You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Бердимуҳамедов “ҳиндистонча – дельта” штаммдан хавотирдами – Туркманистон президенти махсус йиғилиш ўтказди koronavirus dunyo yangiliklar
Пойтахт Ашхободдаги йиғилиш Туркманистонга қўшни давлатлар ва Россияда эпидемиологик аҳвол жиддий ёмонлашган бир манзарада бўлиб ўтди.
Шу кунларда Ўзбекистон ва Қирғизистонда кундалик коронавирус ҳоллари яна орта бошлаган.
Ўзбекистонда бу рақамлар кунига 400 дан ошган, Қирғизистонда эса, бундан қарийб икки баробар кўпайган.
17 июнь куни Қирғизистонда 800 га яқин янги ҳолат қайд этилгани хабар берилган.
Туркманистон ва Ўзбекистонга бевосита чегарадош Афғонистонда эса, худди шу куни кундалик кўрсаткичлар 2300 дан ошгани маълум бўлган.
100 дан ортиқ бемор эса, коронавирусдан вафот этган, мамлакатда янги антирекорд қайд қилинган.
Пандемия тарихида Афғонистонда бунақаси бўлмагани айтилган.
Мавжуд ҳолат бу давлатларда коронавируснинг учинчи тўлқини бошланаётганига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Россияда эса, сўнгги ҳафталарда аҳвол кескин ёмонлашган.
Кундалик кўрсаткичлар қарийб 20 мингга чиққан.
Айниқса, пойтахт Москвада коронавирус юқтириш "портлаш" даражасига етгани айтилган.
Масъуллар аллақачон карантин чораларига қайтишган, коронавирусга қарши вакцинацияни мажбурий қилишган.
Россиядаги сўнгги вазиятга "дельта - ҳиндистонча штамм" сабаб бўлаётгани маълум бўлган.
Аммо шу пайтгача қолган бирор бир минтақа давлатидан "дельта" штамми кириб келганига оид хабарлар олинмаган.
Орада кечган вақт давомида коронавируснинг "британча", "жанубий африкача" ва "олма-отача" штамми аниқлангани расман тасдиқланган.
Туркманистон минтақанинг ҳали-ҳануз коронавирус расман қайд қилинмаган ягона давлати бўлади.
Гурбангули Бердимуҳамедов 18 июнь куни нега Касалликларга қарши курашиш бўйича фавқулодда комиссия йиғилишини ўтказгани сабаби маълум эмас.
Хабарларга кўра, жаҳонда коронавирус янги штаммларининг тарқалишидан хавотирда бўлган Туркманистон раҳбари мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигидан қилинаётган ишлар борасида ҳисоб беришини сўраган.
Вазир Нурмуҳаммет Аманнепесов президент Бердимуҳамедовга ҳисоб бераркан, янги штаммларнинг пайдо бўлаётгани ва дунёдаги оғир эпидемиологик вазият сабаб, Туркманистонда профилактика чораларини "кучайтириш зарур"лигини ҳам айтган.
Туркманистон президенти худди шу йиғилиш чоғида масъул вазирлик ва идораларга янги топшириқлар берган.
Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, келаси уч ҳафта давомида Туркманистонга келаётганлар мажбурий карантинга олинади.
Карантин муҳлатлари тугаши ортидан ҳам, улар уйда кузатиб борилади.
Чегара кесишув нуқталарида ҳам назорат кучайтирилади.
Коронавирусга қарши эмлаш ишлари ва ковидга қарши чет элда ишланган дори-дармонларни харид этишда давом этилади.
Аҳоли учун лозим миқдорда вакциналар сотиб олиш учун лозим миқдорда маблағ ҳам ажратилади.
Сўнгги ҳафталарда юзага келаётган коронавирус ва "дельта" штамми билан боғлиқ вазият юзасидан қолган бирор бир минтақа давлатида шахсан президентининг ўзи бошчилигида бўлиб ўтган йиғин ҳалича кузатилмаган.
16 июнь куни Қозоғистон президенти мамлакатидаги сўнгги эпидемиологик ҳолат ва вакцинация жараёнининг қандай кетаётгани билан қизиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан учрашгани расман хабар қилинган.
Аммо вазир Алексей Цой сўнгги ойларда Қозоғистонда коронавирусга чалиниш икки баробарига камайиб, мамлакатда аҳвол барқарор эканини айтиб, жавоб бергани маълум бўлган.
Қозоғистон минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган давлати бўлади.
Сўнгги кундалик кўрсаткичлар Қозоғистонда 900-1000 нафар атрофида экани кўрилади.
Тожикистон президенти эса, шу йил бошида коронавирус устидан "мутлақ ғалаба" қозонганликларини расман баён қилган.
Шу кунларда қайд қилинаётган янги коронавирус ҳолларига оид хабарлар ҳам мамлакат масъуллари томонидан рад қилинган.
"Дельта" штамми кириб келишининг олдини олиш учун Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ҳали май ойидаёқ қатор чора-тадбирларга қўл уришгани маълум бўлган.
Ҳар икки давлатда ҳам Ҳиндистондан келаётганлар учун икки ҳафталик карантин мажбурий қилинган.
Аэропортнинг ўзидаёқ уларнинг коронавирусга тест топширишлари ҳам шарт бўлиши айтилган.
Ўзбекистон устма-уст Ҳиндистонга мунтазам авиарейсларни ҳам вақтинчалик чеклаган.
Аммо барча Марказий Осиё давлатларидан сўнгги ҳафталарда "дельта" штамми шитоб билан тарқалиб бораётгани айтилувчи Россияга авиапарвозлар ҳануз амалда.
Шу йил март ойида Тошкент шаҳри ва вилоятида карантин чоралари кучайтирилган.
1 апрелдан бошлаб оммавий тадбирлар ўтказишга айрим чекловлар ўрнатилиши айтилган.
Россия Қирғизистон ва Қозоғистондан кейин, яқинда Ўзбекистон ва Тожикистон билан мунтазам рейсларни ҳам йўлга қўйган.
Ҳаво орқали борди-келдилар бошланиб кетган.
Мутахассислар "Дельта" штамми "альфа"сидан камида 40 фоизга юқумлироқ эканини тахмин қилишмоқда.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг куни-кеча эълон қилган расмий маълумотларига таянилса, "дельта" штамми шу пайтгача дунёнинг 80 давлатига кириб борган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek