Дунё: Қишлоқда яна бир халта пул топилди. 12 марта!

Published

Беш йилдан бери Блэкхолл Кольерида энг кўзга кўринган жойларда пул солинган халтачалар пайдо бўлади. Кимдир 2000 фунт (2600 долларга яқин) пулни ташлаб кетади. Душанба куни пиёдалар йўлакчасида яна пул топишди. Полициянинг боши қотган...

Пулларни топиб, кейин полицияга топшираётган одамларнинг ҳеч бири бу топилдиқларни тушунтириб беролмайди.

Полиция ҳам беш йилдан бери бу ҳимматли одам кимлигини тополмайди.

20 фунтликлар тахланган ҳолда 2014 йилда аввалига кўчаларда, кейин деворлар остида пайдо бўла бошлади.

Полиция Дарем графлигидаги кўплаб одамлар билан суҳбатлашди, қишлоқдаги ҳамма идораларни текширди, почта хизматларидан суриштирди... Натижа бўлмади.

Пуллардаги бармоқ изларини текшириш ҳам ёрдам бермади.

Аммо полиция Блэкхолл Кольерида яшайдиганлардан мамнун.

Ким бу пул халталарни топса, ўша куниёқ полицияга топширмоқда.

Блэкхолл Кольери нимаси билан машҳур?

  • Аҳолиси 5 мингга етмайди
  • Ўтган асрда шахтёрлар шаҳарчаси бўлган, аммо 1981 йилда сўнгги кон ёпилган
  • Аксарият ҳозир турфа ширкатларнинг телефон хизматларида ишлайди, улар ҳам қўшни қишлоқларда жойлашган
  • Маҳаллий соҳилни "Картерни йўқотиш" филмида кўриш мумкин, унда таниқли Майкл Кейн суратга тушган

Полициячи Жон Форстерга кўра, душанба куни топилган пул бу йил ҳисобилан тўртинчи топилдиқдир.

"Балки бу бир хайрияталаб инсоннинг ишидир... Нима бўлганда ҳам биз маҳаллий аҳолидан миннатдормиз. Улар топилган пулни полицияга топширишмоқда. Аммо нима учун бунақа бўлаётганини билмаймиз", дейди у.

Аммо барча топилдиқлар ҳам полицияга топширилди деб айтиш мушкул. Бу қишлоққа ташлаб кетилаётган пул - 2000 фунт Британияда қарийб бир ўртача ойлик деганидир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek