You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Қўпол муомалали ҳокимларни ким тўхтатади: Тошкент шаҳар ҳокими узр сўрамайди
Унга мурожаат билан келганларга "керак бўлса, Худога арз қил", дея бақирган Тошкент шаҳар ҳокими фуқароларга қўпол муомаласи учун узр сўрамайди. Аксинча фуқаролар ундан узр сўраган. Асака ҳокимидан шаффофлик талаб қилган андижонлик блогернинг ортидан эса кузатув тушган.
Ўзбекистонда фуқароларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётган ҳокимларнинг видео ёки аудио файллари сўнгги вақтларда кўпайди. Олмазор туман ҳокимининг kun.uz журналистларига тажовузи ҳуқуқий ечимини топмасдан, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўнғайсиз ҳолати интернетга сиздирилди.
Озодлик радиосига келиб тушган аудио файл Миробод туман аҳоли вакиллари билан учрашаётган Ортиқхўжаев жазавага тушиб столга нимадир ураётгани ва йиғилганларга қарата бақираётгани эшитилади.
Ортиқхўжаев "керак бўлса Президентга, Худога бориб арз қилинглар", дейди.
Йиғилиш давомида ҳоким эркакларга нимадир бузишни буюради ва аёлларга эркакларнинг олдида жим туриш кераклигини айтади.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизмати аудио ёзув ортидан аслида нима бўлганди, дея 2 дақиқалик видео жойлади.
Унда ҳоким Ортиқхўжаевнинг аҳоли билан сокин ҳолатда гапираётгани акс этган.
Матбуот хизмати айбни у ҳақда хабар берган ОАВ юклаган.
"Маълумотни контекстдан юлган холда тўлиқ бермайдиган, ёлғон ахборот тарқатувчи ОАВ аҳолининг бирор муаммосини қанчалик ҳал қила олади?
Баъзи хорижий ОАВларининг асл мақсади хақида ўйланиб кўрайлик: мақсад - дунёда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва уларнинг самараларини кўрсатишми ёки мамлакатимизнинг имиджи, нуфузини тушуришми?", дейилади баёнотда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг Би-би-сига айтишича, ҳоким юзага келган ҳолат бўйича ҳеч кимдан узр сўрашни режалаётгани йўқ.
"Узр сўрашга ҳожат йўқ, чунки аксинча ўша кунги аксарият фуқаролар ўзлари ҳокимни шу ҳолатга етказганликлари учун унга узрга ўхшаш илиқ сўзлар айтиб хайрлашишган. Учрашув охирида яхшилик билан якунланган. Ҳеч ким ҳеч кимни ҳайдагани йўқ", дейди матбуот хизмати вакили.
Матбуот хизмати масъулининг айтишича, "Худога бориб шикоят қил" деган гапда назарда тутилган нарса аслида "кимга бўлсаям шикоят қил" маъносида бўлган.
"Чунки одамлар ҳозир бош вазир билан, прокурору президент билан қўрқитишга уринадиган, шикоят қилиш билан шантаж қиладиган бўлиб қолишди. Шу инсон 30-40 дакика бирор марта бўлмасдан аёлларни гапларини тингладила. Ундан олди 20 дақиқа тушунтирдилар суд карор чиқариб булганидан кейин улар аралаша олмасликларини", дейди Тошкент шаҳар ахборот хизмати вакили.
Тошкент шаҳри ҳокимининг қўпол муомаласи бир ҳафта ичида рўй берган ягона ҳолат эмас.
Ундан ташқари Фарғона шаҳар ҳокими 10 дақиқа ичида 100 дан ортиқ уют сўз ишлатиши билан овоза бўлди.
Асака туман ҳокими эса фуқаролар билан учрашувини видеога олишни ман қилди, унинг ёрдамчиси деб айтилаётган шахс блогерга ҳужум қилди.
Блогер Отабек Нуритдинов ҳокимлик биносидан чиққанидан сўнг уни ойналари қорайтирилган спарк машинасида формали ходимлар кузатганини айтмоқда.
Қўл остидагиларга куч ишлатган ёки уларни ҳақоратлаган ҳокимлик масъуллари кўп ҳолларда жазосиз қолиб кетади.
Фарғона, Қашқадарё ва Хоразмда биноларни бузиб халқнинг норозилига сабаб бўлган вилоят ҳокимлари эса Президентнинг топшириғи билан халқдан узр сўраб, жазодан қутилиб қолган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek