You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Сўх масаласига шахсан президент ойдинлик киритди, расмий Тошкент ҳозирча жим – Ўзбекистон ва Қирғизистон, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Published
Сўх масаласига шахсан президент ойдинлик киритди, расмий Тошкент ҳозирча жим - Садир Жапаров ҳам Сўхга йўлак эмас, авиқатновга рухсат берганликларини айтди. Президент сайтида нега дастлаб бошқача маълумот берилгани сабаби маълум эмас. Бунга ойдинлик киритиш уринишлари ҳозирча самара бергани йўқ.
Сўх йўли
Икки қўшни давлат раҳбарларининг Тошкентдаги музокаралари чоғида Сўх йўли масаласини кўтаришгани Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга амалий ташрифидан кун ўтиб, расман маълум бўлган.
Қирғизистон президенти сайтида Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга қилган расмий иш сафари якуни бўйича чоп қилинган маълумотда, "давлат Сўх анклавига транспорт ва ҳаво йўлларини очишга тайёр"лиги ҳақида хабар берилган.
Аммо, орадан кўп ўтмай, бу маълумот сайтдан ўчирилиб, бошқа хабар жойлаштирилган.
"Қирғизистон Ўзбекистоннинг Сўх анклавига ҳаво қатновини очишга тайёр", дея ёзилади президент сайтидаги янги баёнотда.
Бундан ташқари, сайтда нафақат баёнотнинг шакли, балки "Ўзбекистон даъво қилмаслиги" айтилган жўғрофий жой номи Унгар-Тўўдан, Ункур-Тўўга ўзгартирилган.
Мазкур расмий баёнот нима сабабдан икки хил берилгани бўйича президент матбуот котиби Галина Байтерек билан боғланиб, изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Бироқ боғлана олмадик.
Унга Facebook ва Whats app тармоғи орқали саволларимизни юбордик. Мақола чоп қилинаётганда ҳам Галина Байтерекдан расмий жавоб бўлмади.
Акс-садолар
Президент матбуот хизмати илк ёйинлаган баёнотидан кейин аҳоли орасида "Қирғизистон Ўзбекистоннинг Сўх анклавига ўтиш учун каридор бермаслиги керак, уни ўзбек аскарлари назорат қилса, Боткен анклав бўлиб қолади", қабилидаги гап-сўз ва хавотирлар кучайган.
Худди шу манзарада аввалига ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Ўмурбек Субаналиев Қирғизистон Ўзбекистоннинг Сўх анклавига йўлак бериши бўйича маълумотни расман рад этган.
"Буларнинг барчаси ёлғон, коридор ҳақида гап бўлмаган. Илгари собиқ президент Бакиев даврида ҳам бундай гаплар айтилган эди. Аммо давлат бундай қилмайди. Биз пандемия пайтида ёпилган постларнигина қайта очмоқдамиз. Биз ҳақиқатан ҳам шароит яратиб беришимиз керак. Фарғона водийсига борадиган бизнинг фуқаролар учун, транзит Сўхга борадиганлар учун ҳам шароит яратаяпмиз. Шунингдек, Лайлакдаги постларни ҳам очмоқдамиз. Чегарадаги савдони кучайтирмоқчимиз", деган расмий.
Бунинг ортидан, Боткен вилоятига борган Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам маҳаллий аҳоли билан учрашув пайтида Ўзбекистоннинг Сўх анклавига коридор берилмаслигини урғулаган.
Кеча, 16 март куни эса, Озодлик радиосининг Қирғиз хизматига берган эксклюзив интервьюсида бу масалага шахсан Қирғизистон президенти - Садир Жапаровнинг ўзи ойдинлик киритгандек бўлган.
Садир Жапаров аввалига Ўзбекистонга амалий ташрифи ва президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралари натижаларига тўхталиб ўтган.
Унга кўра, икки давлат раҳбарлари барча чегара масалаларини яқин уч ой ичида ҳал қилишга келишиб олишган.
Садир Жапаровнинг таъкидлашича, томонлар ушбу мавзу бўйича жиддий келишмовчиликларга эга эмаслар ва 24-25 март кунлари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев зарур ҳужжатларни имзолаш учун Ўзбекистонга боради.
Шунингдек, у сўнгги кунларда жамоатчилик томонидан фаол муҳокама қилинаётган Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклави атрофидаги вазиятга ўз муносабатини билдирган.
"Биз Сўхга ҳаво қатнов рейсларини очишни айтганмиз ва назорат ўтказиш пунктини қайта очишни режалаштирганмиз. Аммо Интернетда мухолифатчилар ва ёмон фикрга эга одамлар "Сўхга йўлак берилади, йўл очилади ва сув берилади", деган фикрни ёйишни бошлади. Бу нотўғри маълумот. Ункур-Тўў (Унгар-Тўў) масаласига келсак, Шавкат Мирзиёев: "Биз даъво қилмаймиз, у сизларга тегишли бўлсин", деб айтган президент Садир Жапаров Озодликнинг Қирғиз хизматига берган интервьюсида.
Сўх анклавига кириш ёки йўлак очиш Қирғизистон-Ўзбекистон музокараларида асосий муаммо бўлиб келган.
Бунгача Қирғизистон ҳукумати коридорни очиш бўйича Ўзбекистон томонининг таклифига ён босмай келган.
2001 йилда ўзаро англашув меморандуми имзоланиб, муаммони хал этиш йўллари кўриб чиқилган ва бу турли мунозаларга сабаб бўлган.
Қирғизистон томони жамоатчилик босими туфайли дарҳол ўз таклифини қайтариб олган.
"Ҳеч қачон амалга ошмайдиган ҳужжат"
Мазкур меморандум атрофида ҳали ҳам кўплаб тахминлар мавжуд.
Ўша даврдаги чегараларни белгилаш бўйича ҳукумат комиссияси раҳбари Саламат Аламанов Би-би-сига меморандум ҳақида гапириб берган.
"Агар биз Сўхга йўлак берадиган бўлсак, бизнинг Боткен ва Лайлак туманимиз анклавга айланади. Меморандум масаласини ҳозир ҳам баъзи ҳолларда чайқовчилик қилишаяпти. Бу меморандумни ёзганимизда, чуқур ўйлаб, амалга ошмайдиган қилиб тайёрлаганмиз. Унга махсус шундай сўзлар қўшилган. У қандай сўз? Йўлак учун бериладиган ер ўрнига бир хил сифат ва майдондаги ер берилиши керак, деб ёзилган. Географ сифатида айта оламанки, дунёда бундай ер йўқ, бўлиши мумкин эмас. Мен борганимда, шундай жойни топиб беринглар, деганман. Ҳеч ким топиб бера олмаган. Меморандумга шу сўз ёзилаётганда, Бош вазирнинг ўринбосари Жўраев тушунди ва у ўрнидан сакраб туриб: "Ҳей, бу ҳеч қачон амалга ошмайдиган ҳужжат бўлаяпти", деган. Мен, бизнинг талаб шундай, деб жавоб берганман", - деб айтган у.
Бугунги кунда Қирғизистон ҳудудида жойлашган тўртта Ўзбекистон анклави мавжуд. Уларнинг энг каттаси Сўх.
Йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида Тошкент Сўх анклавига йўлак очиш масаласини кўтариб келади.
Қирғизистон қўшни давлат йўлнигина очтирмасдан, йўлак бўйлаб ер ва сув ҳам Ўзбекистон қарамоғига ўтади деган хавотирда.
Янги Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничиликка асосланган янгича минтақавий сиёсати натижасида ўтган йил бу йўлни ҳам бир муддат очишга муваффақ бўлган.
Қирғизистон томони эса, сўнгги бор бу йилнинг қисқа фурсатда ёпиб қўйилиши сабабини ўзининг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги билан изоҳлаганди.
Бу орада Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги бу иттифоққа расман кузатувчи сифатида қабул қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида Қирғизистоннинг Барак анклави мавжуд.
Афтидан, икки томон ҳали ҳам анклавлар тақдири тўғрисида бир қарорга келишмаган.
Маълумки, россиялик мутахассислар ушбу мураккаб масалани Россия, АҚШ ва Қозоғистон иштирокидаги беш томонлама комиссияда кўриб чиқишни таклиф қилишган, аммо Қирғизистон уни рад этган.
Садир Жапаров жорий йилнинг 11-12 март кунлари Ўзбекистонга ўзининг илк амалий ташрифини уюштирган, пойтахт Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев билан икки тарафлама музокаралар олиб борган.
Ташриф якунида икки давлат раҳбарлари томонидан қатор келишувлар имзоланган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара масалаларини "уч ой ичида ҳал қилиш" ниятида экани маълум бўлган.
Шавкат Мирзиёев ташриф ортидан уюштирилган пресс-брифингда Қирғизистон президенти билан "чегара бўйича муносабатлари тарихида биринчи марта жуда қаттиқ ва аниқ келишиб олишган"ини айтган.
Брифинг тафсилотларидан томонлар музокаралар чоғида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини ҳуқуқий расмийлаштиришни тез фурсатларда якунлаш бўйича келишиб олишгани маълум бўлган.
Ўшанда ўзаро чегарадаги ўтиш пунткларининг тўлақонли ишлашини таъминлаш бўйича ҳам "амалий қадамлар белгиланган"и билдирилган.
Шавкат Мирзиёев, "бу - халқлари (ечимини - gazeta.uz таҳр.) кутаётган жуда нозик муаммо" эканини айтган.
Ўзбекистон президентининг сўзларидан "Садир Нургожоевич билан ҳар бир чегара масаласи бўйича чегараларни аниқ тавсифлашга келишиб олишган"и маълум бўлган.
Ўзбекистон президенти бунинг ортидан, "Одамлар (ечимини - gazeta.uz таҳр.) кутаётган баъзи масалаларни яқин келажакда аниқ ҳал этишлари"ни баён қилган.
Шавкат Мирзиёев, "Бюрократиясиз, фуқароларига қулай ва яхшироқ бўлиши учун жиддий масъулиятни ўз зиммаларига олишга қарор қилганликлари"ни таъкидлаганди.
Қирғизистон томонининг сўнгги кунларда устма-уст янграётган баёнотларига расмий Тошкент ҳалича ўзининг ошкора муносабатини билдирмаган.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 9 та мунозарали ҳудуд мавжуд бўлиб, у ерда икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддиятлар тез-тез юз бериб келади.
Ўзбекистон ўтган ой маҳаллий аҳоли учун Сўхда аэропорт қуришни бошлаган, маҳаллий кузатувчилар буни Сўх йўли муаммосининг "муқобил ечими" сифатида ҳам кўришган.
Сўхдаги мазкур аэропортдан Фарғона ва Қўқон йўналишларида авиақатновларнинг йўлга қўйилиши айтилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek