Ўзбекистон: Президент миннатдорлик билдирди, Ургутдаги "самосуд тафсилотлари ва Жаҳонгир Отажонов иши судга оширилди – янгиликлар O'zbekiston yangiliklar

Published
  • Президент Мирзиёев халққа миннатдорчилик билдирди;
  • Жаҳонгир Отажонов иши судга оширилди;
  • Ургутдаги жанжал бўйича янги тафсилотлар маълум қилинди;
  • Ўзбекистонда Ўзбек-Хитой вакцинаси ишлаб чиқарилади;

"Чуқур миннатдорман"

Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг 64 ёшга тўлгани муносабати билан табрик йўллаганларга миннатдорчилик изҳор этган.

"Таваллуд топган куним муносабати билан чин юракдан табриклаб, самимий қутлов ва эзгу тилакларини йўллаган чет эл давлат ва ҳукумат, халқаро ташкилотлар раҳбарларига, хорижий сиёсат ва жамоат арбобларига, ишбилармон доиралар вакилларига, юртимиздаги маҳаллалар ва меҳнат жамоаларига, турли касб эгалари бўлган барча ватандошларимизга чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман", дея давлат раҳбари сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.

Президент Мирзиёев, шунингдек, мамлакатдаги "кенг кўламли демократик ўзгаришларни амалга оширишда ҳал қилувчи куч бўлиб келаётган меҳнаткаш, мард ва олижаноб" халққа ўзининг "фарзандлик меҳри ва ҳурмати"ни яна бир бор билдиришдан беҳад мамнун эканини маълум қилган.

24 июль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг 64 ёшга тўлиши муносабати билан Россия, Хитой, Туркия, Беларус, Озарбайжон, Жанубий Корея, Миср ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари табрик йўллагани хабар қилинган эди.

"Ургут самосуди" тафсилотлари

Ургут тумани ҳокимлиги 22-23 июль кунлари туманда юз берган самосуд уринишлари юзасидан қўшимча тафсилотларни маълум қилган.

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда ўнлаб ургутликлар ўз видеомурожаати орқали қишлоқ аёлларини ҳақоратлагани айтилган эркакни жазолашга урингани тасвирланган видеолар тарқалган эди.

Кейинроқ расмийларнинг ойдинлик киритишича, туманнинг 32 ёшли яшовчиси қишлоқлардан бири аҳолисини ҳақоратлаган, бундан ғазабланган бир қанча маҳаллий фуқаролар ундан кечирим сўрашини талаб қилиб, шахснинг яшаш уйи атрофида, эртаси куни эса туман ҳокимлиги биноси олдида йиғилган.

Тарқалган видеоларда ғазабнок оломонни тинчлантириш ва тарқатиш учун махсус кучлар сафарбар қилингани кўзга ташланади.

Қишлоқ аҳлини ҳақоратлашда гумонланаётган шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани, жанжал кўтарган барча фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилгани хабар қилинган.

24 июль куни Ургут туман ҳокимлиги туманнинг 31 яшар яшовчиси гумондаги шахсни ножўя сўзлар билан ҳақоратлагани туфайли юқоридаги жанжалга сабаб бўлгани аниқлангани ва айни вақтда Россияда бўлиб турган бу шахсни Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўрилаётганини билдирган.

Судга берилган Отажонов

Собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига оширилган.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси хабар берган.

"Интернет ижтимоий тармоғида Жаҳонгир Атажанов Ички ишлар вазирлиги тизими ходимларини ҳақорат қилган видеомурожаатини жойлаштириб, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаган", дейилади бошқарма хабарида.

Расмий хабарда Отажонов терговга қадар текширув жараёнида видеомурожаатидаги гапларни жаҳл устида айтгани, "республика ҳукумати ва ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳеч қандай шахсий адовати йўқлиги"ни таъкидлагани ва қилган ишидан пушаймонлигини билдиргани борасида сўз боради.

Бундан аввал президент сайловида иштирок этиш ниятини билдирган собиқ хонанда 11 июль куни сиёсатдан кетгани ва яна санъатга қайтажагини эълон қилган эди.

Августдан маҳаллий вакцина

Ўзбекистонда август ойидан бошлаб коронавирусга қарши ўзбек-хитой вакцинаси ишлаб чиқара бошланади.

Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар бермоқда.

Билдирилишича, 24 июль куни Ўзбекистон томони ва хитойлик масъуллар ўртасида ўтган учрашувда билан бу борада меморандумга эришилган.

Томонлар илк босқичда мамлакатда 10 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ишлаб чиқариш, кейинчалик бу кўрсаткични 200 миллион дозага қадар олиб чиқиш имконияти бўйича фикр алмашганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek