Қорақалпоғистон: Мўйноқда казино қуриш ишлари авжида – туризм имкониятлари, turizm, yangilik,

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Бугун Қорақалпоғистон туристларни казино, қуриган Орол тубига саёҳат, туя сути, тарихий обидалар ва бошқалар билан ўзига жалб этишга интилмоқда.

Аммо бир вақтлар мавжланган Орол билан донг таратган бу масканга туристлар оқиб келиши эҳтимоли қанчалик юқори?

Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон расмийлари матбуот вакилларини ана шу саволга жавоб топиш йўлида республика туризм имкониятлари билан таништирдилар.

Жадал кетаётган қурилиш

XXI асрда дунё бўйлаб экстремал туризм иштиёқмандлари шиддат билан кўпая бошлади.

Бу турдаги туризм гўзал маконларга диққат қаратувчи анъанавий муқобилидан табиий офатлар, сезиларли хавф-хатар ва бошқалар ила ном чиқарган тарихий ва табиий масканларга интилиши билан ажралиб туради.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон эса инсониятдаги ушбу қизиқишдан фойдаланган ҳолда, бир вақтлар балиқчилик саноати маркази бўлган, ҳозир эса деярли қуриб бўлган Оролнинг тузига бурканган Мўйноқни туризм марказига айлантиришга аҳд қилган.

Бу мақсадни амалга ошириш йўлида бугунги кунда экологик ҳалокат тимсолига айланган Мўйноқдаги аэропорт орадан қарийб 30 йилдан сўнг қайта реконструкция қилиниб, 26 март куни бу ерга Тошкентдан илк йўловчи рейси амалга оширилди.

Расмийлар эндиликда Тошкентдан Мўйноққа ҳафтасига икки марта авиаташувлар йўлга қўйилишини айтмоқдалар.

Ўзбекистон ҳукумати, бундан ташқари, Мўйноқ чўлида алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зона ташкил этиш ҳамда мамлакат учун ноодатий лойиҳа - казино қуриш устида ҳам ишламоқда.

Лойиҳанинг ноодатийлиги шундаки, казинолар фаолияти мамлакат қонунчилигида тақиқланган.

Маҳаллий нашрлар 2018 йилда илк бор эълон қилинган ушбу режага ўтган вақт давомида бир неча бор эътибор қаратиб, экологик инқироз туфайли оғир шароитда қолган ҳудудда махсус имтиёзларга эга зона ташкил қилиш орқали мамлакат ҳукумати у ердаги иқтисодий қийинчиликларга барҳам бериш ниятида экани ҳақида ёзиб келади.

Мўйноқ туман ҳокими ўринбосари Мурод Жумабоевнинг Би-би-сига маълум қилишича, туманда "таваккалчиликка асосланган ўйинлар - казино қуриш ишлари бугун жадал амалга оширилмоқда".

"Ҳаммага маълум, бу борада қонунларимизга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш лозим. Бу борада ҳозир ишлар кетяпти", қўшимча қилади ҳоким ўринбосари.

Йиллар давомида эътибордан четда қолган, турмуш даражаси сезиларли пасайган Мўйноқ аҳли шароитини туризм орқали яхшилаш йўлида туристларни жалб қилиш учун 2017 йилдан буён шаҳарча яқинидаги Оролнинг қуриган тубида Стихия электрон мусиқа фестивали ҳам ўтказиб келинади.

"Бизда ҳамма нарса бор"

Бироқ Қорақалпоғистоннинг туристик салоҳияти фақат Мўйноқ билан чегараланиб қолмаган.

"Бизда экотуризм, гастроном туризми, зиёрат туризми, археологик туризм иштиёқмандларини ўзига тортадиган ҳамма нарса бор", сўзлайди хорижлик туристлар билан ишлашда катта тажрибага эга Мавлуда Ембергенова.

"Қалдирғоч-Мавлюда" турфирмаси раҳбари бўлмиш Ембергенова, айниқса, экотуризм ҳавасмандлари Қорақалпоғистонни кўп танлашини таъкидлайди.

"Ёввойи табиатимиз гўзаллигидан, масалан, Франциядан рассомлар келиб, ҳафталар давомида ҳеч ким бормаган жойларда қолиб, расм чизишяпти", тўлқинланиб гапиради аёл.

Мавлуда Ембергенова тилга олган археологик туризм ишқибозларини ўзига тортувчи тарихий обидалардан бири — бу 2200 йилдан ортиқ тарихга эга Аёз қалъа.

Элликқалъа туманида жойлашган бу ёдгорлик учта қадимий қалъа мажмуасидан иборат бўлиб, тарихчилар уларнинг 800 йил давомида қурилганини айтадилар.

Маҳаллий аҳоли бундай обидалар яқинида туристларга хизмат кўрсатиш уқувини аллақачон эгаллаган.

"Япониядан кўп келишади. Лекин охирги пайт ўзимизнинг туристлар ҳам кўпайиб қолди. Мана бугуннинг ўзида тўртта автобус келди. Ҳар бирида 50 тадан, десак ҳам 200 одам бўлади", дейди Аёз қалъа яқинида туристларга хизмат кўрсатиш зонаси ташкил этган Замира опа.

"Уларга чой берамиз, туяларни минишади, туя сути ичишади, ўтовларимизда тунаб қолишади, машинада кенгликларни сайр қилишади. Сезон ҳали бошланмади. Ҳозир ўтовларимизни сезонга тайёрлаяпмиз", давом этади у.

Муаммо келтирувчи чақиримлар

"Қорақалпоғистонда чиройли жойлар кўп, лекин бориш мумкин бўлган жойларнинг бир-биридан узоқлиги, йўллар ёмонлиги, кўпинча, яхши транспорт топилмаслиги саёҳатчини қийнайди", таъкидлайди республикага кўп бор келганини айтган маҳаллий журналистларнинг бири Би-би-сига.

Шундай экан, Қорақалпоғистон ўзининг маданияти, мафтункор табиати, тарихи ва одамлари билан қанчалик жозибадор бўлмасин, республиканинг улкан ҳудуди, бир-биридан юзлаб чақирим олисда жойлашган диққатга сазовор масканлари, у қадар яхши ривожланмаган транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳаси, инжиқ табиати ва иқлими туристлар учун жиддий муаммога айланиши мумкин.

"Нукусда амалласа бўлади, аммо Мўйноқда тунаб қолишга яхши меҳмонхона ёки уй топиш анча қийин", гапиради ўтган йили Стихия фестивалида қатнашган хорижлик Би-би-си билан суҳбатда.

Шунга қарамай, Мавлуда Ембергенова вазият ўзгараётганини айтади.

"Авваллари, биз, яъни турфирмалар яхши автобус топишга роса қийналар эдик, узоқ жойларга эски, йўлга ярамайдиган автобусларда боришга мажбур бўлардик. Ҳозир эса автобуслар анча кўпайиб қолган. Йўл узоқлигини билдирмайдиган машиналар учун растаможка олиб ташланганидан кейин туроператорлар шундай машиналар олиб кириб ҳам бошлади".

Айни вақтда, расмийлар олдида ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, туристлар учун хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, янгидан-янги меҳмонхоналар пайдо бўлишига йўл очиш ва энг муҳими аҳолини туристик хизматлар билан кўпроқ шуғулланишга қизиқтириш ва ўргатиш вазифаси турибди.

Қўнғирот қизи бўлмиш Мавлуда Ембергенова муаммолар кўп бўлишига қарамай, қорақалпоқ халқининг меҳмондўстлиги туристларни ўзига тортаётган асосий оҳанрабо бўлиб қолаётгани ҳақида гапиради.

"Чет элликларга бизнинг ҳамма нарсани пулга чақмаслигимиз, очиқ кўнгиллилигимиз ёқади. Сўз билан тушунтириб бера олмайдиган, қандайдир ўзига тортадиган нарса борда бизнинг халқимизда", жилмаяди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek