You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: 21 минг долларга сотмаган кўзамни музейга топширмоқчиман - риштонлик кулол O'zbekiston
Риштон ўзининг асрларга татигулик кулолчилик санъати билан машҳур. Туман яшовчиси Равшанбек Тожиддинов эса анъанавий кулолчиликни замон нафаси билан уйғунлаштириб, йирик кулолчилик бизнесига асос солган.
Тадбиркор ўзи ташкил этган Корон кулолчилик маркази ва сопол буюмлар ишлаб чиқараладиган цехи бўйлаб Би-би-си учун махсус сайр ташкил этди.
Биз лой қоришдан бошлаб то тайёр маҳсулотларни экспортга тайёрлашга қадар бўлган жараённи биргаликда кўздан кечирдик.
Тожиддинов ўзи билан касаначалик асосида ҳамкорлик қилувчи 300 га яқин кулол ва наққошлар унинг бизнеси ёрдамида рўзғор тебратиб келишини айтади.
Бироқ бутун дунёда давом этаётган пандемия тадбиркор-кулолнинг бизнесига ҳам ўз таъсирини ўтказган.
Айни вақтда, у ишчи ходимлари ва ҳамкорларини мавжуд молиявий инқироздан асраб қолиш йўлида ҳукумат кўмаги ва эътиборига муҳтож эканини билдиради.
Тирикчиликдан бизнесга қадар йўл
Қарийб 30 йилдан буён кулолчилик билан шуғулланиб келаётган бу инсон ўз фаолиятини оддий лойчиликдан бошлаганини айтади.
"1994 йилдан буён кулолчилик билан шуғулланиб келаман. Ҳозирда етмишга яқин шогирдларим бор", сўзлайди у.
У ўтган йиллар давомида Корон кулолчилик марказига асос солиб, бадиий кулолчилик маҳсулотларини катта кўламда хорижга экспорт қилишни йўлга қўйган.
"Мен ҳунарманд-тадбиркорман. Ютуғим ҳам шунда. Ҳунарманд маҳсулотини бир марта сотади, бир марта фойда кўради. Мен ўзим ишлаб чиқарганларимни олиб бориб ўзим сотаман".
"Ўзингиз сотсангиз, харидор билан юзма-юз бўласиз. Унинг хоҳишини ўзингиз кўрасиз, у нима истаётганини англайсиз. Шунинг ҳисобига бизда кенгайиш, ривожланиш бўлиб кетди", давом этади у.
Тожиддинов каттакон бинода жойлашган марказда ҳам ишлаб чиқариш цехи, ҳам кўргазмалар залини ташкил этган.
Залга кирилган заҳоти сопол идишларнинг турфа-хиллиги, ранг-баранглиги кўзга ташланади.
Маҳсулотлар орасида бир-бирини такрорлайдиганини учратиш эса амри маҳол.
Замонавий кулолчилик
Тожиддинов бино ертўласида жойлашган лой қориш цехини кўрсатишга рози бўлди.
Бу ерга олиб келинган тупроқ замонавий технология асосида тайёр, пишган лойга айлантирилади.
"Агар лойни ота-боболаримиздек қўлда тайёрласак, ҳеч қанча маҳсулот тайёрлай олмаймиз. Бу ерда ҳамма жараён техника ёрдамида амалга оширилади. Одамнинг қўли деярли лойга ботмайди", тушунтиради у.
Тайёр лой эса марказда меҳнат қилаётган кулоллар қўлида бетакрор идиш ва совғабоп маҳсулотларга айланади.
Равшанбек Тожиддинов харидорлар билан ўзи мунтазам мулоқотда бўлганидан ҳам анъанавий кулолчиликни замонавийлаштириш зарурлигини тушуниб етганини таъкидлайди.
"Ранглардан фойдаланган ҳолда маҳсулотларимизнинг жилосини янада очиб беришга муваффақ бўлдик. Бироқ, ўз навбатида, Риштонимизнинг анъанавий мовий, зангори рангларидан ҳам воз кечмадик", дейди у.
"Биз инновация қилиб, янгилик яратмасак маҳсулотимизни экспорт қилишнинг имкони бўлмади. Янгилик қилиш, турли ранглардан фойдаланашимизга тўғри келди. Бозор шу нарсани биздан талаб қилди", қўшимча қилади тадбиркор.
Кўргазма залида бўйи икки метрдан зиёд икки улкан кўзага кўз тушади.
Улар Тожиддинов тилга олган янгиликлар инъикосидир.
"Каттакон идишлар ясашни ўзлаштиришимизга икки йилдан кўпроқ вақт кетди. Катта идиш тайёрлашнинг ўзи бўлмас экан. Уни лойдан тиклаш бир синов бўлса, пишириб олиш янада катта муаммо", сўзлайди у.
Кулол бу идишлар эвазига катта пул таклиф қилингани, аммо у меҳнати маҳсулини сотиш ниятида эмаслигини айтади.
"Даниялик эр-хотин меҳмонларимиз бу кўзаларни кўриб қолиб, қанчага бўлса ҳам, сотиб оламиз, деб туриб олишди. 21 минг доллар таклиф қилишди".
У кўзаларни музейга совға қилмоқчи эканини маълум қилади.
"Ниятимиз, ЮНEСКОнинг музейига кўзаларни Ўзбекистон номидан хадя қилиш. Кўзалар остида ишхонамиз, усталарнинг номи битилган. Буни ЮНEСКО музейида кўриш биз учун катта фахр".
Пандемия зарбаси
Коронавирус пандемияси Тожиддиновнинг гуллаб-яшнаётган бизнесига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган.
Тожиддинов ўз маҳсулотларининг асосий харидорлари хорижликлар бўлганидан, пандемия туфайли чегараларнинг ёпилиши мижозлар сонини кескин камайтириб юборган.
Буюртмалар сони тушиб кетганидан каттакон марказда камсонли ишчилар меҳнат қилаётганини кўриш мумкин.
"Ишимиз кўлами тенг ярмига қисқариб кетди. Биз билан етмишдан зиёд оилада уч юзга яқин кулол ва наққош касаначилик асосида ҳамкорлик қилади. Биз ярим тайёр маҳсулотларни уларга юборамиз, улар эса идишларга безак ва жило берадилар. Ҳозирда шу инсонларнинг ярмига ҳақ тўлай олмаяпмиз", дейди у.
"Лекин ҳозир касаба уюшмаси орқали фоизи кам кредит сўраганмиз. Тез орада илтимосимиз қондирилиб, бизга маблағ берилса, ишчиларимиз ва ҳамкорларимизга яна ҳақ тўлай бошлаймиз. Ҳозирда икки юзга яқин одам шу масала ҳал бўлишини кутиб, ишга тайёр бўлиб турибди".
Бундан ташқари Тожиддинов ўзбек кулолчилиги санъатини мамлакат аҳолиси ва хорижликларга янада тарғиб қилиш йўлида муаммолар юзага келаётганини ҳам билдиради
"Риштонимиз чекка ҳудудда жойлашиб қолган. Агар пойтахтимиздан кичикроқ жой ажратилса ва у ерда ҳам шундай марказ ташкил қилсак, кулолчилик санъатининг бор гўзаллигини янада кенгроқ кўрсата олар эдик".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek