You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромов оламдан ўтди
Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромов 76 ёшида Тошкентдаги уйида вафот этди.
Рафиқаси 3 май куни эрталаб соат 7 ларда Сурат аканинг юраги уришдан тўхтаганини айтди.
Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтказилмаган Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳининг раҳбари Сурат Икромов маҳаллий давлат органлари ва жамоатчилик, халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистондаги хориж давлатлари ваколатхонлари ҳурматига сазовор бўлган ҳуқуқбон эди.
Сурат Икромов 1945 йили Тошкент шаҳрида туғилган.
Мутахассислиги бўйича радио алоқа ва радио эшиттиришларни эфирга узатиш бўйича инженер бўлган.
У босмахонада ишлаган, фотомухбир сифатида суратлари газеталарда эълон қилинган.
Сурат Икромов 2002 йили Ўзбекистон Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳига асос солган, Ташаббус гуруҳининг инсон ҳуқуқлари вазиятига доир ҳисоботлари ҳам Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва ҳам халқаро ташкилотлар, Ўзбекистондаги дипломатик корпус расмий мулозимлари томонидан ўта жиддий қабул қилинарди.
2003 йил августида ниқобли шахслар Тошкентнинг Кўкчасида Сурат Икромовга ҳужум қилишади.
Бошига қоп кийгизиб, қўллари боғланган ҳолда Тошкент шаҳри ташқарисида дарё бўйида қолдиришади, "Жигули"сига ўт қўйишади.
Дўппослангани оқибатида инсон ҳақлари фаолининг бир неча қовирғаси синган.
Ушбу ҳужум ва бошқа тазйиқ ва босимларга қарамасдан, Ташаббус гуруҳи Ўзбекистондаги инсон ҳақларини ҳимоя қилишда давом этди, ҳибсга олиш, дастлабки тергов, суд ва қамоқхоналардаги инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолатларини оммага ошкор қилиб келди.
Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи Ўзбекистондаги кўплаб диндор мусулмонлар ҳуқуқларининг топталишига қарши чиқди.
2018 йили Сурат Икромов юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилган эди.
Саломатлиги ёмонлашганига қарамасдан, Сурат ака фаолиятини давом эттирди, у ўтган йили Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, коронавирус вазияти туфайли оғир аҳволга тушиб қолган Россиядаги меҳнат мигрантлари учун чартер рейслари ташкил қилиш чақириғи билан чиққан эди.
Би-би-си Ўзбек хизмати Сурат Икромовнинг яқинларига таъзия изҳор қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek