Ўзбекистон: Бахтиёр Ражабов муштумзўр деб танилган ҳокимми? - O'zbekiston

Published

49 яшар қашқадарёлик тўра Бахтиёр Ражапов бировга қўл кўтариши билан матбуот эътиборига биринчи марта тушаётгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати таҳририятига 2018 йилда косонлик маҳалла фаоллари Косон тумани ҳокими Бахтиёр Ражаповнинг қўпол муомаласи ва босимларидан шикоят қилишган, биз телефон орқали Ражапов билан боғланганимизда, айбловларни инкор этган эди.

Бахтиёр Ражапов Миришкор туманидаги маҳалла фаолларини ҳақоратлагани ҳақидаги хабарлар тарқалгани ортидан Би-би-си яна Бахтиёр Ражапов ва Миришкор тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Хўжаев билан телефон орқали боғланишга ҳаракат қилди, аммо мобил телефонлар қўнғироқларига жавоб бўлмади.

Қашқадарё вилоят ҳокимининг сув ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Ражапов 2015 йил 21 ноябрида Косон тумани ҳокими этиб тайинланди.

2017 йил 14 май куни Косон тумани ҳокими Либерал-Демократик партия аъзоси Бекзод Ҳусеновни "нега порталга шикоят қилдинг", деб туман ҳокимлиги биносида калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалди.

Косонлик тадбиркор Фазилат Нормуродова 2018 йил 11 сентябр куни ер масаласида туман Халқ қабулхонасига келиши кутилган президент девони вакилига шикоят қилиш учун борганида ҳоким Бахтиёр Ражапов бўғиб тепгани, бунинг оқибатида йиқилиб ҳушидан кетганини айтган.

Ушбу ҳодисадан кўп ўтмай - 2018 йил 14 декабрида Бахтиёр Ражапов Косон тумани ҳокими лавозимидан бўшатилди.

Ўша куни Қашқадарё фаоллари иштирокида мажлис ўтказган Президент Шавкат Мирзиёев уч туман ва бир шаҳар ҳокимларини ишидан бўшатди.

Бахтиёр Ражапов яна вилоят ҳокимининг сув ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича муовини этиб тайинланди.

2019 йил 26 октябрида Бахтиёр Ражапов Миришкор тумани ҳокими этиб тайинлангани, бу синов экани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

"Вазифасидан озод этилган вилоят ҳокими ўринбосарларига Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан сўнгги имконият берилди. Бу ҳақда сессияда иштирок этган Президент Администрацияси раҳбари Низомиддинов Зайнилобиддин Шахоббидинович маълум қилди. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Джўраев Чироқчи тумани ҳокими ва вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов Миришкор тумани ҳокими лавозимларига тайинланди", деб хабар тарқатди Қашқадарё вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Миришкор туманидаги сўнгги ҳодиса юзасидан Республика Бош Прокуратураси ўрганиш бошлаганини маълум қилди.

Социал тармоқлар фойдаланувчилари ҳуқуқ-тартибот органлари нега тунги соат 23:00 да туман ҳокимлигида мажлис чақирилганига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши зарурлигини билдирмоқдалар.

Муштумзўр ва оғзи шалоқ раҳбар ва ҳокимлар

Ўзбекистонда 1990 йилларгача туман ёки вилоят миқёсидаги раҳбарнинг қўли остидагиларига қўпол муомаласи камдан-кам кузатилган, аммо сўнгги йилларда бошлиқнинг ўзига бўйсунган инсонни сўкиши, ҳақоратлаши ва калтаклаши кўп тарқалган ҳодисага айланди.

Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин ҳокимларнинг қўли остидагиларини ҳақоратлашларини танқид қилди.

Аммо шу кунгача ҳам турли даражадаги раҳбарларнинг ноинсоний муносабатлари учраб турибди, расмий-норасмий мажлисларда ёзиб олинган аудио, видео ёзувлар матбуот ва Интернет социал тармоқларида тарқалиб кетмоқда.

2019 йил декабрида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг истеъфосини талаб қилган блогернинг "жанозаси ўқилиши керак"лиги айтилган аудио тарқалди, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати овоз Шуҳрат Ғаниевга тегишли эмаслиги, у монтаж қилинган, дея баёнот тарқатди.

Сентябр ойида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг соқол, ҳижоб, намозхона ҳақидаги гаплари аудиоси тарқалганди.

Шов-шувли аудиоёзув ортидан Ўзбекистон Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси сенатор Шуҳрат Ғаниевни Тошкентга фавқулодда мажлисга чақирган, қатъий огоҳлантирилиб, унга уч ойлик муҳлат берган.

Шуҳрат Ғаниев айбини тан олган, қизишиб кетгани, ҳар қандай жазога лойиқ эканини айтган, ўзини бир марта кечиришларини сўраган.

2018 йил октябрида Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев Тошкент вилояти Оққўрғон тумани раҳбарлари ва фермерларни жазолаш мақсадида ариқдаги сув ичида туришга мажбурлагани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Ушбу хабарлардан кўп ўтмай Зойир Мирзаев Бош вазир ўринбосари лавозимидан бўшатилди.

2017 йил сентябрида Сайҳунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев мактаб директорларини дўппослагани видеоси тарқалди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek