Жаҳон чемпионати-2026: Ўзбекистон билан ўйин тугади, гуруҳдан кейинги босқичга Колумбия, Португалия ва Конго чиқди. Видео

Published
Ўқилиш вақти: 9 дақ

Ўзбекистон 1-3 Конго. Колумбия 0-0 Португалия. "К" гуруҳида якуний тур учрашувлари тугади.

Ҳозиргина Атлантада поёнига етган ҳар икки параллел ўйин натижасига мувофиқ, гуруҳдан кейинги босқичга Колумбия, Португалия ва Конго чиқди.

Колумбия ва Португалия ўйинида ҳисоб очилмади.

Ўзбекистонга қарши ўйинда Конго бир жаҳон чемпионатида ўзининг илк ғалабасига эришди.

Биринчиликдаги иккинчи иштирокидаёқ кейинги босқичга чиқди.

Ўйинда ҳисобни биринчи бўлиб очган Ўзбекистон, айниқса, биринчи бўлимда Конгога қарши муросасиз ва ўта ҳужумкор ўйин намойиш этди, ҳисобни ўзининг фойдасига ҳал қилишнинг яхши имкониятларига ҳам эга бўлди.

Ўзбекистон бугун фақат ғалаба учун майдонга тушган ва шунга муносиб, яъни биринчиликдаги энг яхши ўйинларидан бирини намойиш эта олганди.

Аммо якунида ҳисоб Конго фойдасига ҳал бўлди, жамоага 11 метрлик жарима тўпи ҳам панд берди.

Уч тур учрашувлари ортидан, Ўзбекистон ўзининг жаҳон чемпионатидаги илк иштирокини гуруҳ босқичида якунлади.

Конго эса гуруҳда 2026 йилги Европа чемпиони Португалия билан дуранг ўйнаган жамоа бўлади.

Худди шу дақиқаларда матбуот анжуманида гапирган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси "бу мусобақа ўзи учун ҳам, футболчилар учун ҳам катта тажриба бўлгани"ни айтди.

"Бу келажакда ўзларига катта мотивация беради", - деган ўйдалигини ҳам билдирди.

"Ҳа, биз хатолар қилдик. Бироқ мен футболчилардан умуман шикоят қилмоқчи эмасман. Улар қўлидан келган ҳаммасини қилди ва мен улардан фахрланаман", - деди Фабио Каннаваро.

Расмий хабарлардан Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги ўйинларини шахсан мамлакат президентининг ўзи кузатиб бораётгани маълум бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам жамоага қандай ишқибозлик қилаётгани ҳақида очиқча гапирган.

Аммо Ўзбекистон раҳбарининг Конгага қарши якуний учрашувни қаерда ва қандай томоша қилгани ҳозирча ноаён қолган.

Гуруҳдаги сўнгги икки муҳим учрашуви олдидан ҳам шахсан Ўзбекистон президентининг ўзи миллий терма жамоага омад тилаган, Наманган вилоятида сафар эканига қарамай, Португалияга қаршиси мисолида уларнинг ўйинини ўйлаб, нима бўларкин, дея, ҳаттоки, кўзига уйқу келмаётганини эътироф этишгача борган.

Якуний ўйин бошланди

Ўзбекистон 1-0 Конго, Колумбия 0-0 Португалия.

"К" гуруҳидаги тўрт миллий терма жамоа ўзининг якуний – учинчи тур учрашувлари учун майдонга тушди.

Ҳар икки ўйин бир вақтнинг ўзида, Тошкент вақти билан тонги соат 04:30, Лондон вақти билан эса тунги соат 12:30 да бошланди.

Ўзбекистонда илк дақиқалардаёқ ҳисобни очишнинг имконияти бўлди, аммо ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этди. Элдор Шоумродов киритган тўпни инобатга олмади.

Ўзбекистон биринчи бўлимни устма-уст ҳужум билан бошлади.

Худди шу дақиқаларда Ўзбекистон ўйинда ҳисобни очди.

Биринчи бўлимнинг 10-дақиқасида киритилган тўпни жамоа сардори Элдор Шомуродов ўзининг ҳисобига ёзди.

Бу Ўзбекистон жорий жаҳон чемпионатида киритган иккинчи тўп бўлди.

Миллий терма жамоанинг ҳужумлари давом этаётир.

Учрашув биринчи бўлимининг 17-дақиқасида Конго ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Аммо VAR текширувидан сўнг, ҳакам Натанаэл Мбуку ўйинда қоидабузарлик қилинди, деб топди, Конго киритган тўпни бекор қилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасида биринчи бўлимнинг сўнгги ўн дақиқасида ҳисобда янада олдинга чиқиб олишнинг имконияти бўлди, аммо рақиб дарвозабони тўпни қайтаришга муваффақ бўлди.

Муросасиз кечган биринчи бўлим ўзининг ниҳоясига етди.

Ўйинда танаффус, Ўзбекистон 1-0 Конго.

Колумбия ва Португалия ўйинида ҳалича ҳисоб очилгани йўқ.

Рақиб жамоалар ўртасидаги 3-тур учрашувларига ҳам Америка Қўшма Штатлари мезбонлик қилмоқда.

Ўзбекистоннинг Конгога қарши гуруҳдаги якуний учрашувини биргина Фарғона вилоятидаги "Ал-Фарғоний" паркининг ўзида юзлаб одам катта экранлар орқали томоша қилган.

Учрашувнинг маҳаллий вақт билан тонгги соатларга тўғри келгани ҳам бунга тўсқинлик қила олмаган.

Мухбирларимиз мана бу суратларни ўйин чоғида худди ўша жойдан олиб, юборишган:

2-бўлим бошланди

Жамолар 2-бўлимни анчайин эҳтиёткорлик билан бошлашди.

Конго иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларида ўйинда ҳисобни тенглаштиришга уриниб кўрди, ҳужумга зўр берди.

Худди шу дақиқаларда қарши ҳужумга ўтган Ўзбекистонда ҳисобни 2:0 га етказиш имконияти пайдо бўлди.

Аммо жамоа сардори Элдор Шомуродов тепган тўп сал баландлик қилди, дарвоз тўсини тепасидан ўтиб кетди.

Конго қарши ҳужум уюштириш ҳаракатида, аммо Ўзбекистон малакали ҳимояланмоқда.

Учрашувнинг 2-бўлимининг 55-дақиқаси ўтиб бораётир.

Ҳозирча ҳисобда Ўзбекистон олдинда: 1-0.

Конго устма-уст ҳужум уюштириш ҳаракатида.

Иккинчи бўлим ўзининг 60-дақиқасига яқинлашиб бораркан, Конго Ўзбекистон дарвозаси қаршисида устма-уст қалтис вазиятлар пайдо қилишнинг уддасидан чиқди.

Дарвозабон яхши ўйнади, аммо худди шу дақиқаларда Конго ҳужумларини сусайтирадиган кўринмайди.

Ўзбекистон-Конго учрашуви муросасиз ҳужумлар остида кечаркан, сўнгги дақиқаларда Аббосбек Файзуллаевнинг рақиб дарвозасини кетма-кет ҳужумга олиш уриниши самара бермади.

Колумбия-Португалия учрашувида эса ҳали ҳам ҳисоб очилганича йўқ: 0-0.

Худди шу дақиқаларда Ҳусановнинг жарима майдончасида йўл қўйган хатоси Ўзбекистонга қимматга тушди.

Конго 11 метрлик жарима тўпи ҳисобига ўйинда ҳисобни тенглаштирди: 1-1.

Конго бу йилги жаҳон чемпионатида киритган иккинчи тўпига Йоан Висса муаллифлик қилди.

Учрашув тугашига 20 дақиқадан сал кўпроқ вақт қолмоқда.

Муросасиз ҳужумлар остида кечаётган ўйинда ҳисоб яна ўзгарди.

Иккинчи бўлимнинг 78-дақиқасида Конго яна ҳисобда олдинга чиқишнинг уддасидан чиқди.

Ўйинни сўнгги дақиқаларида эса яна ўша Йоан Висса қўшалоқ тўп муаллифига айланди, ҳисобни 1-3 га етказди.

Ҳакам 2-бўлимга 8 дақиқа қўшиб берди.

Ўзбекистон устидан ғалаба Конгони кейинги босқичга олиб чиқа олади.

"К" гуруҳи

Иккинчи тур учрашувлари ортидан бу гуруҳдан фақат Колумбия муддатидан илгари кейинги босқичга чиқиш вазифасини уддалаган, холос.

Аммо сўнгги тур учрашувлари натижаси қандай бўлишидан қатъиназар, аввалбошда гуруҳ фаворити сифатида кўрилган Португалия жаҳон чемпионлиги учун курашини давом эттириш имкониятини сақлаб турибди.

Ўзи Колумбияга енгилган, Конго Ўзбекистонни йирик ҳисобда мағлуб этиб, тўплар нисбатидаги фарқни ўзининг ҳисобига ҳал қилган тақдирда ҳам, Португалия энг яхши натижа билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллаган саккизта миллий терма жамоадан биттаси ўлароқ кейинги босқичга чиқа олади.

Жамоа дастлабки икки ўйинидан 4 очко жамғариш, рақиблари дарвозасига эса гуруҳдан энг кўп – жами 6 тўп киритишга муваффақ бўлган.

Ўзининг Конго билан шов-шувли дастлабки ўйинида дуранг қайд этган бўлса-да, Ўзбекистонни йирик – 5:0 ҳисобида енгишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон устидан қозонилган ғалаба Конгога ҳам кейинги босқичга чиқиш имконини бера олади.

Аммо Ўзбекистон бунинг учун Конгони ўта йирик ҳисобда мағлуб этиши, тўплар нисбатини яхшилаши ва қолган гуруҳлардаги якуний тур учрашувлари натижалари билан ҳам ҳисоблашиши керак бўлади. Яъни, ҳалича назарий жиҳатдан бундай имкониятга эга.

Конгога қарши дуранг ёки мағлубият жамоанинг жаҳон чемпионати билан буткул хайрлашишини англатади.

Шу боис ҳам, Ўзбекистонда ҳатто Конгога қарши ўйин – "финалдан ҳам муҳим", дея кўрилмоқда.

Шу пайтгача жами 12 та гуруҳдан тўққизтасида гуруҳ босқич саралаш беллашувлари ўзининг поёнига етган.

Ўз гуруҳида 3-ўринни эгаллаган тўртта миллий терма жамоа эса тўрттадан очко тўплашга муваффақ бўлган.

Тўплар нисбатида турли фарқларга эга яна шунча сондагисининг ҳисобида эса учтадан очко бор.

Чехия, Қатар, Туркия, Кюрасао, Янги Зеландия, Уругвай, Саудия Арабистони, Иордания, Гаити ва Тунис эса аллақачон жаҳон чемпионати билан хайрлашиб бўлган.

Яна учта гуруҳда эса ҳали якуний тур учрашувлари бўлиб ўтиши керак.

Ўзбекистонлик ишқибозлар Конгога қарши ўйинга тайёр - видеони кўриш учун илова қилинган линкни босинг:

Ўзбекистон ва Конго

Бу Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги биринчи, Конгонинг эса иккинчи иштироки.

Конго 52 йил деганда яна биринчиликда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган.

Гуруҳдаги илк ўйинида Португалия билан дуранг ўйнаб, катта шов-шувга сабаб бўлган.

Колумбия эса Конгога қарши ўйинида кичик – 1:0 ҳисоби билангина кифояланишга мажбур бўлган, шунда ҳам учрашувда ҳисоб фақат 76-дақиқага келиб очилган.

Бу ҳам Конгонинг бу галги жаҳон чемпионатида нималарга қодир бўлиши, яъни кучига далолат ўлароқ баҳо топган.

2016 йилги Европа чемпионлари Португалияга қарши ўйинидан кейин Конго ФИФА рейтингида 43-поғонага кўтарилган.

Бу эса Ўзбекистон сўнгги ойларда эгаллаб келган ўриндан бир неча баробар юқори, дегани.

Конго жаҳон чемпионатига чиққан биринчи Қора Африка давлати жамоаси бўлади. Ҳали Заир эканида бунга муваффақ бўлган.

Аммо ўзи дебют қилган 1974 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичидаги барча уч учрашувини бой берган. Ўшанда Югославияга ҳатто 0:9 ҳисобида мағлубиятга учраган.

1992 йилги Осиё Ўйинлари ғолиби Ўзбекистон эса 34 йил деганда илк бор жаҳон чемпионатига чиққан, бу йилги жаҳон чемпионатида дебют қилаётган тўртта миллий терма жамоадан биттаси.

