Ливан пойтахти Байрутда кучли портлаш рўй берди, ярадорлар ва қурбонлар бор (видео)

Published
Ўқилиш вақти: 1 дақ

Ливан пойтахти Байрутда кучли портлаш рўй берган.

Шаҳарга жиддий зарар етган. Қурбонлар ва ярадорлар борлиги айтилмоқда.

Портлашга нима сабаб бўлгани Тошкент вақти билан кеч соат 10 яримга қадар маълум эмас.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда қўзиқоринсимон йирик портлаш манзарасини кўриш мумкин.

Бинолар вайрон бўлган.

Шифохоналар яраланганлар билан тўлгани айтилади.

Портлаш мамлакат оғир иқтисодий вазият туфайли зиддиятлар гирдобида қолаётган бир пайтда рўй берган.

2005 йилда Ливаннинг собиқ Бош вазири Рафиқ Ҳаририй ўлдирилиши юзасидан маҳкама ўз ҳукмини ўқиши кутилмоқда.

Жума куни БМТ маҳкамаси Ҳаририйни ўлдиришда айбланаётган тўрт шахс устидан ҳукм чиқариши режаланган.

Рейтерс ахборот агентлиги хабарига кўра, камида ўн кишининг жасади вайроналар орасидан чиқариб олинган.

Би-би-сининг портлаш рўй берган минтақадаги мухбирига кўра, кўчаларда жасадлар ётибди, бандаргоҳга етказилган зарар туфайли у умуман ишдан чиқиши мумкин.

Бандаргоҳдаги йирик бино ер билан яксон бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek