You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Яқинда Риштонда туяқуш пойгаларини бошлаймиз – туяқуш фермасига саёҳат O'zbekiston
Риштонликлар ўзининг тадбиркорликда турли янгиликларга қўл уриши билан машҳур. Бу мўъжаз туманда Ўзбекистон учун ноодатий жонивор - туяқушлар биринчилардан бўлиб кўпайтира бошланган.
Би-би-си туманда жойлашган Страус Фарм наслдор туяқушчилик фермасида меҳмон бўлди:
Ферма ходими Комилжон Аҳмаджонов аксар ўзбекистонликлар учун нотаниш бўлган бу ғаройиб ҳайвоннинг гўшти, тухуми, озиқланиши ва ҳатто кўпайишига қадар бўлган кўплаб қизиқарли маълумотларни сўзлаб берди.
Комилжоннинг айтишича, туяқушнинг тухумидан тортиб то пати ва, ҳатто, кипригигача пул.
Туяқушлар бўйича бу жониворнинг гўштини истеъмол қилиш Ўзбекистонда кенг оммалашса, гўшт билан мавжуд муаммолар барҳам топишини айтади.
"Ойлигим контрактга, боғдан даромад рўзғорга"
"Ўзбекистон ҳавосига 100 фоиз мослашган"
2015 йилда ташкил топган Страус Фарм фермаси туяқушларни саноат даражасида кўпайтириш, мазкур ҳайвоннинг гўшти ва терисини етиштириш билан шуғулланади.
Фермада 1,5 йилдан буён меҳнат қилиб келаётганини айтган Комилжон ёввойи ҳолатда фақат Африка қитъасидагина учрайдиган туяқушлар Ўзбекистон иқлимига тўлиқ мослаша олганини билдиради.
"Аслида булар ўтхўр. Тез катта бўладиган ҳайвон экан - бир йилнинг ичида катта бўлади. 80-100 килогача вес қилади. Кейин бунинг танасидан тортиб, териси, кипригигача пулда. Териси ҳам қимматбаҳо - тимсоҳникидан кейинги ўринда туради", сўзлайди у.
Комилжон туяқушлар икки яшарлигида вояга етишини айтади.
Унинг сўзларига кўра, туяқушларни боқиш қийин эмас. Уларга кунига 1-1,5 килограмм дон ва 2-3 литр сув беришнинг ўзи кифоя.
"Булар жуда чиройли ҳайвон. Ҳар куни қанотларини ёйиб, ўйнаб туради. Югуришни яхши кўради. Шунинг учун катта майдонда жой қилиб қўйганмиз".
Комилжон фермага ишга келгунга қадар туяқуш кўрмаганини билдиради.
"Олдин қўрқар эдим. Энди бемалол ичига кириб, тухумларни териб юрибман. Анча дўстлашиб олдик. Секин-секин минишни ҳам ўрганяпман", кулади у.
Унинг сўзларига кўра, туяқуш миниш кўпчилик ўйлагандек қийин ва хавфли эмас.
"Бемалол битта одамни кўтариб, айлантириб юраверади. Бир-икки кун машқ қилсангиз, сизни олиб кетаверади. Ташлаб кетмайди ё йиқитмайди".
"Пойга майдон ташкилладик. Энди худо хоҳласа, у ерда одамларга томошалар қўямиз", давом этади у.
Вафодор жониворлар
Комилжон фермага Африкадан олиб келинган илк 35 та қуш ҳозирда 200 тага етганини айтади.
Унинг маълум қилишича, «африкалик» ва «ўзбекистонлик» туяқушлар ўртасида фарқ мавжуд.
"Бизда очилган жўжалар тез катта бўлади, танасига тезроқ вес олади. Иқлимизга осонроқ мослашади", тушунтиради у.
Ходим туяқушларда ҳам ўз кўпайиш мавсуми бўлиши, бу вақтда макиёнлар хўрозларни ўзига жалб қилишга интилиши ҳақида ҳам сўзлайди.
"Тез кўпайидию, лекин ўша вақтда кўздан йироқ, тинчроқ жой бўлиши керак. Буларнинг кўпайиши ўзимизнинг товуқларникига ўхшайди".
Бироқ у туяқушларнинг яшаш тарзида аксар ҳайвонларда учрамайдиган бир жиҳат кўзга ташланишини айтади - вафодорлик.
"Кўпайиш мавсумида макиёнлар ўзини кўрсатиш учун ўйинга тушади. Ёки бўлмаса, ерга ётиб, қанотини қоқади. Энг қизиқ томони битта хўрознинг иккита макиёни бўлади. Шулар билан юради. Бошқа хўроз ё макиёнлар бу оилага аралашмайди. Жуфтларини алмашишмайди", изоҳлайди у.
Гўшт муаммосига ечим
Кўплаб йиллардан буён Ўзбекистонда гўшт ва гўшт маҳсулотларининг нархи осмонда экани, аксарият оилаларнинг ойда бир марта бўлсада, гўшт олиб ейишга қурби етмаслиги айтиб келинади.
Комилжон эса боқиш осон ва арзон бўлгани ҳам тез етилганидан туяқушчиликни ривожлантириш ушбу муаммога ечим ўлароқ хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлайди.
"Гўшти анчайин ширин, витаминга бой ва пархезбоп, лекин бу гўштга одамларда эътибор кучли эмас. Гўшти тоза. Кўпчилик ўйлагандек, гўштида ҳеч қандай ҳид йўқ. Яна гўшти қоп-қора, лаҳм бўлади".
У туяқушчилик саноати ривожланса, мазкур ҳайвонларни кўпайтириш, боқиш ва сақлаш харажатлари анчайин камайишини тахмин қилади.
"Худо хоҳласа, ҳали одамларнинг молхоналарида туяқушлар бўлади. Бу қушларни боқиш мўл-қўй билан шуғулланишдан ўн баробар яхшироқ, деб ўйлайман".
"Одамлар буни боқса, ҳеч қандай зиён қилмайди. Фермамиз очилганига беш йил бўлган бўлса, биз ҳали минусга кирганимиз йўқ. Яхши кетяпти", сўзлайди у.
Ўзбекистон: Энди ҳалол миллионерлар пайдо бўладими? - Президент Шавкат Мирзиёев бунга қарши эмаслигини айтди:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek