Толибон Ўзбекистон, Марказий Осиё чегараларига янада яқинлашдими? Афғонистон ва хавфсизлик O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Published

Толибон Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балхда беш туманни эгаллаган. Сўнгги икки ҳафта ичида Афғонистоннинг Марказий Осиёга қўшни минтақаларида йигирмадан ортиқ туман назоратини қўлга киритган. Уларнинг ярмига яқини Туркманистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош туманлар экани айтилмоқда.

Минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбонга кўра, шу кунларда, айниқса, шимолий Фарёб ва Таҳор вилоятлари толибларнинг шиддатли ҳужумлари остида қолган.

Унинг айтишича, толиблар сўнгги ҳафталарда Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида босиб олишга муваффақ бўлган энг кўп туманлар ҳам айни шу икки вилоят ҳисобига тўғри келади.

Сўнгги кунларда Афғонистоннинг минтақага туташ айрим шимолий вилоятларида толибларга қарши оддий одамларнинг ҳам қўлларига қурол олишганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Фарёб Афғонистоннинг Туркманистонга, Таҳор эса, Тожикистонга бевосита чегарадош вилоятлари бўлади.

Фарёб ва Таҳор Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари 2014 йилда Афғонистонни оммавий тарк этишаркан, мамлакатнинг хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий ёмонлашган икки шимолий вилояти саналади.

Кеча, якшанба куни толибларнинг яна бир бор Фарёб вилояти маркази - Маймана шаҳрига яқинлашганликларига оид хабарлар олинган.

Ижтимоий тармоқларда одамларнинг қўрқув ичида шаҳарни тарк этишаётганига оид видеотасвирлар ҳам бўй кўрсатган.

Мавжуд вазият Маймананинг ҳам толиблар қўлига ўтишига оид хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.

Аммо Кобулдаги асли фарёблик мухбиримиз Шафий Бек ўғлининг айтишича, ҳозирга келиб Майманада вазият нисбатан тинчиган.

Вазиятни яқиндан ўрганиш учун шаҳарга Афғонистон Қуролли кучларининг айрим юқори мартабали ҳарбийлари ҳам ташриф буюришган.

Фарёб Афғонистоннинг стратегик жиҳатдан муҳим, Афғонистоннинг қолган шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларига дарвоза сифатида кўрилувчи вилояти сифатида кўрилади.

Толиблар бундан аввал ҳам вилоят марказини қўлга олишга бир неча бор уриниб кўришган, аммо бунга муваффақ бўлишмаган.

Маймана атрофидаги сўнгги вазият марказий ҳукумат Фарёб вилоятига янги ҳоким тайин этиши ва мамлакат куч тизимлари раҳбарларини янгилашидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.

Бунгача қарийб икки ой давомида вилоятни собиқ ҳоким ўринбосари вақтинчалик бошқариб келган.

Афғонистон президенти шанба куни мамлакат Мудофаа, Ички ишлар вазири ва Қуролли кучлари Бош қўмондонини янгилаган.

Амалдагиларининг ўрнига вақтинча вазифа бажарувчи қилиб янги шахсларни тайинлаган.

Айнан Афғонистон шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, мамлакат раҳбарияти сўнгги ҳафталарда ўзининг уруш стратегияси ва масъул лавозимларга кадрлар танлаш борасидаги қарори юзасидан кескин танқидлар остида қолган.

Бу каби танқидлар устма-уст Афғонистон парламентидан ҳам янграган.

Депутатлар афғон ҳукуматини мамлакат шимолидаги вазиятга беэътиборликда ҳам айблашган.

Масъуллар толибларнинг сўнгги ютуқларини "тактик чекиниш" билан изоҳлаб, бу туманлар назоратини қайта ўз қўлларига олишларини баён қилиб келишаётганди.

Толиблар эса, айнан шу дам олиш кунларида Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўндан ортиқ туман назоратини қўлга киритишган.

Сўнгги вазиятга Афғонистон янги Мудофаа, Ички ишлар вазирлари ва мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондонининг муносабати маълум эмас.

Аммо янги тайинловларини эълон қилган шанба кунги чиқишида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани толибларни огоҳлантирган.

"Агар Толибон душманлик истаса, бунга жиддий жавоб беришлари"ни айтган.

Бугун, душанба куни афғонистонлик ҳарбийлар мамлакат шимолидаги айрим туманларни толиблардан қайтариб олишга муваффақ бўлишганини ҳам иддао қилишган.

Шу соатларда айрим минтақавий нашрлар толиблар Афғонистоннинг Тожикистон билан бевосита чегарадош яна бир вилояти - Қундуз вилояти маркази учун жанг олиб боришаётгани ҳақида ҳам ёзишмоқда.

Сўнгги ҳафталардан кечаётган жангларда ҳар икки томондан ҳам ўнлаб қурбонлар ва яраланганлар борлиги айтилади.

Урушлар оддий аҳоли орасида ҳам талафотларга сабаб бўлаётганига оид жиддий хавотирлар ҳам бор.

Афғонистондаги айрим етакчи интернет нашрларининг ўз манбаларига таяниб, эълон қилган маълумотларига таянилса, толиблар сўнгги икки ҳафтада бутун мамлакат бўйлаб ўттиздан ортиқ туман марказини босиб олишга муваффақ бўлишган.

Мухбирларимизнинг хабарларидан бу туманларнинг ярмидан кўпроғи айнан мамлакат шимоли ва шимоли-шарқига тўғри келиши англашилган.

Толиблар энди ўз эътиборларини шаҳарларга қаратиш ниятида эканликларига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Ўтган йили ўз тарихида илк бор расмий Вашингтон билан тинчлик битими имзолашга муваффақ бўлган ва ҳозир афғонлараро мулоқотга бош қўшгандек кўринган Толибон ҳаракати ҳалича ўзининг бу йилги баҳорги амалиётларини эълон қилмаган.

Уларнинг бу қадар фаоллашуви, бошқа томондан, АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари Афғонистонни буткул тарк этаётган бир пайтга тўғри келган.

Бугун жанг жабҳасида кузатилаётган вазият айни шу икки жиҳати билан ҳам алоҳида хавотирга сабаб воқеъликка айланган.

Туркманистон ва Тожикистон эса, Марказий Осиёнинг Афғонистон билан энг узун ва яхши ҳимояланмайдиган чегарага эга икки давлати бўлишади.

Бу чегараларнинг қанчалик мустаҳкамлиги орада Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти қадар дунёнинг йирик ва нуфузли ташкилотларининг жиддий хавотирларига сабаб бўлма қолмаган.

Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош минтақаларида толибларнинг бу қадар фаоллашувига ҳозирча бу икки минтақа давлатининг расмий муносабати маълум эмас.

Аммо Душанбе яқинда Тожикистон раиси бўлган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг йиғинида Афғонистондан келаётган ташқи таҳдид масаласини муҳокама этиб олган.

Россия шамсияси остидаги ушбу ташкилот жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.

Глобал коронавирус пандемияси шароитида мамлакатни ташқи ташрифлардан деярли иҳоталаб олган Туркманистон эса, яқинда пойтахт Ашхободда Афғонистон толибон ҳаракати сиёсий қаноти раҳбари Мулла Бародар Ахунд билан музокаралар олиб борган.

Аммо икки томон ўртасида шу йил февраль ойида кечган музокаралар тафсилотлари ноаён қолган.

Минтақадаги ягона нейтрал давлат саналувчи Туркманистон Ўзбекистон билан бирга Афғонистондаги тинчлик жараёнлари билан боғлиқ музокараларга мезбонлик қилиш истагини билдириб келаётган иккита Марказий Осиё давлатидан биттаси бўлади.

Айнан нейтрал мавқеи боис, Туркманистоннинг бундан аввал ҳам толиблар билан алоқалари зиддиятли бўлмагани кўрилган.

Аммо бундан аввал туркманистонлик чегарачилар бир неча бор ўз ҳудудларида афғонистонлик қуролли шахсларнинг ҳужумларига учрашгани, натижада бир қанча туркман қўриқчисининг ҳалок бўлгани ҳам хабар берилган.

Бунинг ортидан, айрим минтақавий нашрлар Туркманистон Афғонистон билан ўзаро чегарасини мустаҳкамлаш учун "мислсиз чоралар"га қўл уришга киришгани ҳақида ҳам ёзишган.

Сўнгги йилларда қуроллиларнинг Афғонистондан Тожикистонга ноқонуний ўтишга уриниш ҳолларининг ҳам сезиларли даражада ортгани кузатилган.

Аммо ҳар икки минтақа давлати мисолида ҳам бу қуроллилар якунида кўп-да ноқонуний гиёҳванд моддалар контрабандаси ва савдоси билан шуғулланувчи шахсларга нисбат берилган.

Туркманистон Ўзбекистон каби минтақанинг Афғонистондаги иқтисодий манфаатларини ошкора баён этиб келаётган иккита давлатидан биттаси бўлади.

Афғонистонни электр энергияси билан таъминлаб келаётган минтақа давлатларидан ҳам бири бўлади.

Шу йил бошида Туркманистон Афғонистон билан бирга учта муҳим қўшма иқтисодий лойиҳани тақдим этган.

Бу лойиҳалар икки давлат ўртасидаги темирйўл, энергетика ва коммуникация алоқаларини янада мустаҳкамлашни кўзда тутиши айтилган.

Афғонистон Туркманистон билан 2016 йил охиридан бери темир йўл билан боғланган.

Туркманистон-Афғонистон-Тожикистон темир йўли айнан шимолий Фарёб вилоятида жойлашган Оқина қуруқлик порти орқали ўтади.

Унинг Оқинани вилоятнинг Андхўй шаҳри билан боғловчи сўнгги участкаси шу йил бошида расман ишга туширилган.

Бу Марказий Осиёни Эроннинг денгиз бандаргоҳларига уловчи минтақавий темир йўл лойиҳасининг бир қисми экани айтилади.

Расмий Ашхобод, бундан ташқари, Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон оша ўтувчи йирик газ қувури қуриш режасида.

Аммо мазкур TAPI лойиҳасига ижросига 2017 йил киришилгани айтилса-да, Туркманистон айнан Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сабаб, йилларки, ўз лойиҳасини амалга оширолмай келади.

Шу йил февраль ойида пойтахт Ашхабодда кечган икки томонлама музокаралари ортидан, Толибон TAPI илова Туркманистоннинг Афғонистондаги иқтисодий лойиҳаларини дастаклаш ва ҳимоя қилишга ваъда берганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатганди.

Афғонистон шимолидаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, толиблар сўнгги ҳафталарда мамлакатнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балх вилоятида ҳам беш туман назоратини ўз қўлларига олишган.

Бугун, душанба куни вилоятдаги яна бир туманни босиб олганликларини иддао қилишган, аммо уларнинг бу даъволарини масъуллар ҳалича тасдиқлашмаган.

Толиблар шу соатларда ўзларининг Мозори Шариф шаҳрига 15 километрча яқинлашганликлари иддао қилинган видеоларини ҳам чоп қилишган. Уларнинг бу даъволари ҳам ҳозирча расман ўзининг тасдиғини топмаган.

Аммо, мухбиримизга кўра, толиблар Балхда ҳалича Ўзбекистон билан бевосита чегарадош бирор бир туманни тасарруф эта олишмаган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги вазият одатдагидек, темир йўл, автомобиль ва одамлар қатновида бирор бир ўзгариш сезилмайди, ўзаро чегарада фавқулодда эҳтиёт чоралари кўрилгани кўзга ташланмайди.

Афғонистонни Ўзбекистон билан Ҳайратон (собиқ Дўстлик - таҳр.) кўприги боғлаб туради.

Ўзбекистоннинг Амударё кўприги устидан ўтувчи ва Термиздан Мозори Шарифга узанган темир йўл Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи иккита муҳим йўлдан биттаси сифатида кўрилади.

Туркманистонга ҳам улаш режаси баён қилинган ушбу йўл, йилларки, Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари учун Шимолий таъминот тармоғининг энг муҳим қисми бўлиб келган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Би-би-си Ўзбек хизмати муносабатларини сўраб, ўтган ҳафта Ўзбекистон мудофаа вазирлигига ҳам мурожаат қилган.

Вазирлик сўзчиси Ўзбекистон "ўз чегаралари хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлашга қудрати" етишини айтиб жавоб берганди.

Толибоннинг ҳужумлари Афғонистон шимолидаги қудратли собиқ мужоҳиддин қўмондонларини ҳам ташвишга солмай қўймаган.

Афғонистоннинг собиқ биринчи вице-президенти, таниқли ўзбек қўмондони, маршал Абдулрашид Дўстумнинг ўзи жангга кирган, ҳарбий амалиётларга бошчилик қилишни бошлагани ҳам кўрилган.

Балхнинг собиқ қудратли ҳокими эса, унга Толибонга қарши кучларини мувофиқлаштириш, бирлашиш таклифи билан чиққан.

Атто Муҳаммад Нурнинг бу таклифини маршал Абдулрашид Дўстум хуш қаршилагани айтилган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда маршал Дўстумнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Ўша пайтда генерал мақомидаги Дўстум Афғонистоннинг биринчи вице-президенти эканида ҳам бу минтақаларда толибларга қарши қатор йирик ҳарбий амалиётларга бошчилик қилган.

Аммо ҳар гал толиблар қайта фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Аммо толиблар биргина шу дам олиш кунларининг ўзида Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида яна ўндан ортиқ туманни босиб олишар экан, бунга икковлоннинг муносабати ҳозирча кўзга ташланмаган.

Ҳозир Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида жанг қилаётган толибларнинг сони бир неча мингга нисбат берилади.

Улар аксариятининг маҳаллий ўзбеклар, туркманлар ва аймоқлар экани айтилади.

Сўнгги йилларда маҳаллий масъуллар бу минтақаларда толиблардан ташқари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг ҳам фаоллашаётганидан хавотир билдиришган.

Орада ҳаракат тўлиғича байъат келтирган Яқин Шарқдаги "Исломий Давлат" гуруҳининг Афғонистоннинг шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларига ҳам сизиб киришга уринаётганига оид хабарлар олинган.

Аммо 2019 йилда айнан Афғонистон шимолида толиблар билан кечган жангларда улар аксариятининг тор-мор этилгани, яна кўпчилигининг афғон хавфсизлик кучларига таслим бўлишгани, омон қолган "бир неча ўнлаби"нинг "жон сақлаш" мавқеида экани ҳам айтилган.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси 144 километрга узанган, мамлакатнинг қолган ташқи чегаралари билан қиёсланганда, энг қисқаси бўлади.

Аммо Ўзбекистоннинг бу чегараси Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида энг кучли қўриқланувчиси бўлган.

Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, жанубий қўшнилари билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш режасини изҳор этаркан, сўнгги тўрт йил ичида Афғонистон билан ҳам борди-келди енгиллашган.

Афғонистон томони ўтган йил бошида глобал коронавирус пандемияси Ўзбекистон Ҳайратонни бир томонлама ёпганини айтган, аммо саккиз ойлик танаффусдан сўнг, яна очгани маълум бўлганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek