You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ливан мотамда: Байрут портидаги портлаш камида 100 инсонни ўлдирган - янгиланди
Ливан мотамда: Пойтахт Байрутни зир титратган улкан портлаш камида юз инсон умрига зомин бўлди.
Сешанба куни шаҳар бандаргоҳида содир бўлган портлаш яна тўрт мингдан кўпроқ одамни ҳам жароҳатлаган.
Тасвирга тушиб қолган улкан портлаш порт узра баҳайбат қўзиқоринсимон булутдек осмонга ўрлайди.
Портлаш содир бўлган сониялар. Видео:
Ливан ҳукумати икки ҳафталик фавқулодда ҳолат эълон қилмоқда.
Бугун, чоршанба кунидан бошлаб мамлакат бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилинди.
Фалокат оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат 50 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ ажратмоқчи.
"Биз йирик фалоатга гувоҳ бўлиб турибмиз" - деди Ливандаги Қизил Хоч вакили Жорж Кеттани маҳаллий матбуотга гапириб.
"Ҳамма ёқда қурбонлар ва жабрланганлар".
Ҳозиргача 100 нафардан кўпроқ инсоннинг ҳалок бўлгани аниқланган.
Қутқарув гуруҳлари вайроналар остидан тирик қолганлар ва жасадларни излашмоқда.
Нозик палладаги портлаш
Ливан раҳбарияти бундай улкан портлашга нима сабаб бўлганини ўрганиш учун текширув бошлашганини айтишмоқда.
Жавобгарлар жуда қаттиқ жазо олиши айтилмоқда.
Аммоний нитрати ёки аммиакли селитра ҳали 2013 йили Байрут портида бир кемадан мусодара қилинган ва тушириб олинган.
Расмийларнинг айтишича, 2750 тонна аммоний нитрати ёки аммиакли селитра ўшандан бери олти йил давомида хавфсизлик қоидаларига риоя этилмасдан портдаги омборхонада сақланган.
Ушбу портлаш коронавирус инқирози туфайли Ливан иқтисодий қийинчиликка юз тутиб турган пайтда содир бўлди.
Айни пайтда, сиёсий вазият ҳам анча таранг: шу жума куни собиқ Бош вазир Рафиқ Ҳаририйнинг 2005 йили ўлдирилишига оид маҳкама ҳукми ҳам кутилмоқда.
Нима бўлган?
Портлаш сешанба куни маҳаллий вақт билан кечки соат 1800 атрофида содир бўлган.
Воқеа жойидаги Би-би-си мухбири жасадлар ва зарар кўрган бинолар ҳақида айтди.
Зарар шунчалик каттаки, у айрут порти фаолиятини бутунлай тўхтатиб қўйиши мумкин.
Маҳаллий матбуот харобалар остида қолган одамларни кўрсатди.
Видео тасвирларда вайрон бўлган автомашиналар ва биноларни кўриш мумкин.
Бир гувоҳ портлаш овози кучлилигидан қулоғи битиб қолганини айтади.
Касалхоналар ярадорларга тўлиб кетган.
Портлаш кучини воқеа жойидан 240 км узоқда, Кипр оролида ҳам одамлар ҳис қилишган.
Кипрликлар зилзила бўлди, деб ўйлашган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek