Ўзбекистон: Мусулмонлар идораси сўконғич, "самосуд"чи ва "сўйиб ташловчи" имомларни ишдан оляпти - бу етарлими?

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

16 яшар қизларни сўкиши ва таҳдидлари билан танилган имом Авазхўжа Баҳромов ишдан ҳайдалди ва 3 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу 6 ойнинг ичида имомлар билан боғлиқ шов-шув бўлган иккинчи ҳолат. Мусулмонлар идораси бу каби имомларни зудлик билан ишдан оляпти, аммо бу етарлими?

Тошкент тумани "Эшонхўжа ота" масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромовнинг ёш қизчаларни ҳақорат ва таҳдид қилганлиги ҳақидаги аудио ижтимоий тармоқда кенг акс-садо берди.

Ундан англашилича, "Ал-Азҳар" номидаги ўқув марказида араб тилидан дарс берган Авазхўжа Баҳромов 16 ёш эканлиги айтилаётган бир қизчага таҳдид қилади.

Баҳромов қизларни устозларга баҳо беришда ва ўзидан бошқа устозни устун кўришда айблайди.

"Сенга ким қўйибди қайси устоз қайси устоздан кучлилигини? Кеча рўпарамга келганингда бошингни аквариумга тиқмоқчи эдим, кеча жаҳлим чиқиб келгандим. Ўзимни сал босиб олдим бугун. Сўйиб ташлайман сени, юрагингни суғуриб, қўлингга олиб бераман, тушундингми?", деган у аудиоёзувда.

Овоз муҳокамаларга сабаб бўлганидан кейин имом ва ўзини Баҳромов дарс берадиган "Ал-Азҳар" ўқув маркази раҳбари деб таништирган шахс биргаликда раддия берди ва овозни тарқатган шахсларни фосиқликда айблади.

Аудио бўйича Мусулмонлар идораси зудлик билан Ички назорат комиссияси йиғилиш ўтказди ва имомни ўз вазифасидан озод қилди.

Бу ҳолат имомлик мақомига мутлақо тўғри келмаслиги алоҳида урғуланди.

"Айниқса, ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган "фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиш" ва "ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриш" деган бандларнинг А.Баҳромов томонидан қўпол равишда бузилиши, деб баҳоланди", дейилади идора баёнотида.

Имомларнинг ўз рутбасига тўғри келмайдиган чиқишлар билан жамоатчилик эътиборига тушиши биринчи марта кузатилмаяпти.

Бундан тўрт ой олдин Учтепа туманидаги "Азиз ота" жомеъ масжиди имом-ноиби Мирсобит Воҳидов ижтимоий тармоқларда "уламоларнинг шаъни"ни тўкаётганларнинг бирор аъзосини синдириб тийиб қўйишга даъват қилганди.

Мусулмонлар идораси ушбу имом-ноибни ҳам зудлик билан ишдан бўшатди.

2021 йилда эса azon.uz сайти Фарғона вилояти"Абу Ҳанифа" номли масжид имоми Н. Аҳмадалиев сўконғичлиги сабаб мусулмонлар идораси томонидан ишдан олинганини хабар қилди.

16 йилдан ортиқ вақт давомида диний соҳада хизмат қилган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг ўз тажрибасидан келиб чиқиб айтишича, бу каби ҳолатлар мусулмонлар идорасида ўта кам учрайди.

"Тўғриси жудаям ўксиндим, жудаям ўксиндим. Мен таниган инсонлардан бунақа нима чиқмас эди. Таҳдид бошқа масала, бу сўкиняпти ҳам. Аёлларни 16 ёшли қизчани эркакларнинг даврасида тургандек сўкяпти ҳам. Бу жудаям имомга ярашмайдиган, умуман дин аҳлига ярашмайдиган, умуман мусулмонга ярашмайдиган ишни бемалол қиляпти ва яна тан олмаяпти. Яна орада уларга таҳдид қиляпти. Бу жуда кўнгилни чўктирадиган ҳодиса бўлди", дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг айтишича, бўлиб ўтган ҳодисага уч хил муносабат билдирилди.

"Рисоладагидек муносабат билан одамгарчилик юзасидан қоралаганлар ҳам бор, мусулмончилик нуқтаи назаридан. Лекин мана бу баҳона топиб олиб динга, диний уламоларга осиладиганлар ҳам фойдаланиб қолди, иккинчи томон. Яна бир томон ҳимоя қила бошлади. Айрим домлаларимиз, ҳудди имомларнинг обрўйини тўкиш ҳаракатининг бир парчаси деб ўйлади. Эшитди-ку, воқеаларни эшитди-ку. У сўкиняпти, у таҳдид қиляпти, бир нарсалар қилиб ташлайман деяпти. Ва қаттиқ жудаям ёмон сўкиняпти ҳақоратли қилиб. Бунга қайси ота-она чидайди. Қизини нимага берган у ерга? Бир имомдан сўкиш эшитиш учун бермаган. Пул тўлаяпти. Ўша қизларнинг пулига бу ойлик олиб туриб, буларга таълим бераяпти. Ниҳоятда ширин муомала қилиш керак. Аксига олиб, имом бўлишига қарамай бунақа сўкиниш, ўшанинг учун буни ҳимоя қилиб бўлмайди. Яъни бу домлаларимиз ҳам ҳимоя қилаётган домлалар ҳам. Диққат килишлари керак эдики, бу томонига қармади улар. Ана шу мени ўксинтирди. Бу томони ҳафа қилди. Яъни у сўкяпти-ку, нега бунга муносабат билдирмайсан?", дейди у.

Кузатувчилар 2021 йилнинг октрябр ойида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси этиб сайланишидан сўнг имомлар фаолиятини тартибга солишда сезиларли ўзгаришлар қилаётганини айтишади.

Муфтий Нуриддин Холиқназаров ўтган йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон аҳли илмларига мурожаат қилиб, уларни интернетда тортишмасликка чақирди ва бу каби аҳли илмларнинг тарафдорларига "кўрмуридлар" деб таъриф берди.

Шундан сўнг ҳам тортишувлар ва бир-бирини ҳақорат қилишлар интернетда тинмади.

Имом-ноиб Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ижтимоий тармоқларда бошқаларга тамға илаётган диндорларни огоҳлантирди.

"Керак бўлса диндорлигини даъво қиладиган одамлар бировларни зинода айблаяпти. Баъзи ҳадисларда биров-бировга туҳмат қилса онаси билан зино қилгандек бўлади, деган таҳдид айтилган бўлса, бу - бўлди ота-онаси билан зино қилган экан деган ҳукмни келтириб чиқармайди. Бу таҳдид учун айтилган гап. Яъни шунинг гуноҳини бўйнига олади дегани. Ким менга ёлғон тўқиса дўзахдан жойини танлаб олсин дедилар а? Мана шу ҳадисни олиб туриб, бир одам мавзу ҳадис айтса "тамом вассалом, сиз дўзахийсиз", деб ҳукм қилса бўладими? Бўлмайди. Бу ҳадиси шарифларни тўғри англаш керак. Бу ҳадислар ўша гуноҳларнинг ёмонлигини тушунтириш учун тарҳиб, қўрқитиш маъносида айтилган. Лекин бундан ҳукм ва бундай хулоса олинмайди", дейди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

16 йилдан ошиқ диний соҳада хизмат қилган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг айтишича,мусулмонлар идораси интернетдаги бўлаётган аҳли илмлар ўртасидаги тортишувлар ва тоифаларга бўлинишга чақириқларга янада қаттиқроқ туриши керак.

"Мен нима учун айтаяпман. Асосан ҳозир энг катта тортишувлар диний ўзанда кетаяпти, айниқса, энг хунуги. Баъзан мана бу дунёвий ўзанда ҳам тортишувлар бор, давлат қурилиши, сиёсий ўзан бошқалар. Диний ўзандаги тортишувдан кўра улар маданиятлироқ кетаяпти, деб ўйлайман. Мен ўзим диндор сифатида, ўзим идорада ишлаган одам сифатида. Мен ўзим кўпроқ бу томонга боғланган одам сифатида айтаманки, Лекин мен жамиятим, давлати учун қайғураётган бир зиёли, ёзувчи одам сифатида айтаман: Хунук тортишув, жудаям хунук тортишув. Айниқса шу имомлар орасида. Одамларга қарши тоифакашликка борманглар дейдиганларнинг ўзи яна ундан ҳам тоифакашлик қиляпти. Гап шу ерда. Шунинг учун бунинг оқибати яхши бўлмайди. Кўплари мендан ёш. Эй укаларим, эй ҳамкасбларим дейман. Баҳонада уларга ҳам мурожаат қиламан, бу йўлларинг тўғри эмас. Яхши эмас, яхшиликка олиб бормайди", дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek