Қозоғистон Россияга “йўқ” деди - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Published

Қозоғистон Россиянинг ғоясини рад этди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги "кутилмаган" баёнот берди.

Расмий Нур-Султон Россия билан қўшма санкциялар тўғрисидаги гап-сўзларни чиппакка чиқарди.

Россия Ташқи ишлар вазири муовини ўтган ҳафта баёнот билан чиққан.

Сўз Ғарбнинг Россия ва Беларусь каби ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо айрим давлатларга қарши санкциялари ҳақида кетган.

Александр Панкин иттифоқ Ғарбнинг бу санкцияларига қарши биргаликда жавоб бериш устида иш олиб бораётганини айтган.

Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига яна Арманистон ва Қирғизистон ҳам киради.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бунга жавобан шу дам олиш кунларида кутилмаган баёнот билан чиққан.

Яна бир бор ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқининг "сиёсийлаштирилиши"га қарши эканликларини баён қилган.

"Учинчи тараф томонидан киритилган санкцияларга жавоб дохил ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи шартномасидан ташқарида бўлган ташаббусларни муҳокама қилиш масаласида Ғарб санкциялари сиёсий важларга эга ва бутун иттифоққа эмас, алоҳида давлатларга қаратилган, деб ўйлашлари"ни баён қилган.

"Қозоғистон бошқа давлатлар жорий этган санкцияларга қарши ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқининг қўшма жавоб чораларига оид бирор бир музокараларга бош қўшмаганлигини алоҳида таъкидлашни исташлари"ни билдирган.

Қозоғистон Россия билан ҳали-ҳануз жуда яқин сиёсий ва иқтисодий алоқаларга эга.

Аммо Россия баробарида Ғарб ва Хитой каби қудратли қўшнилари билан ҳам тенг сиёсат юритиш, алоқаларини мустаҳкам ушлашга ҳаракат қилади.

Ўз таъбирича, кўпқутбли ташқи сиёсатига содиқ иш тутади.

2016 йилги АҚШ сайловидаги иштироки, кибер ҳужумлар, Украина можаросида тутган ўрни ва яна қатор омиллар туфайли расмий Вашингтон шу йил апрель ойида Россияга қарши янги санкциялар киритган.

Байденнинг санкцияларга оид буйруғи билан Россия билан муносабатларда "фавқулодда ҳолат" ҳам жорий этилган.

Европа Иттифоқи эса, ўтган ҳафта Беларусни жазолашга қарор қилган.

Иттифоқ ўз ҳаво ҳудуди ва аэропортларини Беларусь самолётлари учун ёпган.

Бунга Беларуснинг халқаро йўловчи самолётини Минскка қўндириб, унинг бортида бўлган президент Лукашенко танқидчисини ҳибсга олиши сабаб бўлган.

Аксарият таҳлилчилар ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига расмий Кремлнинг геосиёсий мақсадларни кўзда тутган улкан лойиҳаси сифатида қарашади.

Қозоғистон аввалбошдан Россия шамсияси остидаги бу иттифоқнинг "сиёсийлаштирилиши"га қарши эканини ошкора баён қилиб келган.

Айниқса, президент Қасим-Жомарт Тоқаев қудратга келиши ортидан, расмий Нур-Султоннинг бу оҳангги янада кучайган.

Қозоғистон раҳбари томонидан айни шундай мазмундаги эътироз ўтган йил иттифоқ беш йиллик янги стратегиясининг қабул қилинишини ҳам ортга сурган.

Худди шу манзарада россиялик сиёсатчиларнинг Қозоғистон ерларига даъвогарлик қилиб чиқишлари фаоллашган.

Уларнинг бу каби даъволари Қозоғистон ичкарисида кескин акс-садоларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Қозоғистонлик айрим таниқли сиёсатчилар бу Россия ҳокимиятининг "кучайиб бораётган янги империячилик синдроми"нинг ифодаси эканини айтишган.

Зиёли, фаоллар ва айрим мухолифат вакиллари эса, буни шундай қолдирмасликка даъват қилиб чиқишган.

Қозоғистон Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиши ва "Бойқонур"нинг ижарасини тўхтатиб қўйиши кераклигини айтишгача боришган.

Президент ва Элбошини бу даъволарга қарши "очиқча муносабат" билдиришга ундашган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, Россия томонига бу хусусда расман норозилик нотаси юборган.

Бунга ўхшаш баёнотлар алал-оқибат ўзаро муносабатларига "жиддий зиён" етказиши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

Мазкур воқеълик ҳам ўзининг анчайин ғайриодатий экани билан Қозоғистоннинг айни мазмундаги даъволардан қанчалик жиддий хавотирда эканига далолат қилмай қўймаган.

Буларнинг барчаси ортидан, Қозоғистон президенти ҳам россиялик айрим сиёсатчиларнинг айни мазмундаги иддаоларига ўз муносабатини билдирган.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигини савол остига олувчи "иғвогорона амал"ларга мамлакати расман қарши туриши кераклигини айтган.

"Табаррук заминлари ўзларига ота-боболаридан мерос қолгани"ни таъкидлаган.

"Қозоқларга бу улкан ҳудудларни ҳеч ким бермагани"ни баён қилган.

"Яна бир бор мамлакатнинг миллий манфаатларини ҳам "нон" ва ҳам "тош" билан ҳимоя қилишга ҳозир туришлари лозимлигини таъкидлашни исташи"ни айтганди.

Қозоғистон Россиянинг минтақадаги энг йирик стратегик иттифоқчиларидан бири бўлади.

Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра эса, Тоғли Қорабоғда юз берган сўнгги ҳодисалар Москванинг нафақат жанубий Кавказ, балки бутун постсовет ҳудудидаги таъсири учун ҳақиқий геосиёсий фожеа бўлган.

Россиянинг ўз томорқасидаги таъсири хавф остида қоларкан, ўзининг бор диққат-эътиборини Марказий Осиёга қаратишга ўтган.

Уларга кўра, айнан Марказий Осиё постсовет ҳудудидаги энг катта географик ва демографик ҳудуд бўлади.

Ўзбекистон ҳалича ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзо эмас, ўтган йил охирида мазкур ташкилотга кузатувчи мақомида қабул қилинган.

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи - Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд асосида ташкил этилган.

Мазкур иттифоқ халқаро иқтисодий интеграция бирлашмаси сифатида кўрилади.

2015 йилнинг 1 январидан буён ўз фаолиятини юритиб келади.

Жорий пайтда Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон мазкур иттифоқнинг тўлиқ аъзолари саналишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek