You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Президент Мирзиёев нималарни танқид қилдию, ҳукуматни яна сақлаб қолди? - Ўзбекистон O'zbekiston
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 январь кунида Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида нутқ сўзлади.
Президент ўз нутқида депутатлар ва сенаторларни табриклаш ортидан қатор соҳалардаги камчиликларни санаб ўтди.
Унинг сенаторларга юзлана айтишича, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали тизимини яратишимиз лозим.
"Уч йил олдин сенаторлар томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ва маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Бироқ, бу биз кутган натижаларни берди, деб ҳозирча айта олмаймиз. Жойларда ҳали жуда кўп муаммолар ўз ечимини кутиб турибди. Масалан, йўл қурилиши соҳасида жами 184 минг километр бўлган автомобиль йўлларининг 70 минг километри ёки 38 фоизи қайта қуришга муҳтож", - деди давлат раҳбари.
У, шунингдек, коммунал хизматлар тизимидаги камчиликларни ҳам тилга олди.
"Одамларнинг энг кўп эътирозига сабаб бўлаётган коммунал хизмат соҳасини оладиган бўлсак, бу борада ҳам муаммолар кўп. Масалан, мавжуд 633 та қозонхонанинг 25 фоизи ҳамда 4 минг километр иссиқлик тармоғининг 75 фоизи яроқсиз аҳволда. Энг ачинарлиси, республикамизда марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси атиги 68 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 60 фоиздан ҳам паст бўлиб қолмоқда", - деди у.
Президентга кўра, 2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактабларида 2 минг 700 дан ортиқ педагог кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлса, мактабларнинг жиҳозланиш даражаси 79 фоизни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, 3 мингта мактабда ичимлик суви ташиб келтирилади, 261 та мактаб эса сув билан таъминланмаган.
Шунингдек, Президент Мирзиёевга кўра, соғлиқни сақлаш соҳасида мамлакат бўйича 13 мингта умумий амалиёт врачлари ва тор доирадаги мутахассислар етишмайди.
Олий мажлис қонунчилик палатаси депутатлари қаршисида чиқиш қилар экан, давлат раҳбари сиёсий партиялар ўз сиёсий мақсад ва дастурларини илгари суриш ва сафларини кенгайтириш ҳақида "фақат сайлов арафасидагина эслаб" қолишларини айтди.
Унга кўра, Тошкент шаҳрида сайловчилар иштироки бошқа ҳудудларга нисбатан пастлиги кузатилди, чунки сиёсий партиялар сайловчилар билан етарли иш олиб бормаган,
Бир киши томонидан бир неча сайловчи ўрнига овоз беришга уриниш ҳолатлари "оз бўлса ҳам учради."
Президентга кўра, ажратилган маблағлардан нотўғри фойдаланиш, уларни талон-тарож қилиш, коррупция ҳолатлари ҳам "учраб турибди."
Янграган танқидларга қарамай, давлат раҳбари юқори даражали лавозимлардан ҳеч кимни ишдан олмади, қатор мансабдорлар ўринлари горизонтал равишда алмаштирилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek