You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Шавкат Мирзиёев Туркияда. Туркия Ўзбекистонга нега керак? Таҳлил video Turkiya, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти сифатида ўзининг илк хорижий ташрифини Туркияга амалга оширди.
Янгилик йирик хорижий нашрларнинг ҳам эътиборидан четда қолмади.
Сиёсий таҳлилчилар наздларида бир давлат раҳбарининг сайловдан кейин хорижга қиладиган биринчи сафари ҳар доим муҳим рамзий аҳамият касб этади.
Улар бу билан ўша давлат раҳбари, ҳукумат ёки маъмурият ўзининг ташқи дунё ва стратегик алоқалари борасидаги қадриятларини, векторини ва қарашларини билдиришини таъкидлаб келишади.
Истанбул: Ўзбеклар Туркияда ўзларини кўрсатишди Turkiya dunyo yangiliklar BBC News O'zbek
Шавкат Мирзиёев Туркияда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида иштирок этади.
Аммо, хабарларга кўра, Ўзбекистон раҳбари ташриф доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.
Алоқадор мавзулар:
Шавкат Мирзиёев шу йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги президент сайловида ҳам ютиб чиққан.
Сайловчиларнинг 80 фоиздан ошиқ овозини қўлга киритиб, қолган тўрт рақибини йирик ҳисоб билан ортда қолдирган.
Илк бор Ўзбекистон президенти этиб сайланган 2016 йилда эса, Шавкат Мирзиёев ўзининг биринчи хорижий ташрифини Туркманистонга амалга оширган.
Туркия Шавкат Мирзиёев Ўзбекистони ўзаро алоқаларини ҳар томонлама кучайтириш ва мустаҳкамлаш ҳаракатида бўлган давлатлардан бири бўлади.
Сўнгги йилларда бу икки қардош мамлакат стратегик шерикликни янги даражага олиб чиқиш режасини изҳор этишган.
Икки ўртада тижорат ва эркин савдо битимини имзолаш, савдо айланмасини ҳам икки баробарга ошириш ниятини билдиришган.
Орада Туркия Ўзбекистон билан ҳарбий соҳада ҳам ҳамкорлигини кенгайтириш истагини расман баён қилган.
Бу ҳам ўшанда четда кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортган воқеъликка айланмай қолмаган.
Айнан ҳозир Туркия билан ҳамкорликни кучайтириш Ўзбекистонга нима беради?
Бу Ўзбекистон учун қай бир жиҳатдан ва қанчалик муҳим?
Бошқа томондан, бу истаклар ва режаларни қанчалик амалий ва самимий дейишимиз мумкин?
Туркия, ўз навбатида, Ўзбекистон билан янада яқинлашишдан нимага кўз тиккан?
Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларни кучайтириш Туркияга нима беради, нима учун керак?
Би-би-си Ўзбек хизмати икки давлат алоқаларидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида худди ана шундай саволлар билан ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилганди:
Камолиддин Раббимов,
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон
"1991 йилда Ўзбекистон ўзининг давлат мустақиллигини эълон қилганда, Туркия дунёнинг қудратли давлатлари оғзига қараб ўтирмади.
Биринчи бўлиб, шу заҳотиёқ Ўзбекистоннинг мустақиллигини сўзсиз тан олди ва ўзининг иттифоқчиларини ҳам шундай қилишга жуда фаол даъват этди.
Глобаллашаётган дунёда давлатлар ва жамиятлар яшовчанлигини таъминлашнинг асосий шарти шуки, кучлар ва имкониятларни бирлаштириш керак бўлади.
Ишончли бирлашув, иттифоқлар замирида эса, яқин ёки айни ўзликлар туради.
Ўзбекистон ва Туркияни боғлаб турувчи бу нафақат айни ўзликлар ҳисобланади, балки тарихий бирлик ҳамдир.
Туркия Ўзбекистонни "ота-юрт", деб атайди, буни Туркия сиёсий элитаси, мутафаккирлари ва кенг жамоатчилиги кўп такрорлашади.
Ўзбекистон биринчи маъмурият даврида ташқи дунёдан деярли иҳоталанган ҳолда иқтисодий ривожланишни ўз кучи асосида амалга оширишга ҳаракат қилди. Лекин бу йўл ўзини оқламади.
Иккинчи маъмурият эса, барча тарафлар билан имкон қадар ишончли, геосиёсий зўриқишлардан холи ёки бундай зўриқишларга урғу бермаган ҳолда геоиқтисодий муносабатларни жадал ривожлантириш йўлини танлади.
Ўзбекистон бутун Марказий Осиё давлатлари каби икки йирик географик қудратли давлатлар ўртасида қолиб кетмоқда.
Булар - Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси.
Бу давлатлар Ўзбекистоннинг иккинчи ва биринчи савдо-иқтисодий ҳамкорлари ҳисобланади.
Бу икки давлатнинг ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий қудрат-салоҳияти қанчалик ўсиб борса, Ўзбекистон каби туркий-мусулмон давлатларига билвосита ёки бевосита босим шунчалик ошиб бораверади.
Сабаби, Хитой Халқ Республикасининг ички хавфсизлик ва давлат яхлитлиги борасидаги биринчи ташвиши - уйғур сепаратизми, яъни, бўлгинчилиги билан боғлиқ.
Путин бошчилигидаги Россия ҳам Марказий Осиё давлатлари иштирокидаги интеграцион лойиҳаларни амалга оширишни, минтақа устидан геосиёсий назоратни тўлиқ тиклашни орзу қилади.
Мана шу фонда расмий Тошкент олдида жиддий икки йирик вазифа туради.
Биринчиси - ички иқтисодий ривожланишга эришиш орқали давлатнинг иқтисодий қудрати ва сиёсий салоҳиятини таъминлаш.
Бунинг учун ташқи иқтисодий алоқалардаги барча имкониятларни ишга солиш назарда тутилади.
Иккинчи вазифа - Ўзбекистоннинг геосиёсий, хавфсизлик борасидаги муносабатларини тақсимлаш, жумладан, Туркия мисолида ишончли ҳамкор ва норасмий ёки расмий иттифоқчи шакллантириш вазифаси туради.
Истиқболда Ўзбекистон борган сари Пекин ва Москвани тегиб турувчи ёки бу давлатлар билан алоқаларни мувозанатга солувчи ҳамкорликларга эҳтиёжи ошиб бораверади.
Бу - Ўзбекистоннинг геосиёсий мустақиллиги учун муҳим шарт ҳисобланади.
Туркия - Ўзбекистоннинг геосиёсий мустақиллигига раҳна солмайди, аксинча, бу икки давлатнинг ўтмиши бир бўлгани каби, келажакда ҳам ишончли ҳамкорликка асос беради.
Бугун Туркия дунёнинг иқтисодий ривожланган 20талигига кирувчи, қудратли иқтисодиётга эга бўлган, қурилиш сектори, туризм, оғир ва енгил саноати ўта ривожланган, замонавий ҳарбий технологиялар борасида ҳайратли ютуқларга эришаётган давлат ҳисобланади.
Ўзбекистон эса, бу соҳаларни барчасида ҳамкорликка, сармояларга ва тажриба алмашинувига ўта муҳтож давлат ҳисобланади.
Одатда, иқтисодий ҳамкорлик замирида ҳам маълум сиёсий мақсадлар ётади.
Туркия учун Ўзбекистон каби туркий-мусулмон давлатларнинг ривожланиши расмий Анқара учун табиий иттифоқчиларнинг қад кўтаришини англатади.
Расмий Анқара халқаро майдонда ўзининг ишончли дўстларига, қардошларига эга бўлишни истайди.
Иқтисодий ва демографик ўсиб бораётган ва минтақа ишларида жиддий амбиция кўрсатаётган расмий Анқарага ташқи босимларни ўсиб бориши ҳам табиий.
Кейинги йиллардаги Марказий Осиё ва Кавказдаги геосиёсий вазият шуни кўрсатадики, расмий Анқара минтақамиздаги туркий давлатлар сиёсий ва геосиёсий мустақиллиги, ҳарбий салоҳияти учун жиддий ҳамкорлик қилиш ниятида.
Туркий давлатлар учун мустақилликни йўқотиш қандай ачинарли ҳолатга олиб келишини бугун ҳам кўрсатиб турган мисол мавжуд - бу Шарқий Туркистон.
Ўзбекистонда 2016 йилда ҳокимият алмашгач, расмий Тошкент ўзининг ташқи сиёсатини мутлақ қайтадан кўриб чиқди.
Туркия билан муносабатлар мутлақ янгиланди, ишончли ва дўстона алоқалар кайфияти ўрнатилди.
Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсатида энг муҳим йўналишлардан бири ҳам айни Туркия ҳисобланади.
Агар Ўзбекистон-Туркия ўртасида эркин савдо битими имзоланса, ўзаро иқтисодий алоқаларни жиддий кучайтирар эди.
Кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик, товар айланмаси ҳам ошиб бормоқда.
Лекин Ўзбекистонга турк бизнеси иштирокининг салмоқли ошганлигини кўрмадик.
Назаримда, ҳали турк бизнеси Ўзбекистондаги ҳуқуқий-сиёсий муҳитга тўлиқ ишонч ҳосил қилганича йўқ.
Каримов давридаги давлат босимига учраган турк бизнесменларининг тақдири ҳамманинг ёдида.
Аслида, Туркия бизнесида Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда салмоқли лойиҳаларни амалга ошириш салоҳияти мавжуд.
Бу салоҳиятни фақат давлат раҳбарларининг ишончли муносабатлари орқали ишга тушириб бўлмайди.
Бунинг учун Ўзбекистондаги ҳуқуқий тизимга бўлган ҳалқаро миқёсдаги ишонч шакллантириш керак бўлади".
Туркия ва ўзбекистонликлар
Би-би-си: Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.
Агар, Туркия томонининг 2018 йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.
Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.
Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.
Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.
Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Глобал коронавирус пандемиясига қадар бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб турган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek