You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Афғонистон ва хавфсизлик: Ўзбекистон яна бир бор расман қатъий огоҳлантирди, расмий Тошкент нима қилмоқчи? O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бир ҳафтанинг ўзида икки бор кетма-кет расмий баёнот билан чиқди. Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний ўтишга уринишлар қатъий бартараф этилиши билан такроран огоҳлантирди.
Аммо вазирликнинг кеча, душанба кунги расмий баёнотидан ҳам бу билан айнан нима кўзда тутилаётгани тафсилотлари ноаён қолди.
Сўнгги расмий баёнот мазмунидан маълум бўлишича, шу йилнинг 26 ва 27 июнь кунлари яна Афғонистон томонидан Ўзбекистон чегарасини бузиш ҳолатларини қайд этилган.
Жами 50 га яқин Афғонистон чегара қўшинлари, маҳаллий қуроллилар ва куч ишлатар тизимлари вакиллари Ўзбекистон чегарасини бузган, мамлакат ҳудудига кирган.
Вазирлик ўзининг бу галги баёнотида ҳам чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳаракати Афғонистоннинг Шўртепа тумани ҳудудидан содир этилганини маълум қилган.
Шимолий Балх вилоятининг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бу тумани ҳозир Толибон назорати остида бўлади.
Толиблар Шўртепа назоратини 26 июнь куни ўз қўлларига киритишгани хабар қилинган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расман маълум қилишича, чегарани бузиб ўтганларнинг барчаси бу гал ҳам Афғонистонга қайтарилган.
Вазирликнинг 28 июнь кунги расмий баёноти Ўзбекистон президенти матбуот котибининг брифингдаги савол-жавобдан саноқли соатлар ўтиб, бўй кўрсатган.
Шерзод Асадов савол-жавоб чоғида сўнгги кунларда Афғонистон томонидан бир неча бор Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтишга уринишлар бўлганини расман маълум қилган.
Аммо Афғонистоннинг айнан қай бир ҳудуди орқали, қачон, кимлар ва нега бундай қилмоқчи бўлишгани тафсилотлари ноаён қолганди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги сўнгги вазият борасида илк бор шу йилнинг 24 июнь куни расмий баёнот билан чиққан.
Ўшанда 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар вакилларининг айнан Шўртепа туманидан Ўзбекистонга ўтишганини билдирган.
Ҳар икки баёнот тафсилотларидан сўнгги бир ҳафта ичида бунга ўхшаш ҳаракат уч маротаба содир этилгани, жами 100 нафар афғонистонликнинг Ўзбекистон чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтишга урингани маълум бўлган.
Аммо маҳаллий қуролли гуруҳлар, дейилганда, айнан кимлар назарда тутилгани тафсилотлари ноаён қолган.
Бошқа томондан, толиблар ҳужумларининг кучаяётгани манзарасида Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ҳам қудратли собиқ мужоҳиддин қўмондонлари ўз тарафдорларини қуроллантиришаётгани, оддий одамлар ҳам ўз қўлларига қурол олишаётгани маълум.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Ўзбекистон мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркибининг жанговар шайлигини синовдан ўтказаётган бир пайтда кузатилган.
Шу соатларда Мудофаа вазири барча куч тузилмаларининг жанговар шайлигини синовдан ўтказгани, шахсан ўзи СУ-25 қирувчи самолётида чегарани бузиб ўтган шартли душманга авиазарба берилишини бевосита кузатганига оид хабарлар ҳам олинган.
Ўзбекистон Қуролли кучлари минтақадаги энг йириги ва жанговари сифатида эътироф этилади.
Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўзининг сўнгги расмий баёнотида ҳам Ўзбекистон ҳукумати нейтралитетни сақлаш ва қўшни мамлакат ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилишини яна бир бор таъкидлаган.
Расмий Тошкент Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини давом этдиришга хайрихоҳ эканлигини билдирган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг устма-уст баёнотига Афғонистон томонининг расмий муносабати ҳалича маълум эмас.
Афғонистон масъул идораларининг бу хусусда бирор бир расмий жавоб баёноти билан чиқишгани ҳозирча кўзга ташланмайди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳайъат эса, ҳозир бир неча кунлик амалий ташриф билан Вашингтонда.
Айрим экспертлар у ердаги музокаралар чоғида ҳам хавфсизлик - кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлишини тахмин этишмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Қўшма Штатларга амалий ташрифи арафасида америкалик телебошловчи Деннис Уолига берган интервьюсида "толиблар 40 йил ичида Афғонистоннинг миллий чегараларидан ташқарида - Марказий Осиёда ҳам, Европада ҳам, бошқа жойларда ҳам теракт уюштиргани ҳақида битта мисол келтириб бўлмаслиги" фактига тўхталиб ўтгани кўрилган.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Шимолий Балх Афғонистоннинг Ўзбекистонга қўшни ягона вилояти саналади.
Бу икки қўшни давлатни 144 километрга узанган чегара ва стратегик аҳамиятга эга Ҳайратон кўприги боғлаб туради.
Толибон сўнгги ҳафталарда Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.
Бу минтақаларда жами ўттиздан ортиқ туманни босиб олган.
Уларнинг ярмидан кўпроғи айнан Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош вилоятлари ҳисобига тўғри келиши маълум бўлган.
Минтақадаги мухбирларимизнинг айтишларича, ҳозирга келиб, толибларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги ҳужумлари шиддати сусайган, вазият нисбатан тинчиган.
Аммо, уларга кўра, ҳозир ҳам ўттиздан ортиқ туман аксариятининг назорати толиблар ихтиёрида қолмоқда.
Афғонистон Қуролли кучлари айрим жанубий вилоятлар қаторида Балхда ҳам тозалаш амалиётини бошлашган.
Сўнгги соатларда Афғонистондаги айрим маҳаллий нашрларда ҳукумат кучлари шимолий Балх вилоятининг Ўзбекистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош Калдор тумани назоратини қайтариб олишганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Толиблар шанба куни Шўртепадан кейин бу туманни ҳам босиб олишганини даъво қилишган, аммо маҳаллий полиция кучлари Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда уларнинг бу иддаоларини расман тасдиқламаганди.
Аммо, мухбирларимизга кўра, ҳозир бундан бошқа минтақада бирор бир йирик ҳарбий амалиётга ҳозирлик кўрилаётгани нишоналари кўзга ташланмайди.
27 июнь куни Калдордаги жанглар юзасидан Тожикистон томони расмий баёнот билан чиққан.
Тумандаги чегара пости учун толиблар билан кечган қақшатқич жанглардан қочиб, йигирмага яқин афғон ҳарбийси яна Тожикистон томонига қочиб ўтганини расман тасдиқлаган.
Тожикистон чегарачилари инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларидан келиб чиқиб, давлат чегарасини бузган афғон ҳарбийларига бу гал ҳам ўз ҳудудларига эркин киришга рухсат беришганини маълум қилган.
Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот хизматининг 27 июнь кунги мазкур баёнотида Калдор туманининг Чукчук чегара участкасида вазият танглигича қолаётгани, толиблар ва афғон ҳукумат кучлари ўртасида жанглар ҳануз давом этаётгани ҳам айтиб ўтилганди.
Толиблар 22 июнь куни Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасидаги асосий ўтиш нуқтасини босиб олишган, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик Шерхон бандаргоҳини қўлга киритишган.
Тожикистонлик масъуллар ўшанда ҳам толибларнинг ҳужумларига дош беролмай, 130 дан ортиқ афғон ҳарбийсининг ўз ҳудудларига қочиб ўтишганини маълум қилишган.
Лозим бўлса, Тожикистон 10 минг афғон қочқинини қабул қилишга тайёр эканлигини ҳам расман билдиришганди.
Афғонистон томонидан чегарани ноқонуний бузиб ўтишга уриниш ҳоллари юзасидан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларининг расмий мавқеи шу кунларда айрим йирик минтақавий нашрлар эътиборига тушган мавзулардан бирига айлангани ҳам кўрилган.
Афғонистон эса, дунёнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана топиб, жон сақлаб келаётган ягона давлати бўлади.
Россиядан бугун, сешанба куни олинаётган хабарларга кўра, Афғонистон билан чегарасидаги вазият сабаб, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Тожикистонга барча лозим кўмакни беришга тайёр эканини билдирган.
Бу ҳақда ташкилот матбуот котиби Владимир Зайнетдиновга иқтибосан Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги хабар берган.
Аммо, хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Тожикистон ҳалича бу хусусда бирор бир ёрдам сўраб, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига мурожаат қилмаган.
Ушбу ташкилот жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тезкор кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.
Толибларнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида кучайгани манзарасида яқинда Қирғизистонда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти тезкор кучларининг ўқув машғулотлари бўлиб ўтишига оид хабарлар ҳам олинганди.
Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги бу ташкилотга кирмайди.
Аммо Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган, қайта тиклаш ишларига фаол ва расман бош қўшган ягона минтақа давлати бўлади.
Расмий Тошкент ўзининг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ҳам расман ва ошкора баён қилиб ҳам келади.
Толибон Тошкентга 2019 йилги амалий ташрифи чоғида Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.
Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Бародар Ахунд ўзларининг АҚШ билан имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини айтган.
"Худди шу нуқтаи назардан, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.
"Ўзбекистон билан қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланиши, илиқ ва самимий муносабатлар ҳар икки мамлакат барқарорлиги учун хизмат қилишига ишончи комиллиги"ни билдирганди.
Шу соатларда Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан телефон мулоқотида ҳам Афғонистондаги, жумладан, ушбу мамлакат шимолий чегараолди ҳудудларидаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилганликлари расман хабар берилган.
Туркманистон Тожикистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун чегарага эга иккита давлатидан биттаси бўлади.
Толиблар сўнгги бир неча ҳафта ичида Афғонистон шимолида энг кўп туманларни қўлга киритган иккита вилоятдан биттаси ҳам Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek