You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон Қозоғистонда масжид қуради, Тоқаев Жаниянинг ота-онасини қутлади ва президент Раҳмон ҳам саволни очиқ қолдирди – O'zbekiston yangiliklar янгиликлар
- Лойиҳасини шахсан Шавкат Мирзиёев қўллаётган масжид;
- Қозоғистон аҳолиси 19 миллионга етди;
- Тожикистон президенти қандай вакцина билан эмланган?;
Янги масжид
Ўзбекистон Қозоғистонга янги масжид қуриб бермоқчи.
Расмий хабарларга кўра, у Туркистон шаҳрига кираверишда қад ростлайди.
Беш минг кишилик янги масжид Ўзбекистоннинг "Туркистонга совғаси" бўлади.
Бу ҳақда Туркистон вилояти ҳокимияти расман хабар берган.
Ҳокимлик янги масжид лойиҳаси шахсан Ўзбекистон президенти томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳам билдирган.
Янги масжиднинг Ўзбекистон томонига қанчага тушиши ва қандай молияланиши тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
Аммо расмий хабарда унинг лойиҳаси ҳар томонлама ўрганилгани, дунёнинг энг яхши тажрибалари ҳисобга олингани, масжид пойдеворини мустаҳкамлаш учун ҳам ўзига хос технология ишлаб чиқилгани айтилади.
Маълум бўлишича, унинг архитектураси бетакрор, ички ва ташқи безаклари шарқона услубда ишланган ва келаси йилда қуриб, битказилиши режаланган.
Ўзбекистоннинг бир минтақа давлатида бунга ўхшаш масжид қуриб бераётганига оид хабар шу пайтгача олинмаган.
Тоқаевдан табрик
Қозоғистон аҳолиси расман 19 миллион кишига етган.
Буни ўзининг твитида мамлакат президенти ҳам тасдиқлаган.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистоннинг 19 миллиончи фуқароси ота-онасини шахсан табриклаган.
У Олма-оталик Жания Азаматқизи бўлиб чиққан.
Президент Тоқаевнинг твитидан маълум бўлишича, Жания оиладаги тўртинчи фарзанд.
Қозоғистон раҳбари унинг ота-онаси ва барча қозоғистонликларни ушбу воқеа билан табриклаган.
Сони расман 19 миллионга етганини назарда тутиб, мустақиллигининг 30 йиллиги йилида Қозоғистон аҳолиси тарихий босқични босиб ўтганлигини таъкидлаган.
Қозоғистон Ўзбекистондан кейин Марказий Осиёнинг аҳолиси энг йирик иккинчи давлати бўлади.
2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон доимий аҳолисининг сони 34.9 миллион кишини ташкил этиши айтилади.
Очиқ қолган савол
"Мен эмланганман...".
Коронавирусга қарши эмланганини Тожикистон президентининг шахсан ўзи маълум қилган ва тасдиқлаган.
Бу ҳақдаги хабар кеча, 3 август куни олинган.
Аммо президент Раҳмон қачон, неча доза ва қандай вакцина олгани тафсилотларини очиқламаган.
Тожикистондаги етакчи Asi-Plus интернет нашрининг ёзишича, унинг матбуот котиби ҳам ўзида лозим маълумотлар йўқлигини айтиб, бу саволларга аниқлик киритиб бера олмаган.
Айнин туманида сафарда экан, Тожикистон президенти фақат барчани "ўзларини эмлатиш ва бу касаллик билан ҳазиллашмаслик"ка чақириш билан кифояланган.
Эмомали Раҳмон коронавирусга қарши эмлангани расман ўзининг тасдиғини топган энг сўнгги - тўртинчи Марказий Осиё давлати раҳбари бўлган.
Уларнинг орасидан фақат Қозоғистон (Россиянинг Спутник V) ва Қирғизистон президентлари (Хитойнинг Sinovac)нинг айнан қандай вакцина билан эмланишгани маълум.
Қирғизистон раҳбари эса, ҳатто ўзини жонли эфирда, оддий савдо марказида эмлатган.
Ўзбекистон президентининг коронавирусга қарши тўлиқ эмланганини 2 август куни унинг матбуот котиби расман тасдиқлаган, ўзининг ҳафталик пресс-брифинги чоғида бу ҳақда журналистларга маълум қилган.
Вакцинациянинг аниқ санасини очиқламаган, аммо Шавкат Мирзиёевнинг ўша пайтда Ўзбекистонда мавжуд бўлган учта - (ZF-UZ-VAC2001, Спутник V ва AstraZeneca) вакцинадан бири билан тўлиқ эмланганини билдирган.
Тожикистон жорий пайтда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан кейин минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган сўнгги давлати бўлади.
Туркманистонга коронавируснинг кириб боргани ҳалича расман ўзининг тасдиғини топмаган.
Аммо Туркманистон Тожикистондан кейин коронавирусга қарши эмлашни мажбурий қилган иккинчи минтақа давлати бўлади.
Ўтган ой Тожикистон президентининг синглиси ва қайнонасининг ҳам коронавирусдан вафот этганлигига оид хабарлар олинган.
Марказий Осиё президентларининг коронавирусга қарши эмланган-эмланмаганликлари ва айнан қайси вакцинани олишгани шу кунга қадар аксарият минтақавий нашрлар, оммавий ахборот воситаларини қизиқтириб келган мавзулардан бири бўлади.
Ўзларини коронавирусга қарши эмлатганликларининг расман тасдиқланиши аксарият минтақа давлатлари президентлари ўз аҳолисини коронавирусга қарши эмлатишга фаол ундаётган бир манзарада кузатилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek