Ўзбекистон, Сурат Икромов: Дахлсизлик қонуни ишлаши учун суд ва прокуратура мустақил бўлиши, адвокатура роли оширилиши керак

Published

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромовнинг Би-би-сига айтишича, ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилган, қонунга зид амалларга қўл урган амалдорларни жавобгарликка тортиш учун прокуратура ва суд қайсидир "бошқа идора" буюртмасини сўзсиз бажармайдиган - мустақил тизимга айланиши, дастлабки тергов ва ундан кейинги жараёнларда адвокатнинг ўрни терговчи ё прокурорники билан тенг бўлмоғи лозим.

Бусиз прокурор ва хавфсизлик хизмати ходимини дахлсизликдан маҳрум этишнинг самараси кам бўлади, адолатли судни барпо этиш учун кўп иш қилишга тўғри келади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг охирги кунларида "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолади, қонун матбуотда эълон қилинган санасидан кучга кирди.

Қонундаги асосий ўзгариш Ўзбекистондаги прокуратура ва Давлат Хавфсизлик хизматида фаолият юритаётган ходимларнинг дахлсизлиги қисқартирилгани бўлди.

Янги қонунга биноан, прокуратура ва ДХХ ходимларини маъмурий жавобгарликка тортиш учун юқори турувчи раҳбарнинг розилиги талаб қилинмайди.

Прокуратура ва ДХХ ходимлари дахлсизлигини қисқартиришга бағишланган янги қонунни шарҳлар экан, Ўзбекистондаги Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов ҳар қандай жараёнда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этилиши муҳимлигини урғулайди.

"Бу(янги дахлсизлик қонуни) иш беради, қачонки жараёнлар очиқ, ёруғ бўлса. Давлат томонидан тайинланган адвокат эмас, мустақил адвокатнинг иштирок этиши таъминланса. Ўшанда терговдаги қонун бузилиш ҳолларини кўрган адвокат бу ҳақда прокурорга ёзишга ҳақли бўлади. Унда прокурор жавоб бериши талаб қилинади. Ҳозир қандай? Ҳозир бизда адвокатнинг кучи йўқ, авдокатнинг роли четга суриб қўйилган. Адвокатнинг роли юқори бўлса, унда ўзгариш бўлади", дейди Сурат Икромов.

Аммо Ўзбекистонда давлат идораси мансабдорлари устидан маҳкамаларни ёпиқ ўтказиш амалиёти кенг тарқалган. Миллий Хавфсизлик ёки прокуратура тизимларида ишлаган зобитларнинг судларини доим Ҳарбий судда ўтказишга қарор қилинган, маҳкама тафсилотлари кўпинча кенг оммадан сир тутилган. Доим судни ёпиқ ўтказишга қарор қилинганининг сабаби жиноят ишида давлат сири мавжудлиги билан тушунтирилган. Бундай вазиятда қандай қилиб очиқ-ошкора суд ҳақида гапириш мумкин?

"Жиноятда қандай давлат сири бўлиши мумкин?", - дея саволга савол билан жавоб қайтаради Сурат Икромов.

"Жиноят - бу жиноят. Мисол учун бир ходимни жиноят содир этишда айблашяпти. Бу ишга давлатга алоқаси бор тарафидан қаралмайди-ку. Шунинг учун судни жамоатчиликдан яшириб, "давлат сири бўлгани учун ёпиқ ўтказишга қарор" қилиниши - бу бир баҳона. Ана шу баҳона туфайли МХХнинг айрим ходимларини ноҳақдан қамаб юборилгани билан боғлиқ суд ишларига ҳеч ким аралашолмас эди. Ҳарбий суд, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ёки журналистлар суд жараёнига қўйилмасин, деб вето қўярди. Ахир у ерда давлат сирининг ўзи йўқ. Фақат ўша зобитнинг ўз мансабини суистеъмол қилгани билан боғлиқ сир бўлиши мумкин, холос. Бу ҳам камдан-кам ҳолларда. Айнан мана шундай баҳона билан қанчадан-қанча айбсиз одамларни қамаб юборишди, улар неча йиллардан буён қамоқда ўтиришипти ", дейди Сурат Икромов.

Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбарининг айтишича, яқин-яқингача ҳам хавфсизлик хизмати ходимининг дахлсиз бўлгани олдинги МХХ юқори лавозимли мулозимларининг сохта буюртма жиноят ишларидан муҳофаза қилолмаган.

"Бундай судларни "заказ" деймиз. Судларга заказ берилаверган, судлар ноқонуний ҳукмларни чиқариб беришга мажбур бўлганлар. Прокурорлар эса билишган қонунга хилоф равишда айб қўйилганини, лекин жиноят иши ҳал бўлгани ҳақида қўл қўйиб бераверганлар. Мана шу ерда прокурорлар қонун асосида иш кўришлари керак эди. Судьяларимиз эса ҳали мустақил эмас бизда", дейди Сурат Икромов.

Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи охирги йилларда ўзларига ўнга яқин собиқ МХХ зобитлари ноҳақдан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамаб юборилганлари ҳақида шикоятлар келиб тушганини маълум қилади.

Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин Ўзбекистондаги узоқ йиллар давомида халқаро ташкилотлар томонидан абгор деб таърифланиб, танқид қилиб келинган инсон ҳуқуқлари вазияти яхшилангани кузатилди.

Ўзбекистон раҳбари МХХ, суд, прокуратура тизимлари фаолиятларини кўп бор танқид қилди, бу соҳаларда ҳам ислоҳотлар бошланган.

2018 йил мартида Миллий Хавфсизлик хизмати Давлат Хавфсизлик хизмати деб ўзгартирилди.

Ўзбекистон Бош Прокурори ва Давлат Хавфсизлик хизмати раислари лавозимларини эгаллаган Ихтиёр Абдуллаев 2019 йилнинг бошида ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди, 2019 йил сентябрида 22 мансабдор устидан Ўзбекистон Ҳарбий Суди узоқ йиллик қамоқ жазолари ҳукмларини чиқаргани эълон қилинди.

Ўзбекистон Олий Суди матбуот хизматига кўра, мансабдорлар жиноий уюшма тузганлар, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш каби қатор жиноятларни содир этишда айбдор деб топилганлар.

22 мансабдор устидан ҳам суд жараёнини ёпиқ ўтказишга қарор қилинди, бунинг сабаби жиноят ишида давлат сири билан боғлиқ маълумотлар мавжудлиги билан тушунтирилди.

Шунинг учун ҳам инсон ҳақлари фаоллари айбдорларнинг бўйинларига қўйилган айбловлар ўз исбот-далиллари билан суд жараёнида чиндан тасдиқланган ёки тасдиқланмаганидан бехабарликларини айтадилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek