Шимолий Афғонистон: “130 аёлни сотиш”да айбланган эркак қўлга олинди - ишни Толибон ўрганмоқда Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Published

Ҳодиса шу кунларда Афғонистоннинг Туркманистонга чегарадош Жаузжон вилоятида юз берган. Эркак толиблар томонидан ҳибсга олинган ва аллақачон терговга ҳам тортилган.

Унинг қаерданлиги, ким экани, нима учун бу ишга қўл ургани ва бошқа шериклари ҳам бўлган-бўлмагани ҳозирча маълум қилинмаган.

Масъуллар томонидан гумондорнинг шахсига оид тафсилотлар ҳалича ошкор этилмаган.

Муҳим:

Алоқадор мавзулар:

Қисқача тафсилот

Жаузжон вилояти полиция бошқармаси бошлиғининг билдиришича, бу шахс бошқа вилоятлардаги ўзига тўқ одамларга пуллаш учун аёлларни алдаган.

Асосан пулга муҳтож ночор ва қашшоқ хотин-қизларни нишонга олган.

"Аввалига аёлларга бой эр топиб беришни ваъда қилган, кейин эса, уларни шунчаки сотган".

Маълум бўлишича, эркак шу ҳафта бошида Жаузжон маркази Шибирғон шаҳри чеккасида қўлга олинган.

Ҳибсга айнан нима туртки бергани ва масъуллар бу ишдан қандай хабар топишгани тафсилотлари ҳам ошкор қилинмаган.

Унинг қурбонига айлангани айтилаётган ўнлаб хотин-қизнинг кейинги тақдирига оид маълумотлар ҳам ҳалича очиқланмаган.

Толибон ҳозирча иш тафсилотларини ўрганаётганликларини айтиш билан чекланган.

Жаузжонлик масъуллар ҳам тергов ҳали дастлабки босқичда экани, якунига бориб, тўлиқ манзара ойдинлашишига умид қилаётганликларини билдиришган.

Афғонистон ва хотин-қизлар

Афғонистон дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлади.

Мамлакат аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилишади.

Аммо Афғонистон дунёнинг хотин-қизларнинг яшаши учун энг хавфли давлатларидан бири сифатида кўрилади.

Мамлакатдаги узоқ йиллик урушлар, иқтисодий бўҳронлар ва инсоний фалокатлардан энг кўп жабр кўриб келаётганлар ҳам айнан улар бўлишади.

Аксарият ҳолларда айнан аёллар оилаларнинг асосий боқувчилари бўлишади.

Лекин, шунда ҳам, Афғонистондан бу яқин йиллар ичида хотин-қизлар билан боғлиқ бу қадар кўламдаги ноқонуний одам савдосига оид хабарлар олинмаган.

Афғон хотин-қизларининг тақдири, йилларки, халқаро ҳамжамият диққат-эътиборидаги энг долзарб мавзулардан бири бўлади.

Афғонистонда Толибоннинг қудратга қайтиши эса, улар ҳуқуқларининг кафолати билан боғлиқ хавотирларнинг янада кучайишига сабаб бўлган.

Афғон аёлларининг бундан кейин қанчалик эркин таълим олиш ва ишлашга имконли бўлишларига оид саволларни қайта кун тартибига олиб чиққан.

Толибларнинг хотин-қизларнинг ҳуқуқлари борасида қилаётган баёнотлари ва бераётган ваъдалари ҳозирча халқаро ҳамжамиятни ишонтира олмаган.

Жаузжондаги эркак билан боғлиқ янгилик эса, худди шу каби бир вазиятда бўй кўрсатган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek