Украина: Киев туб аҳоли тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Путин уни русларга қарши оммавий қирғин қуроли деб атаганди - NATO Rossiya Ukraina Qrim dunyo yangiliklar

Published

Шахсан президент Владимир Зеленскийнинг ўзи муаллифи бўлган янги қонунга мувофиқ, руслар Украинанинг ерлик аҳолиси, деб тан олинмайди.

Украина Олий Радаси қонун лойиҳасини кўпчилик овоз билан ёқлади.

Янги қонун лойиҳасининг Олий Радага тақдим этилганига эса, ҳали бир ой ҳам бўлмаганди.

Унинг бунчалик тез овозга қўйилиши кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмади.

Украинада бошқарувда бўлган партия вакиллари эса, бунчалик шошқинлик сабабини Би-би-сига расмий Киевнинг янги қонунни 23 августгача кучга киритиш истаги билан изоҳлашди.

Украина худди шу куни, ўз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида "қрим платформаси" саммитини ўтказмоқчи.

Президент Владимир Зеленский ташаббускори бўлган мазкур халқаро платформадан мақсад эса, "Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш, Қрим ва Севастополнинг Россия томонидан муваққат ишғолининг оқибатларини аритиш" масаласини муҳокама қилишдир.

Шундай экан, Олий Радада янги қонун лойиҳаси муҳокамаси узоққа чўзилмаган.

Қисқа фикр алмашинувидан сўнг депутатлар катта кўпчилик овоз(325) билан уни ёқлаб, овоз беришган.

Овоз бериш натижасини ҳам қарсаклар билан олқишлашган.

Руслар ерлик аҳоли рўйхатига киритилмаганидан ғазабга келган Россия раҳбарияти бу қонун лойиҳасини кескин танқид қилиб келган.

Президент Владимир Путиннинг ўзи бу масалага бир неча бор эътиборини қаратган, Россия Давлат Думаси эса, махсус баёнот ҳам қабул қилганди.

Расмий Киевнинг таъкидлашича эса, янги қонуннинг халқаро меъёрларга зид ҳеч бир жиҳати йўқ, унга тўлиқ мос келади.

Янги қонунда Украина ҳудудида шаклланган, ўз тили, маданияти, урф-одати ва анъаналарига эга, ўз "она тили"даги давлат таълимини четда олмаган этник жамоаларгина мамлакатнинг туб аҳолиси сирасига киритилиши кўзда тутилган.

Қонун чиқарувчилардан бирининг аниқлик киритишича, ушбу мезонларга Қрим татарлари, шунингдек, кичик Қрим халқлари - карайит ва кримчаклар мос келади, уларнинг умумий сони икки минг кишидан ошмайди.

Шунга кўра, ўз давлатига эга бўлган руслар ёки, масалан, венгерлар, польяклар, яҳудийлар ва беларуслар эса, туб аҳоли сирасига кира олмасликлари айтилади.

Расмий Киев вакили сўзларига кўра, улар Украина ҳудудида миллий озчиликлар, деб саналишади ва уларнинг ҳуқуқлари алоҳида қонун билан ҳимояланади.

Зеленский жамоаси аъзоларининг айтишларича, бунга ўхшаш қонунлар дунёнинг кўплаб давлатларида, шу жумладан, Россиянинг ўзида ҳам амал қилади - халқаро тажриба ва БМТ нинг норматив ҳужжатларига тўлиқ мос келади.

Бу Россия Президенти Владимир Путин халқи билан куни-кеча ўтказган йиллик "Тўғридан тўғри мулоқоти" чоғида жавоб берган 68 та саволдан биттаси ҳам бўлган.

Худди шу қонунни назарда тутиб, Путин Украинанинг амалдаги раҳбарияти ўзларига "дўст эмас" эканини айтган.

Аммо Украина халқи ҳақида бундай деб ўйламаслигини таъкидларкан, Россия президенти, "умуман олганда, украинлар ва руслар битта халқ, деб ишониши"ни яна бир бор такрорлаб ўтганди.

Кўрилишича, унинг бу сўзларини Украина президенти ҳам беэътибор қолдирмаган.

Владимир Зеленский "украинлар руслар билан битта халқ эмас"лигини баён қилган.

"Агар, биз битта халқ бўлганимизда, Москвада гривна ишлатилиб, Давлат Думаси устида сариқ-кўк рангли байроқ ҳилпираб турарди. Шундай экан, биз аниқ битта халқ эмасмиз. Ҳар биримизнинг ўз йўлимиз бор", - дея таъкидлаган.

Би-би-си Рус хизмати мухбири Святослав Хоменко мақоласи асосида тайёрланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek