"Улар келажакни яксон этишди". Фаластинликлар Қуддусдан қандай қувилмоқда?

    • Author, Ёланд Кнелл
    • Role, Қуддусдаги Яқин Шарқ бўйича мухбир
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Қуддуснинг девор билан ўралган Эски шаҳри этагида бузилаётган уй шовқини эшитилади. Тепаликдан туриб Исроилнинг йирик экскаватори бир фаластинликнинг уйини бузаётганини кузатаман.

2023-йил охиридан бери Силвон маҳалласининг ал-Бўстон ҳудудида 59 га яқин уй вайрон қилинди. Дунё эътибори Ғазодаги, эндиликда эса Эрон ва Ливандаги урушга қаратилган бир пайтда, шаҳарнинг Исроил босиб олган шарқий қисмида ўз уйларидан қувиб чиқарилаётган фаластинликлар сони кескин ошди.

"Келажак йўқ. Улар келажакни ҳам, бошқа ҳамма нарсани ҳам яксон қилди", дейди 58 ёшли Фаёз Авад. Мен унинг олдига борганимда, у ўз уйининг омон қолган ягона қаватида ўтирарди.

"Бу уйни қуриш учун бутун умримизни сарфладик. Ҳаётда эришганимиз фақат шу эди. Улар мени ва фарзандларимни яна бошланғич нуқтага қайтаришди".

Яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар учун муқаддас бўлган Қуддус Исроил-Фаластин можароси ва бу ерларга эгалик даъволари марказида турибди. Исроил 1967-йилги Яқин Шарқ урушида Иорданиядан Ғарбий Соҳилнинг қолган қисми билан бирга шаҳарнинг шарқий қисмини, жумладан, муқаддас жойларини ҳам босиб олган ва кейинчалик уни аннексия қилган.

Тахминан 20 йилдан бери Исроилнинг Қуддус муниципалитети ал-Бўстонни яҳудий келгиндилар ташкилоти бошқарадиган, Библиядагидек "Қирол боғи"га айлантириш режаларини амалга оширмоқда. Сўнгги пайтларда бу ердаги тор кўчаларда Исроил судлари чиқарган бузиш ҳақидаги қарорлар ижроси тезлашди.

Босиб олинган ҳудудларда аҳоли пунктларини қуриш ва аҳолини мажбуран кўчириш халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний.

Қуддус муниципалитети Би-би-сига берган баёнотида "шаҳар аҳолисининг барча қатламлари манфаати учун" ишлаётганини ва "очиқ жамоат жойлари етишмайдиган ҳудудда боғ қуришни" режалаганини айтди.

Фаластинликлар таъкидлашича, улар учун Шарқий Қуддусда Исроилдан қурилиш рухсатномасини олиш деярли имконсиз. Исроилнинг "Бимком" инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, 2023 йилда Қуддусда тасдиқланган янги уй-жойларнинг атиги 7 фоизи шаҳар аҳолисининг қарийб 40 фоизини ташкил этувчи фаластинликлар учун ажратилган. Ал-Бўстон аҳолиси айтишича, уларнинг режалаштириш бўйича муқобил таклифларини маҳаллий ҳокимият рад этган.

Бугунги кунда бу ердаги уйларнинг ярми бузиб ташланган. Бузиш ҳақида буйруқ олган кўплаб аҳоли муниципалитет соладиган ва одатда ўн минглаб долларни ташкил этувчи катта харажатлар ва жарималардан қочиш учун ўз мулкларини ўзлари бузишни афзал кўрмоқда.

"Яқин ойларда қолган уйларни ҳам бузишлари ҳақида огоҳлантиришлар оляпмиз", дейди маҳаллий фаол Фахри Абу Диаб. Унинг уйи аввалроқ бузиб ташланган, энди эса хотини иккисини вайроналар ёнига ўрнаштирган вагончадан ҳам ҳайдаб чиқариш билан қўрқитишмоқда.

"Исроил бу масалага нуқта қўйиш учун геосиёсий вазиятдан фойдаланмоқда. Бу жуда оғир ва азобли, халқаро ҳамжамият эса бизни ёлғиз қолдирди", дея давом этади Абу Диаб. "Муниципалитет бизга қарши булдозерлар урушини олиб бормоқда".

Исроил Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда 700 минг яҳудий истиқомат қиладиган 160 га яқин аҳоли пунктини қурган.

Аксарият исроилликлар бутун Қуддусни ўзларининг ягона пойтахти деб билишса, фаластинликлар шаҳарнинг шарқий қисми ўзлари умид қилаётган келажакдаги мустақил давлатнинг пойтахти бўлишини истайди. Исроилнинг ҳозирги ҳукумати Фаластин давлатчилиги ғоясини "дафн этиш"га ваъда берган ва шу йўналишда чоралар кўрмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, 200 га яқин фаластинлик хонадон – тахминан 900 кишини кўчиртиришни талаб қилиб, асосан келгинди яҳудийлар Исроил судларига мурожаат қилган.

Исроил 1948-йилда давлат тузилишидан олдин яҳудийларга тегишли бўлган мулкларни тортиб олишга имкон берувчи қонунлардан фойдаланади ва шу тариқа келгиндиларнинг кўчиб келишига шароит яратади. Айни дамда бу жараён ал-Бўстон яқинидаги Силвоннинг Батн ал-Ҳава деб номланган бошқа бир қисмида содир бўлмоқда. У ерда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган фаластинлик оилалар энди "ноқонуний босқинчилар" деб ҳисобланмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Исроил қонунчилиги фаластинликларга Исроил ҳудудида ўзларига тарихан тегишли бўлган мулкларни қайтариб олишга рухсат бермайди.

Силвоннинг асосий муқаддас маскан – мусулмонлар учун Ҳарам аш-Шариф, яҳудийлар учун эса Маъбад тоғи деб номланган ал-Ақсо масжиди мажмуасига яқин жойлашгани унинг Исроил ҳукумати ва келгинди гуруҳлар учун аҳамиятини белгилайди. Бу жой иудаизмда энг муқаддас, исломда эса учинчи муқаддас қадамжо ҳисобланади.

"Силвон "Довуд шаҳри" деб аталган жуда муҳим ерда жойлашган", дейди Исроилнинг келгинди яҳудий манзилгоҳларига қарши курашувчи Peace Now нодавлат ташкилоти ходими Ёнатан Мизраҳи Исроил археологик лойиҳасига ишора қилиб. Амалга оширилаётган "режанинг бир қисми яҳудий ривоятига, яҳудийларнинг бу заминга мансублигига урғу берувчи сайёҳлик ҳудудини яратишдан иборат".

"Биз келгиндилар кўпаяётганини ва, афсуски, тобора кўпроқ фаластинликларнинг бу ерни тарк этишга мажбур бўлаётганини кўряпмиз".

Эски шаҳарнинг насроний ва мусулмонлар даҳаларида Исроил байроқлари ҳозирда келгиндилар яшаётган биноларни белгилаб турибди. Шундай байроқлардан бири яна бир шов-шувли кўчириш иши билан боғлиқ диний-миллатчи яҳудий мактаби – йешива ёнига ўрнатилган.

Бу ерда XX-аср бошларида ташкил этилган асл йешива 1929-йилда Британия мандати давридаги йирик мазҳаблараро тўқнашувлар пайтида ташлаб кетилган. Аммо фаластинлик мусулмон қоровул Муҳаммад Баша Абдулғани бинонинг бир қисмида яшашига рухсат берилгани эвазига уни омон сақлаб қолган.

Энди Исроил Адлия вазирлигининг бир бўлими очган иш бўйича Қуддус судлари Баша оиласининг қолган ўнлаб аъзолари (уларнинг аксарияти кексалар) бу ердан кетиши керак, деган қарорга келди. Ҳозирги йешива ўз ўқувчилари учун қўшимча жой кераклигини даъво қилмоқда.

"Энди нима қиламиз?", дейди Абдулғанининг 76 ёшли ўғли Муфид Баша ўзининг кичкинагина хонадонида. "Бизнинг борадиган бошқа жойимиз йўқ. Бу ягона бошпанамиз".

У Исроил Шарқий Қуддусни эгаллаганидан сўнг отаси дахлсиз тарихий йешива калитини топширганида уни қандай олқишлашганини эслайди. Ичкаридан минглаб диний матнлар топилган эди.

"Отам китобларни ҳам, бинони ҳам – ҳаммасини қандай бўлса, шундай сақлаган", дейди Муфид Баша. "Бизга берилган "совға" эса шу бўлди!"

Ҳозирги йешиванинг раввини эса Би-би-сига изоҳ беришдан бош тортди.

Яқинда Қуддус округ суди Баша оиласини кўчиришни вақтинча тақиқловчи буйруқ чиқарди ва ҳозирда уларнинг апелляция бўйича сўровини кўриб чиқмоқда.

Фаластинликлар Шарқий Қуддусдаги уйларидан мажбуран чиқариб юборилиш хавфига дуч келаётган бир пайтда, шаҳар ичида улар кўчиб ўтиши учун жой танқис.

"Бимком" ташкилотининг яқинда эълон қилган ҳисоботида, 2018-йилда Шарқий Қуддусда жорий этилган ерни рўйхатга олишнинг янги тартиби ерларни олиб қўйиш ва фаластинликларни сиқиб чиқариш учун қўл келаётгани таъкидланган.

"Бугун Қуддусдаги фаластинликлар ўзларини ҳатто ўз уйларида ҳам хавфсиз ҳис қилмасликларини билишади", дейди Исроилнинг яҳудий келгинди манзилгоҳларига қарши курашувчи бошқа бир нодавлат ташкилоти "Ир Амим" тадқиқотчиси Авив Татарский. Бу гуруҳ Қуддус исроилликлар ва фаластинликлар учун умумий шаҳар бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

"Исроил ҳукумати учун ҳеч қандай чеклов қолмади", деб давом этади Татарский. "Улар шаҳарда яҳудийлар устунлигини мустаҳкамлашга шошилмоқда, улар фаластинликларнинг ҳуқуқларига ва ҳатто уларнинг Қуддусда мавжудлигига ҳам тоқат қилмайди".

Сўнгги ҳафталарда Қуддус туман режалаштирувчилари Шарқий Қуддусдаги Шайх Жарроҳ маҳалласига кираверишда улкан ултра-ортодокс йешивасини қуриш бўйича узоқ вақтдан бери кечиктирилган ва ўта баҳсли лойиҳани маъқуллади.

Сўнгги ҳафталарда Қуддус туман режалаштирувчилари Шарқий Қуддусдаги Шайх Жарроҳ маҳалласига кираверишда улкан ултра-ортодокс йешивасини қуриш бўйича узоқ вақтдан бери кечиктирилган ва ўта баҳсли лойиҳани маъқуллади.

Исроил ҳукумати, шунингдек, Эски шаҳар ичида, ал-Ақсо масжиди мажмуаси ёки Маъбад тоғига кириш йўлидаги Занжирли дарвоза яқинида фаластинликларга тегишли ўнлаб мулкларни мусодара қилиш масаласини ўрганиш учун идоралараро гуруҳ тузди.

Ал-Бўстон маҳалласига қайтиб, хорижий дипломатлар иштирокидаги саёҳатга қўшилдим. Маҳаллий фаластинликлар халқаро ҳамжамиятни халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилишга ва уларга ўз уйларида қолишга ёрдам беришга чақирмоқда.

Европа Иттифоқи яқинда Шарқий Қуддусдаги ва, хусусан, Силвандаги вазиятни "ўта оғир" деб баҳолаган баёнотни эълон қилди.

"Европа Иттифоқи Исроилнинг аҳоли пунктлари сиёсати ва фаолиятига қатъий қарши эканини яна бир бор таъкидлайди", дейилади унда.

Дипломатлар билан сўнгги учрашув тўшакка михланиб қолган 97 ёшли Юсра Қвайдер хонадонида бўлди. Унинг оиласи 1948-йилда Яффадан қочган, шундан бери уч марта кўчирилган. Энди эса унинг эллик йилдан бери яшаб келаётган уйига кўчириш ҳақида билдиришнома келган.

"Улар бизни бу ердан ҳайдаб чиқармоқчи", дейди Юсра менга. "Мен касалман, юра олмайман. Умидимиз Худодан".