Ўзбекистон: Бир дона ҳам чигит чиқарилмасин – ҳокимларнинг “кўланкаси майдонми”? O'zbekiston, yangiliklar

Published

3 январь куни Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Қашқадарё ҳокими ҳаракатларидан норозилик билдириб, мақола эълон қилган.

Алимованинг ёзишича, шаҳардаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Maroqand gold oil ekstraksiya корхонаси Қашқадарёдан сотиб олинган чигитни вилоят ҳудудидан олиб чиқишда тўсқинликка учраган.

Гавҳар Алимова бу ҳолат Қашқадарё вилоят ҳокими Муроджон Азимовнинг топшириғига биноан юзага келганига ишора қилган.

Бир вақтнинг ўзида Би-би-си томонлар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Алоқадор мавзулар:

Тўхтатилган 100 тонна чигит

Ҳоким Алимованинг маълум қилишича, корхона томонидан Республика товар ва хом-ашё биржасида очиқ савдолар асосида сотиб олинган 100 тонна чигит 28 декабрь куни Қашқадарёдан Самарқандга кириш чегарасида тўхтатиб қолинган.

Алимова чигит Қашқадарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаевнинг топшириғи билан ушлаб турилганини ёзган.

"Бир неча марта уринишлардан сўнг ва ниҳоят Нодир Худойбердиевич билан телефон орқали боғланиб чигит ортилган юк машиналарини чегарадан ўтказишга ёрдам қилишини илтимос қилдим. Нодир Худойбердиевич "...опажон чигитни вилоят ҳокими рухсат бермаса чегарадан чиқара олмайман" деди", билдиради Алимова ўз мақоласида.

Каттақўрғон шаҳар ҳокими шундан сўнг Муроджон Азимов билан ҳам боғлангани, вилоят ҳокими "масалани ўрганиб чиқиши" ҳақида гапирганини маълум қилган.

Бироқ Алимованинг таъкидлашича, 2 январга келиб ҳам Қашқадарё расмийлари вилоят ҳокими чигит ортилган машиналарни қўйиб юборишга рухсат бермаганлигини билдирган.

"Шундан сўнг мен яна жаноб Нодир Худойбердиевичга қўнғироқ қилганимда "...хозиргина вилоят ҳокими билан гаплашдим, чигитни қўйиб юборишга ҳеч қандай рухсат йўқ» деб айтди. "Опажон минг афсус мен юк машиналарини қўйиб юбора олмайман" деди", - ёзган ҳоким Алимова 3 январь куни ижтимоий тармоқда қолдирган мақоласида.

"Бир дона ҳам чигит чиқарилмасин"

Би-би-си жорий вазиятдан бохабар бўлиш учун Maroqand gold oil ekstraksiya МЧЖ масъуллари билан боғланди.

Ўзини корхона ҳисобчиси ўлароқ таништирган Умид Тоиров 4 январь ҳолатига кўра ҳам чигит ортилган учта машина "Умакай" постида қолаётганини айтди.

Корхона 2012 йилда ташкил этилганини билдирган ҳисобчи чигит маҳсулотини бир вилоят ҳудудидан бошқа ҳудудга олиб чиқишда илк бор муаммога дуч келаётганликларини айтади.

"2012 йилдан бери шу соҳа ичидамиз. 2019 йилда масло-заводни қуриб, фаолиятни юргизиб келяпмиз. Заводимиз кичкина эмас. Битта Қашқадарё эмас, бутун республика бўйлаб чигит сотиб оламиз. Ҳали ҳеч қачон вилоятдан вилоятга олиб чиқма, деган нарса бўлмаган эди".

Корхона ҳисобчиси 28 декабрь куни Самарқанд томон йўлга чиққан чигит ҳам барча тартиб-қоидаларга риоя қилинган ҳолда сотиб олингани ва манзилга жўнатилганини таъкидлайди.

"2020 йил июнида президентимиз қарор чиқарганлар. Кичкина кластер бўлса ҳам, хусусийми - қанақа бўлишидан қатъий назар техник чигит 100 фоиз биржада, яъни очиқ савдода сотилади.

Худди шу тартибда биржада чигит сотиб олдик. Қашқадарё вилоятидан фақат 100 тонна эмас, жуда кўп кластерлардан жами 900 тонна чигит сотиб олганмиз. Пуллар кластер ҳисобига тушмайди, биржа орқали айланади. Пулни биржага кўчирамиз. Кластер чигитни машинага юклаб берворгандан кейин, бизга фактура юборади ва шундан сўнг чигит пулини биржадан ечиб олади. Мана шундай тартибда ишланади", - тушунтиради корхона ҳисобчиси.

Тоиров 28 декабрдан кейинги воқеалар ривожи ҳоким Алимова ёзганидек кечганини сўзлайди.

У Би-би-сига тақдим этган ва корхона экспедитори томонидан "Умакай" постида олингани айтилган видеода ЙПХ ходими вилоят ҳудудидан чигит чиқаришга рухсат йўқлигини билдиргани қулоққа чалинади.

"Ўтказолмайман. Раҳбариятни топшириғи бор - вилоятимиздан бир дона чигит чиқариш мумкинмас", дейди ходим видеода.

"Ҳужжатларида камчилик бор"

Би-би-си, ҳақиқатан, ҳоким Муроджон Азимов чигит маҳсулотини бошқа ҳудудларга чиқармасликка кўрсатма берганми, деган савол билан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилди.

Бироқ Телеграм орқали юборилган ушбу саволга ҳокимлик матбуот котиби ҳалича жавоб бергани йўқ.

Бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокимлиги шов-шувга айлана бошлаган ҳолатга муносабат билдирган.

4 январь куни эълон қилинган муносабатда чигит ортилган юк машиналар тўхтатилиб, ҳужжатлар ички ишлар ходимлари томонидан текширилганда, ҳужжатлар орасида "электрон ҳисобварақ-фактура, биржа савдосидан ютиб олинганлиги тўғрисидаги электрон "тикет", шартнома ва ишончнома бўлмагани" тўғрисида сўз боради.

Ҳокимлик қўлда ёзилган юк хати билан товарларни реализация қилиш шубҳали туйилгани, бундай ҳолатларда солиқдан қочиш эҳтимоли катта бўлганидан олиб кетилаётган маҳсулот қонуний равишда вақтинча сақловга олинганини маълум қилган.

Би-би-си билан суҳбатлашган Maroqand gold oil ekstraksiya корхонаси ҳисобчиси Умид Тоиров Қашқадарё вилоят ҳокимлиги раддиясида келтирилган важлар асосга эга эмаслигини таъкидлайди.

Тоиров 28 декабрь куни чигитни Қашқадарёдан Самарқандга олиб ўтишда барча зарурий ҳужжатлар бўлганини айтади.

"Накладной, чигитни сотиб олганимиз ҳақидаги шартнома, яъни тикет ва сифат сертификати - мана шу учта нарса шофёрда бўлиши керак".

"2020 йилдан бошлаб электрон счет-фактура шофёрнинг қўлига берилмайдиган бўлган. Ягона дарчадан ключ олинади ва бир ташкилот иккинчисига фактура жўнатади. Ман фактурани қабул қилиб оламан. Президентнинг қарори билан электрон бўлган нарсани қоғозга чиқариб, қандай шофёрга берамиз? Ноқонуний ҳаракат қилмаймиз-ку?"- дейди Тоиров.

У, шунингдек, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги расмийларидан интернетдаги шов-шувни тўхтатиш таклифини олганини айтади.

"3 январь куни вилоят ҳокимлигига кечки еттида кирган бўлсам, ўн икки яримга яқин чиқдим. Улар ҳужжатимда камчилик бўлгани учун ГАИ ходимлари ушлаб ўтирган эди, деб ёзиб бер ва чигитингни олиб кетавер, манави интернетни ёпайлик, дейишди".

"Вилоят матбуот котиби шу гапни айтди. Мен рози бўлмадим. Агар ҳужжатларимизда ростдан камчилик бўлганда, ГАИ машиналарни аллақачон арест қилиб қўйган бўлар эди", - давом этади Тоиров.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Аҳрор Содиқов эса Би-би-сига бу иддаоларни рад этиб, корхона вакилларини танимаслиги, ҳеч ким гаплашмаганини таъкидлади.

"Унақа ниятимиз бўлса, муносабат чиқармасдик-ку", - деган қисқа изоҳ билан чекланди Аҳроров.

"Гражданский" хизмат

Хўш, айни ҳолат нимаси билан муҳим ва атрофда юз бераётган бошқа воқеалардан кўра муҳимроқ?

Кузатувчилар бу каби ҳолатлар ҳокимларга қонун доирасида ва қонундан ташқари қанчалар кенг ваколатлар бериб юборилгани ҳамда улар ўзлари бошқараётган ҳудудда чексиз ҳокимият ўрнатганини яна бир бор исботлашини тилга оладилар.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар бундан аввал ҳам қатор вилоятлар ҳудудидан чигит олиб чиқишда муаммоларга дуч келган эди.

2020 йил ноябрь ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳокимликлари томонидан пахта чигитини ҳудуддан чиқармаслик кўрсатмаси берилаётганига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушгани ва бу ҳолат қонунга зид эканини билдирган эди.

Ўшанда қўмита чигитни фақат ўз ҳудудидаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олинишига кўрсатма берган Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда вилоятлар ИИБларига нисбатан тегишли иш қўзғатилганини маълум қилганди.

Би-би-си Қашқадарёда юз берган ҳолат қўмита назоратига олиндими, деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилди.

Бироқ матбуот хизмати ходимлари ички келишмовчиликлар сабаб ўтган йил октябрь ойида тўлиқ таркибда ишдан кетгани хабар қилинган қўмита расмий сайтида кўрсатилган телефон рақамларига қилинган қўнғироқларга ҳеч қандай жавоб бўлмади.

3 январь куни ҳоким Гавҳар Алимова орқали жамоатчилик хабар топган ҳолат ортидан ҳам Ўзбекистон ҳокимларининг кенг ваколатлари қайта савол остига олинган.

Масалан, таниқли иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров Қашқадарёдаги ҳолатни "ўрта асрлар феодализмининг яққол кўриниши" дея атаган.

"Бир қарашда кулгили, ҳам ачинарли. Қандай қилиб бир мамлакат ҳудудида товар ва хизматлар эркин ҳаракатлана олмаслиги мумкин? Чигит ҳокимнинг мулки эмас, фермерники ёки кластерники, нега у бошқа шахсга сотган чигитини ҳудудидан чиқара олмайди?" - ёзган Бакиров.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳам ҳокимлар ваколати кенг эканига урғу бериб, ҳолатни феодализмга менгзаган.

"Гражданский"да бу найранглар уже давно ўтмаяпти, ҳоким бова. Сиз Қашқадарёга ҳоким бўлдингиз — подшоҳ эмас! Қашқадарё эса ҳамон улкан Ўзбекистон Республикасининг бир бўлаги. Бошқа ҳудудлар билан савдо-иқтисодий алоқалар бўлади. Чигитни ишлаб чиқарган фирма биржа орқали ким пулини биринчи ва кўпроқ тўласа — ўшанга сотади. Сиз айтган одамга эмас", бундан аввал прокуратура ва божхона тизимида ишлаган Муроджон Азимовга мурожаат қилган журналист Шокиржонов.

Кузатувчилар ва мутахассислар ҳокимларни тизгинлаш, уларни юқори ҳокимият эмас, балки халққа хизмат қилишга ундашнинг энг мақбул йўли - бу ҳокимлар сайлови тизимини ишлаб чиқиш эканини такрорлаб келадилар.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг март ойида ушбу масалага тўхталиб, жамият ҳокимларни сайлашга қанчалик тайёр эканини савол остига олган эди.

"Битта маҳалла раисини адолатли сайлай олмаймиз-ку: тўда-тўда бўлиб, ўз яқинларимиз ёки танишларимизни сайлаймиз. Жамиятни тайёр бўлмаган муҳитга сайловларни қўйиш хиёнат эмасми?"

"Мен буни хоҳламайманми? Жуда ҳам хоҳлайман, буни жуда яхши тушунаман. Аммо кимни сайлаймиз? Лекин мен ишонаман, вақт ўтиб, албатта, ҳокимларни ҳам сайлаш жараёнига етиб келамиз", - деган эди президент ўшанда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek