You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Афғонистон: Толибон бошни, авратни ёптирмоқчи Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar
Толибон Афғонистонда қудратга қайтганига 100 кун тўлиши арафасида тартиб-қоидаларини янада қатъийлаштирди. Ўзининг саккиз банддан иборат янги йўриқномасини эълон қилди.
Янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, хотин-қиз журналист ва бошловчиларнинг экранда ёпинчиқсиз кўринишлари тақиқланди.
Телевизион сериалларда ҳам аёлларнинг албатта бошлари ёпиқ бўлиши шарт этиб белгиланди.
Аммо Толибон муваққати ёпинчиқ дейиш билан айнан нимани назарда тутаётгани ҳозирча маълум эмас.
Муҳим:
Алоқадор мавзулар:
Афғонистон Толибон ҳаракати шу йилнинг 15 август куни мамлакатни қуролли йўл билан эгаллаган.
7 сентябрь куни жамоатчиликка ўзининг муваққат ҳукуматини таништирган, Афғонистонни қайта Исломий Амирлик, деб эълон қилган.
Ўшанда Олий қўмондони, Олий диний, сиёсий ва ҳарбий лидери Мавлавий Ҳибатулла Охундзода номидан экани айтилган баёнотда янги ҳукумат ҳам Шариат қонунига амал қилишга ундалган.
Ҳаракат пойтахт Кобулда берган илк матбуот анжуманининг ўзидаёқ Афғонистон Исломий қадриятлар асосида бошқарилишини баён қилган.
Толибоннинг Афғонистондаги бўҳроний вазият сабаб тузганлигини айтган муваққат ҳукуматини шу пайтгача дунёнинг бирор бир ҳукумати қонуний, деб тан олмаган.
Толиблар жорий этаётган янада қатъийроқ тартиб-қоидалар аллақачон ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.
Айнан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари Толибон Афғонистонни қайта эгаллаши ортидан халқаро ҳамжамиятни энг кўп хавотирга солиб келаётган иккита муҳим масаладан биттаси бўлади.
Янги йўриқнома
Толибон муваққат ҳукуматининг янги йўриқномаси маҳаллий телевизион каналларда эълон қилинган.
Йўриқномадан саккизта янги тартиб-қоида ўрин олган.
Уларга мувофиқ, Исломий Шариат ва афғон қадриятларига мос келмовчи хорижий фильмлар намойиши тақиқланади.
Эркаклар танасининг аврат ҳисобланган қисми акс этган тасвирлар кўрсатилмайди.
Динни таҳқирловчи ва афғонлар учун ҳақоратомуз, деб саналган комедия ва кўнгилочар шоулар ҳам маън қилинади.
Толибоннинг таъкидлашича, чет маданиятни тарғиб қилувчи хорижий фильмлар намойиш этилмаслиги керак.
Афғонистон телевизион каналларида эса, асосан аёл қаҳрамонлар етакчилик қилувчи чет эл сериллари узатилади.
Афғонистондаги журналистларни намоён этувчи ташкилотдан Ҳужжатуллоҳ Мужаддидига кўра, Толибон муваққат ҳукуматининг янги чекловлари ўзлари учун кутилмаган бўлган.
Унинг Би-би-сига айтишича, айрим қоидалар амалий эмас ва агар ҳаётга тадбиқ этилса, телерадиокомпаниялар ёпилишга мажбур бўлиши мумкин.
Хавотирлар
Хотин-қизлар Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этади.
Толибон муваққат ҳукумати бундан аввал уларнинг таълим олишларини чеклаган, толиблар назорати остидаги Афғонистон бу каби қадамга борган дунёнинг илк давлатига ҳам айланганди.
Орада Кобул шаҳар ҳокими ҳам аёл ходималарининг ишга чиқишларини маън этган.
Эркаклар эплай олмайдиган вазифа бўлган тақдирдагина, ишлай олишлари мумкинлигини айтган.
Толибон муваққат ҳукумати ҳар икки чекловнинг вақтинчалик экани, фақат хотин-қизларнинг хавфсизликларини таъминлаш мақсадини кўзда тутганлигини даъво қилиб келади.
Журналистлар янги қоидаларнинг айримлари мавҳум экани ва турлича талқин этилиши мумкинлигини айтишмоқда.
Толибон Афғонистонда қудратга қайтганига саноқли ойлар бўлган эса-да, кўпчилик аллақачон уларнинг ўз чекловларини кескинлаштиришга ўтаётганидан хавотирда.
Ҳаракат Афғонистонни илк бор эгаллаган 90-йиллар бошларида мамлакатда ўзининг талқинидаги Шариатни ўрнатган, хотин-қизларнинг ишлаш ва таълим олишларини буткул маън этган. Уларнинг барчасини бирдек бурқага киритган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek