур қадамларни ташлаши керак", — деди у.
Унинг айтишича, кенг кўламли дрон ҳужуми ўтган ҳафта Россиянинг Киевга қилган зарбасига жавоб бўлган. Ўшанда шаҳарнинг муҳим диний обидаларидан бири ёнғин ичида қолган эди.
"Биз бу урушни хоҳламаймиз ва ҳеч қачон хоҳламаганмиз", — деди Володимир Зеленский.
"Агар Украина ёнса, Москва ҳам ёнади".
Москва жануби-шарқидаги Капотня нефтни қайта ишлаш заводига бир ой ичида учинчи, бир ҳафта ичида эса иккинчи марта зарба берилгач, ёнғинлар келиб чиққан ва осмонни қора тутун қоплаган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган кўплаб видеоларда кучли портлаш таъсирида йирик нефт сақлаш резервуарларидан бирининг қопқоғи ўнлаб метр баландликка учиб кетганини кўриш мумкин.
Хабарларга кўра, дрон қолдиқлари бинога тушганидан кейин яқин атрофдаги савдо марказида ҳам ёнғин чиққан. Бир нечта кўп қаватли турар жой бинолари эвакуация қилинган.
Москвадаги тўртта аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилган, 500 дан ортиқ рейс бекор қилинган ёки кечиктирилган.
Россиянинг турли ҳудудларида маҳаллий ҳокимиятлар дрон ҳужумларидан кейинги оқибатлар акс этган тасвирларни эълон қилишни тақиқлаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда кундузи осмонда учаётган дронлар ва Москва чеккасидаги саноат ҳудудларидаги портлашларни акс эттирувчи ўнлаб видеолар тарқатилди.
Москва Украинага қарши кенг кўламли босқин бошлаганига тўрт ярим йил бўлди. Украина фронтидаги машаққатли уруш эса кўплаб оддий россияликларнинг назаридан четда давом этмоқда.
Киевнинг Россия бўйлаб, жумладан Москва ва Санкт-Петербургдаги нишонларга узоқ масофадан берган зарбалари Зеленскийнинг уруш оқибатларини россияликларнинг ўзига ҳам ҳис қилдириш мақсадини кўрсатади.
Москвага дрон ҳужумлари Киевнинг узоқ масофага зарба бериш имкониятлари ошгани сари тез-тез такрорланмоқда. Украина дронлари Россия пойтахтига биринчи марта 2023 йил баҳорида етиб борган. Ўшанда ҳужумларда одатда бир нечта дрон ишлатилган, холос.
Шундан буён Москва атрофида кучли ҳаво мудофаа тизимлари ўрнатилди. Бироқ Украина ҳужумларда қўллаётган дронлар сони ҳам кескин ошди ва уларнинг айримлари ушбу мудофаа тизимларини ёриб ўтмоқда.
Киев берган маълумотига кўра, Россия ҳам бир кечада Украинага 200 дан ортиқ дрон ва бир нечта баллистик ракета учирган.
Россия президенти Владимир Путин ҳозир Қозонда Жануби-Шарқий Осиё давлатлари раҳбарлари иштирокидаги саммитда қатнашмоқда. У Москвага қилинган кенг кўламли ҳужум ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган.
Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига X тармоғида шундай деб ёзди:
"Бугун эрталаб москваликлар энг кўп бераётган саволлардан бири: 'Нима бўляпти?'"
"Мен бунга жавоб бера оламан. Мамлакатингиз бизнинг мамлакатимизга қарши босқинчилик уруши бошлаган. Бу уруш йиллар давомида одамларимизнинг ҳаётига зомин бўлиб келмоқда", - деб ёзди Сибига.
"Энди нима бўлаётганини билганингиздан кейин, Путиндан бу урушни қачон тугатмоқчилигини сўранг."