You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Лавозимга тайинланадиган ёшлар психодиагностик тестдан ўтказилади - президент
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар бўйича янги сиёсатига кўра, лавозимларга тайинланадиган ёш кадрлар психодиагностик синовдан ўтказилади.
Бу ҳақида Президент имзолаган "Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорда айтилган.
Қарорга кўра, иқтидорли ёш кадрларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлашга қаратилган "Президентнинг 1000 нафар ёш кадрлари" лойиҳасини ташкил этилади.
Шунингдек, ҳар йили давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда Ёшлар иттифоқи тизимида фаолият юритаётган 1000 нафар ёш кадрларни "социал лифт" орқали кўтарилишини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқилади.
Қонунда айтилишича, "ёшларга оид давлат сиёсатига масъуллар компитентлигини аниқлаш, "социал лифт" механизми самарали ишлашини таъминлаш мақсадида психодиагностик тест ("Assessment Centre" ташкил этиш) амалиётини жорий этиш" кўзда тутилган.
Бу тест айнан қандай амалга оширилишига таъриф берилмаган.
Аммо, унда ёшлар "умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш"га асосий эътибор қаратилган.
Президент Мирзиёев, шунингдек, ушбу қарори билан Ўзбекистонда Атом электор станциясини қуриш ва ундан фойдаланиш мақсадларига қаратилган ёш кадрларни тайёрлаш стратегиясини ишлаб чиқишни ҳам буюрди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида фаолият олиб бораётган 250 нафар ходимларни хорижда қисқа муддатда ўқитиш чораларини кўриш ҳам мўлжалланган.
Давлат раҳбарининг қарорида ҳар бир туман (шаҳар)да "Мард ўғлон" клублари, ҳудудларда "Ёшлар ташаббуслари" кўнгилли ёшлар марказлари, "Демократик сайловлар менинг тақдиримда" мавзусидаги тарғибот тадбирлари ва ўқув семинарларини ташкил қилиш ва ёшлар замондоши "бренди"- бугунги кун қаҳрамони образини яратиш каби ғоялар ҳам бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: @bbcuzbek