You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коррупция текшируви: Молия вазири ўринбосарини прокуратура текширяпти O'zbekiston Yangiliklar Korrupsia
Би-би-сига қўлига Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга Молия вазири ўринбосари фаолияти устидан текширув ўтказишини сўраб ёзган хати келиб тушди.
11 ноябрда Бош вазирнинг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Қўчқоровга йўлланган мактубда айтилишича, Молия вазирининг ўринбосари Абдимухтор Эргашев ўз укаси З. Эргашев раҳбарлигидаги «Бек агро экспорт» ва М.Исмоилов раҳбарлигидаги «Мелек дон агро» масъулияти чекланган жамиятларга умумий ҳисобда 20,3 миллиард сўм ўтказиш бўйича «Агробанк» бошқарувига ва Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига босим ўтказган.
Бош прокурор хатида айтилишича, «Агробанк» ва жамғарма раҳбарлари Молия вазири ўринбосари Эргашевнинг босими ортидан пулларни шу икки фирмага ўтказишга мажбур бўлишган.
Вазирлар маҳкамасининг низомига кўра, тижорат банклари томонидан бошоқли дон экинларини етиштириш учун буюртмалар йилда бир марта, 1 сентябргача тақдим этилиши белгиланган.
Аммо, бош прокурор хатидан аён бўлишича, «Агробанк» жорий йилнинг 26 май кунида Тошкент вилояти Бўка туманидаги «Мелек дон агро» фирмасига 16,3 миллиард сўм ажратган. Сўнгра, хатда айтилишича, бу маблағ ғалла ҳосилини етиштириш учун йўналтирилмасдан, ноқонуний равишда фирманинг айланма маблағини тўлдириш учун ишлатилган.
«Бугунги кун ҳолатига, ажратилган 16,3 миллиард сўм кредитнинг 11,3 миллиард сўми қайтарилмаган» дейилади мактубда.
Шунингдек, расмий мактубдан билинишича, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги «Агробанк» филиали Молия вазири ўринбосари Абдимухтор Эргашевнинг укаси З.Эргашевга тегишли «Бек агро экспорт» фирмасига жорий йилнинг 16 апрелида 4 миллиард сўм маблағ ажратган.
Бош прокурорнинг ёзишича, бу 4 миллиард сўмнинг 2,5 миллиардини З.Эргашев сўнгра ўзи эгалик қилувчи бошқа фирма, «Бек кўмак» фирмасига техник хизматлари учун ўтказиб, «мақсадсиз» сарфлаб юборган.
Хатда айтилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан ишга алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинганда, Молия вазири ўринбосари Абдимухтор Эргашев уларга босим ўтказиб, пулларни ажратишга мажбур қилгани айтилган.
Бош прокурор Бош вазир ўринбосаридан текширув ўтказиб, хулосасини 16 ноябргача Бош прокуратурага тақдим қилишни сўраган. Аммо Би-би-си тасарруфидаги яна бир хатга биноан, Бош вазир ўринбосари 16 ноябрда бундай текширув ўтказишни сўраб Молия вазирига хат йўллаган.
Би-би-си мазкур ҳолат юзасидан Молия вазирлигига мурожаат қилганида, вазирлик матбуот хизмати бундай текширув ҳақиқатдан ҳам олиб борилаётганини тасдиқлади. Матбуот котибининг қўшимча қилишича, текширув қонун доирасида кўриб чиқилади ва қўшимча маълумотлар Бош прокуратура томонидан тақдим этилади.
Матбуот котиби текширув чоғида Молия вазири ўринбосари ўз лавозимидан четлатилгани ё четлатилмагани борасидаги саволга жавоб бермади.
Би-би-си бу иш бўйича Бош прокуратурага ҳам мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ. Бош прокурор хати ҳошиясида ХДФУ, яъни «Хизмат доирасида фойдаланиш учун» белгиси қўйилган.
Абдимухтор Эргашев
43 ёшли Абдимухтор Эргашев ўтган йил сентябрида Ўзбекистон Молия вазирига ўринбосар этиб тайинланганди.
Бунгача у бир йил Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган Эргашев 2000 йил Термиз Давлат Университетини, 2004 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2009 йил Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
2010-2017 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаменти қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва фермерликни ривожлантириш шўъбаси фермерликни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси, 2017-2018 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаган.
Би-би-си айни дамда Абдимухтор Эргашевнинг ўзидан ҳам муносабатини олишга уринмоқда. Би-би-си барча томонларнинг фикр ва муносабати учун очиқ.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek