Ўзбекистон: “Мени қийнашмаган” – нашида учун қамалган 21 яшар Сардор билан “заказ интервью” олиндими? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Published

Ўзбекистонда Сардор Раҳмонқуловнинг нашида (диний қўшиқ) учун 5 йилга қамалиши жамоатчилик орасида кенг акс-садо келтириб чиқарган бўлса, у ўз айбига иқрор эканини айтган интервью яна бошва бир шов-шувга сабаб бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди телефонидан нашида топилган 21 ёшли Сардор Раҳмонқуловни 30 январь куни 5 йилга озодликдан маҳрум этган.

Би-би-си билан суҳбатлашган йигитнинг онаси фарзанди тергов давомида ўзига қўйилган айбларни "аёвсиз қийноқлар"га чидай олмаслик ортидан тан олганини айтганди.

Бироқ 5 февраль куни эълон қилинган Bugun.uz интернет нашри билан суҳбатда Сардор Раҳмонқулов ўзига "ҳеч қандай тазйиқлар бўлмагани"ни таъкидлаб, айбдор экани ҳақида гапиради.

Мазкур интервью мавзуга беэътибор бўлмаган фаолларнинг кескин танқидига сабаб бўлган, улар суҳбат "буюртма асосида" олинганини даъво қилганлар.

Тоштурмада Раҳмонқулов билан суҳбатлашган Bugun.uz мухбири Рухсора Машарипова Би-би-сига "бошқалар эшитишни хоҳлаган нарсани Раҳмонқулов интервьюда айтмагани учун айбдор эмаслиги"ни таъкидлади.

Алоқадор мавзулар:

"Бошига пакет кийдириб…"

Сардор Раҳмонқулов 2022 йилнинг июль ойида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан Тошкентдаги яшаш уйидан олиб кетилади.

Расмий версияга кўра, яшаш уйидаги тинтув вақтида расмийлаштириб олинган йигитнинг телефонидан диний нашида топилган ва Раҳмонқулов 2020 йил ноябрь ойида бу қўшиқни синфдошига юборгани аниқланган.

Дин ишлари бўйича қўмита 2022 йил 18 июлида мазкур нашида "ақидапарастлик ғояси билан йўғрилган" ва бу каби диний материални мамлакат ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш тақиқланган, деган хулоса берган.

Раҳмонқуловнинг қамалишига оид расмий ахборотда эса телефондан чиққан диний мазмундаги қўшиқда "мужоҳид бўлиш насиб қилгани, мужоҳид бўлиш ярашиши, мужоҳид бўлиб уларга эргашиш кераклиги" ва "шаҳид бўлиш орзулари экани ҳақида"лиги таъкидланади.

Бироқ 7 ойлик терговдан сўнг 5 йилга озодликдан маҳрум этилган Раҳмонқуловнинг онаси Саида Саидалиева фарзанди сўроқлар пайти қийноққа тутилгани ҳақида айтади.

"3 кун панелнийда ётганидан сўнг уни Тошкент ГУВД (шаҳар ички ишлар бошқармаси - Би-би-си таҳр.) га олиб келишган. Ўғлимнинг айтишича, кейин уни 20 июлгача қийнашган. Бошига полиэтилен пакет кийдириб, нафаси қайтгунча ушлаб тураркан, яна кўкармасин деб қорин соҳаларига 4 формасиз ходим навбат билан тепиб урган", деган Саидалиева Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг айтишича, қийноққа тутган шахслар Сардор Раҳмонқулов содир этмаган жиноятларни бўйнига олишни талаб қилишган. Уларнинг ичида Facebook тармоғида экстремистик постлар қолдирган профил эгаси эканлигини тан олиш ва беш киши билан биргаликда эктремистик диний адабиётларни ўқиш айблари ҳам бўлган.

Онасига кўра, қийноқларга чидай олмаган ўғли ушбу айбловларни тан олиб, орган ходимлари тутган қоғозга қўл қўйиб берган.

Бироқ адвокат тергов давомида ушбу айблар қийноқлар ёрдамида қўйилганини айтиб, уларнинг бир қисмини айблов қоғозидан олиб ташлатишга эришган.

21 яшар йигитнинг диний қўшиқ учун 5 йилга қамалиши ва қийноққа тутилгани ҳақидаги хабар, айниқса, диний соҳа фаоллари ҳамда қатор блогерларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган.

Аммо, эндиликда, йигитнинг ўзи тергов вақти қийноққа тутилмаганини айтмоқда.

"Ҳаммаси шундан бошланган…"

Фаоллар Сардор Раҳмонқуловнинг қамалиши масаласида расмийларни кескин танқидга тутишда давом этаётган бир вақтда Bugun.uz нашри йигит билан янги суҳбат эълон қилган.

Сайт таҳририяти интервью Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси кўмагида ташкил этилганини билдирган.

5 февраль куни Youtube'да эълон қилинган суҳбатда Раҳмонқулов қамоқда унга "ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмагани, куч ишлатилмагани" ҳақида гапиради.

"Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ёлғон, чунки ҳеч қанақа руҳий, жисмоний босим бўлгани йўқ. Мен бундай тарқатилаётган ёлғон хабарлар тўхтатилишини хоҳлайман. Қамоққа олинишим сабаби — 2020 йилда ҳаётий муаммоларим туфайли диний мазмундаги тақиқланган маърузалар тинглаб, уларни қўллаб-қувватлашни бошлаганман. Айнан бузуқлик ғоялари ва шаҳидликка доир маърузалар тинглаганман. Ҳаммаси шундан бошланган", дейди йигит Bugun.uz мухбирининг эҳтимолий қийноқлар борасидаги саволига жавобан.

У тергов жараёнларида ходимлар диний маърузалар ва қўшиқлар эшитиш нотўғри эканини "тушунтириб бергани" ва, ҳозирда, "қилган ишидан афсусда"лигини айтган.

Шунингдек, Раҳмонқулов интервью давомида ўзи сақлаб келинган Зангиота туманидаги тергов ҳибсхонаси(Тоштурма)даги шароитдан норози эмаслигини билдирган.

"Яхши муомала қилишяпти. Қанақадир ажратиб қўйиш йўқ. Ҳаммаси яхши бўляпти. Ва ҳуқуқ-тартибот органларидан ҳеч қандай эътирозим йўқ", деган Раҳмонқулов Bugun.uz интервьюсида.

Буюртма ё ҳақиқат?

Сардор Раҳмонқулов онаси илгари сурган қийноқлар даъвосини рад этган ва айбига иқрор бўлган мазкур интервьюни бир қатор фикр билдирувчилар "буюртма асосида" олинган, дея атаган.

Масалан, таниқли блогер Олимжон Ҳайдаров интервью "уч ҳарфли ташкилотлар услуби"да олинган, деган фикрни илгари сурган.

"Лавҳаларда ҳақиқат айтилганми, ёлғонми, бу ҳам менга аниқ эмас, шунчаки услуб уларники. Демак айнан Bugun.uz қамоққа кириши тасодиф эмас", дея ёзган у тармоқдаги ўз саҳифасида.

Тармоқ фаоли Зафар Бек Хотам Угли интервьюни Жорж Оруэлнинг "1984" асаридан парчага менгзаган.

Bugun.uz интервьюси ортидан Раҳмонқуловнинг онаси раддия билан чиқиб, фарзанди "ўзига ёдлатилган гапларни тўтиқушдек гапириб бергани"ни иддао қилган.

"Бу ерда босим ёки ёлғон ваъдалар бўлган. Чунки 2 февраль куни ўғлим билан гаплашганимда "Она, мен ҳаммасини суд залида очиқчасига айтаман", деган эди. Пушаймонлиги, кечирим сўрагани, мусиқа оҳангига учгани, қийноқлар - ҳаммасини айтаман, деганди", сўзлаган Саида Саидалиева ўз видеораддиясида.

Шунингдек, тармоқдаги муҳокамаларда суд ҳукми ҳали кучга кирмаган бир пайтда расмийлар Раҳмонқуловнинг матбуот билан гаплашишига рухсат бергани қанчалик қонунга тўғри келиши ҳам савол остига олинган.

Шу билан бирга Сардор Раҳмонқулов иши билан яқиндан танишмай туриб, уни оқлаш, беайб кўриш ва яқинлари илгари сурган қийноқ иддаоларини қўллаб-қувватлашдан тийилишга чақирилган фикрлар ҳам кўзга ташланган.

Таниқли блогер-шоир Абдураҳмон Мешаян йигитнинг қамалишига сабаб бўлган нашидани "топиб эшитгани" ва "даҳшатга тушгани"ни ёзган.

"Чунки бу нашид "катибатул тавхид" ва жиҳод террористик гуруҳининг мадҳияси экан. Бунда ёшларни, умуман, мусулмонларни Сурия ва Ироқдаги жанг майдонларига чорлаб жиҳод қилиш ва шаҳид бўлишга чақирган чақириқлар бор экан… Шу сабабли барчангизни шошилмасдан мулоҳаза қилишга чақираман", фикр билдирган у.

"Ҳамма менга ёпишяпти"

Би-би-си Раҳмонқулов билан гаплашган Bugun.uz мухбири Рухсора Машарипова билан боғланди ва ундан интервью қанчалик мустақил ташкил этилганини сўради.

"Ўзи бошида онаси билан интервью қилмоқчи эдик. Кейин қарасак, онаси гапириб, интервью берган экан. Онасининг видеосини кўрдим. Кейин балки боланинг ўзи билан гаплашсак, қандай бўларкан деб, ГУВД (Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси - Би-би-си)га чиқдик. Улар билан алоқамиз яхши - интервьюга рухсат беришди", деди мухбир Би-би-си саволига жавобан.

Машарипова интервью маҳкумнинг ўз розилиги билан олингани ҳамда суҳбатга учинчи томон таъсир ўтказмаганини билдирди.

"…онасининг видеосида она боламни уришган деган, шунинг учун ҳам қайта-қайта сўрадим. Бола уришмади мени, деди. Айтган гапини съёмка қилдик. Бу ерда асосий масала қолиб, ҳамма менга ёпишяпти. Чунки кадрда юзим бор. Менинг аввалги эски чиқишларимни кўрганлар, гўёки, буни "заказ", деб менга ёпишишяпти. Мен бориб савол бердим, эшитдим болани, унга буни айтасан, уни айтасан, деганим йўқ. Узр, лекин бошқалар эшитишни хоҳлаган нарсани бола интервьюда айтмагани учун мен айбдормасман-ку".

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.