Ўзбекистон: Тошкент Халқаро инвестиция форуми нима учун муҳим?

Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Сармоя, сармоя ва яна сармоя – Ўзбекистонда сўнгги ўн йилликда энг кўп тилга олинадиган калима шу – инвестиция.

Ўзбекистон учун бу форум йирик иқтисодий тадбирдир, ТХИФ биринчи марта ўтаётгани йўқ. Форум илк бор 2022 йилда ташкил этилганида, унда дунёнинг 56 давлатидан 1000 дан зиёд хорижлик меҳмон қатнашган эди. Бу гал ташкилотчилар 99 мамлакатдан 8000 дан ортиқ иштирокчини кутишмоқда. Уларнинг 3100 нафарга яқини халқаро ташкилотлар, турфа ширкат ва давлатларнинг вакилларидир.

Меҳмонлар рўйхати айни форумнинг қанчалар нуфузи ортаётганини ҳам акс эттиради. Бу галги рўйхатда турфа мамлакатлардан келган мулозимлар, халқаро молия ташкилотлари вакиллари, йирик корпорациялар раҳбарлари, инвестиция жамғармалари бошқарувчилари ва бизнес етакчилари борлиги айтилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон учун бу тадбир хорижий капитални жалб қилиш ва жаҳон бозорлари билан алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим майдонга айланиб улгурган.

Форумда нималар бўлади?

Уч кунлик дастур расмий ва норасмий учрашувлар қоришмасидан иборат. Унинг доирасида марказий ялпи мажлис, тармоқлар бўйича тақдимотлар, икки томонлама музокаралар, нетворкинг (танишув ва алоқалар ўрнатиш) тадбирлари ҳамда келишувларни имзолаш маросимлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Форум билан параллел равишда ташкил этиладиган кўргазма Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги иқтисодий салоҳиятини намойиш этади. Унда нефт-кимё, ритейл (савдо), машинасозлик, электроника, қурилиш материаллари, металлургия, фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва бошқа устувор тармоқлар қамраб олинади. Бундан мақсад - инвесторларга мамлакатнинг турли ҳудудларидаги муайян лойиҳалар ва имкониятлар ҳақида аниқ тасаввур беришдир.

Энг муҳим тадбирлардан бири - Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлиси бўлади. Унда асосий эътибор инвестиция муҳитини яхшилаш, саноат ва технологик ривожланишни қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллий тадбиркорлар ва чет эллик инвесторлар учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилиши кутилмоқда.

Инвестиция келишувлари нега муҳим?

Форумнинг бош мақсади - янги инвестициявий битимларга эришиш. Ташкилотчиларнинг билдиришича, ҳозирда энергетика, транспорт, қурилиш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, молия, туризм ва таълим каби кенг қамровли соҳаларни қамраб олувчи йирик келишувлар пакети тайёрланмоқда.

Бу келишувлар Ўзбекистоннинг иқтисодий стратегиясида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳукумат янги лойиҳалар орқали иш ўринлари яратиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва инфратузилмани замонавийлаштиришни мақсад қилган.

Расмийлар форум шунчаки муҳокама майдони эмас, балки аниқ натижалар берадиган механизм бўлиши кераклигини таъкидламоқдалар. Аввалги форумлар доирасида ҳам йирик шартномалар имзоланган ва бу хорижлик инвесторларда ишонч уйғонишига хизмат қилган эди.

Очиқ маълумотларга қаралса, I Халқаро инвестиция форуми (2022 йил) якунлари бўйича қиймати $7,8 миллиардлик аниқ келишув ва шартномалар пакети имзоланган. II Халқаро инвестиция форуми натижаларида эса бу рақам 11 миллиард АҚШ долларига етган, 164 та ҳужжат ва шартномалар имзоланиши билан якунланган.

Мулоқотдан амалиётга

Сўнгги чиқишларидан бирида Президент Мирзиёев форумнинг муваффақияти шунчаки эътиборни тортиш билан эмас, балки эришилган келишувларнинг нечоғли самарали ижро этилиши билан ўлчанишини алоҳида қайд этди. У мутасаддиларга лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ механизмларини тайёрлаш ва битимлар имзоланганидан кейин уларнинг боришини назорат қилувчи тизим яратишни топширди.

Тақдимот масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Маҳаллий ҳокимият ва идоралар зиммасига умумий таклифлар эмас, балки пухта ишлаб чиқилган ва амалий аҳамиятга эга лойиҳалар орқали ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини кўрсатиб бериш вазифаси юклатилган.

Кенг минтақавий рол

Бу форум яна бир катта мақсадни - Ўзбекистон ва Марказий Осиёни иқтисодий ўсишнинг янги маркази сифатида кўрсатишни кўзлайди. Халқаро инвесторлар ва сиёсатчиларни бирлаштирган ҳолда, тадбир минтақанинг инвестиция кун тартибини белгилаш ва чегаралараро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳукумат ушбу форумни шунчаки бир марталик тадбир эмас, балки шерикликни йўлга қўйиш ва тараққиётни ҳаракатлантирувчи узоқ муддатли платформа деб билади.

Умумий манзара

Амалий жиҳатдан олиб қараганда, 2026 йилги Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг муваффақияти у тугаганидан кейинги натижалар билан ўлчанади. Агар келишувлар реал лойиҳаларга, иш ўринлари ва инфратузилмага айланса, бу тадбир Ўзбекистоннинг инвестиция учун жозибадор мамлакат сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.

Кузатувчиларга кўра, айни форум мамлакатнинг узоққа мўлжалланган стратегиясидан нишонадир: бу стратегия шунчаки диққат марказида бўлиш эмас, балки барқарор иқтисодий натижаларга эришишни назарда тутади.

Геосиёсий қарама-қаршилик фазосида мулоқот: Тошкент қандай қилиб кўприкка айланмоқда?

Бу йилги Тошкент халқаро инвестиция форуми фақатгина иқтисодий рақамлар ва шартномалар билан эмас, балки унда иштирок этаётган томонларнинг геосиёсий таркиби билан ҳам диққатга сазовордир. Форумда Россия ҳукумати вакиллари ва бизнеслари ҳам иштирок этмоқда.

Украина уруши манзарасида Ғарб ва Россия муносабатлари ҳамон таранг, Москвага боғлиқ деб кўрилган аксарият бизнеслар ва ширкатларга жазо чоралари амалда қолаётир.

Ғарбнинг жазо чоралари Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга тегишли айрим ширкатларга ҳам дахл қилаётгани маълум.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам дунёда кучли қутбланиш кузатилаётган бир пайтда, Тошкент форуми бир-бирига рақиб бўлган томонлар вакилларини бир майдонга олиб келмоқда.

Бу "бир майдонга" келишдан мақсад ўзаро рақиб бўлган томонларни "иқтисодий" ярашувига эришиш эмас. Тошкент ўзининг мустақил, кўп қиррали сиёсатини яна бир бор намойиш этиши ва алал-оқибат мамлакатга сармоялар оқимини кўпайтиришга эришини истайди.

Форум доирасида бир томондан АҚШ ва Европа Иттифоқининг йирик ширкатлари (масалан, Boeing, Air Products & Chemicals, Airbus каби корпорациялар), шунингдек, ЕТТБ, ХМК ва Жаҳон банки каби Ғарб молия институтлари фаоллик кўрсатаётган бўлса, иккинчи томондан минтақавий ва йирик давлатларнинг ҳукумат делегациялари ҳамда компаниялари қатнашмоқда.

Сиёсат ва иқтисодиёт - мувозанат омили нимада?

Кузатувчиларга кўра, бундай манзара Ўзбекистоннинг прагматик ва кўп векторли ташқи сиёсати маҳсулидир. Расмий Тошкент геосиёсий низолардан узоқлашган ҳолда, миллий манфаатларни биринчи ўринга қўйишга интилмоқда. Мамлакат бир вақнинг ўзида ҳам стратегик лойиҳаларни давом эттирмоқда, ҳам Ғарб капитали ва технологияларини фаол жалб қиляпти.

Бироқ, бундай "икки томонлама" майдон яратиш қанчалик иш беради? Таҳлилчилар бу борада икки хил фикрда:

Ижобий томони (Муваффақият омили): Бу формат Ўзбекистонга иқтисодий жиҳатдан муқобил вариантларни сақлаб қолиш имконини беради. Мамлакат ягона бозорга ёки инвестиция манбасига боғланиб қолмайди. Ғарб ширкатлари Марказий Осиё бозорига кириш орқали ўз таъсирини мустаҳкамлашга уринса, бошқа томонлар ҳам янги логистик ва иқтисодий имкониятлар сифатида Ўзбекистонга эҳтиёж сезмоқда. Натижада, иккала томон ҳам Тошкент таклиф қилаётган лойиҳаларда рақобатлашишга мажбур бўляпти.

Хавф ва хавотирлар: Энг катта қийинчилик - жорий этилган халқаро санкциялар ва чекловлар бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон расмийлари йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда Ғарб инвестициялари ва молиявий тизимларига зарар етказмаслик, яъни "нозик чизиқ" устидан юришга мажбур. Бу эса банк-молия ва юқори технологиялар соҳасидаги келишувларни жуда эҳтиёткорлик билан тузишни талаб қилади.

Тошкент форуми бугунги кунда сиёсий деворларни четлаб ўтиб, фақат иқтисодий манфаатлар тилида гаплашиш мумкин бўлган кам сонли халқаро майдонлардан бирига айланди. Аммо бу моделнинг узоқ муддатли муваффақияти Тошкент дипломатиясининг геосиёсий босимлар остида бу мувозанатни қанчалик сақлаб қола олишига боғлиқ бўлади.