Аммо Конгонинг бу йилги жаҳон чемпионатидаги иштироки Эбола вирусининг қайта авж олиши билан боғлиқ чекловлар ва қийинчиликлар манзарасида ҳам кечган.

Шу йил май ойида, яъни Мексика, Канада ва АҚШ ҳаммезбонлик қилувчи футбол бўйича жаҳон чемпионати арафасида Конго Демократик Республикасида хасталик яна авж олган.

20 майга келиб Конгода Эболадан вафот этганлар сони 160 кишидан ортган.

Вирусга чалинганлар сонининг эса юзлаб экани айтилган.

Ҳаммезбон АҚШ ва Канада эса вирус тарқалган барча давлатлар, хусусан, Конго учун қатъий карантин чораларини қўллаган.

Терма жамоанинг Киншасада йиғилиб, сўнг Белгияда йиғинни давом эттириб, у ердан АҚШга йўл олиш режаси чиппакка чиққан.

Чемпионатдан уч ҳафта олдин, АҚШ 21 кун ичида Конгогада бўлиб қайтган хорижликларнинг мамлакатга киришини тақиқлаган.

Африка терма жамоаси вакиллари ташкилотчиларни сўнгги ойларда ўйинчилардан ҳеч бири мамлакатга қайтмаганига ишонтиришган.

Шунга қарамай, АҚШ томони ўйинчиларни 21 кунга карантин қилишни тавсия қилган.

Буларнинг барчаси ҳатто Конгонинг жаҳон чемпионатидаги иштирокини жиддий савол остига қўйишгача борган.

Охир-оқибат Конго Демократик Республикаси Футбол Федерацияси Киншасадаги йиғинни бутунлай бекор қилган.

Аммо ФИФАни барча зарур чоралар кўрилганига ишонтиришга муваффақ бўлган.

Айтилишича, миллий терма жамоа аъзоларини четдан, мамлакат ташқарисидаги конголиклар орастдан саралаб олиши Бош мураббийсининг улкан ютуғи бўлган.

Ғалаба учун

26 июн куни, якуний ўйин олдидан берилган расмий матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси ва сардори ҳам майдонга ғалаба учун тушишларини айтди.

"Конго ҳам жуда ажойиб жамоа, тажрибага эга, жисмоний яхши шаклланган жамоа", - дея бўлажак рақибларига ўз баҳосини бераркан, Фабио Каннаваро, "бироқ биз уларни ютиш учун ҳаракат қиламиз", - деди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийсига кўра, эртанги "ўйин бошқача бўлади".

Каннаваронинг айтишича, чунки "иккита энг юқори даражадаги рақиблар билан ўйнаб бўлишган. Охирги ўйин ҳам осон кечмаган ва уни таҳлил қилишган".

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори эса, "асосий мақсадлари ўзларини қўллаб турган халқни хурсанд қилиш", эканини айтган.

Элдор Шомуродов, "биринчи голимизни урдик, энди вазифамиз биринчи ғалабага эришиш", - деган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг илк жаҳон чемпионатидаги биринчи голини Колумбияга қарши дастлабки учрашувидаёқ киритган, матонатли ўйин кўрсатган.

Аммо Португалияга қарши ҳал қилувчи икки ўйинидан бирида йирик ҳисобда мағлубиятга учраган.

Жамоанинг Конгога қарши сўнгги учрашуви эса, жаҳон чемпионатидаги дастлабки икки ўйинда қайд этилган мағлубияти мамлакат ичкарисида аллақачон терма жамоанинг чет эллик Бош мураббийсига қарши танқидлар кучайиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда кўпчилик Ўзбекистоннинг кейинги босқичга чиқиш имкониятларини чамалашга тушгани ҳам кўрилган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳаттоки, Осиёнинг энг кучли жамоаси саналувчи Япония ҳам ўзининг жаҳон чемпионатидаги илк иштирокида бунга муваффақ бўлмаган.

Бу омил ҳам Конгога қарши ўйин арафасида Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрлари ўзининг диққатини қаратган нуқталардан бирига айланган.

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон-Конго ўйинини Тошкентнинг барча туманларидаги катта экранларда жонли томоша қилиш мумкин бўлади.

Бундан аввал худди шу мақсадда пойтахт Тошкентдан ўндан ортиқ расмий фан-зоналари ташкил қилинган, улардан йириги сиғими қарийб 10 минг кишилик "Бунёдкор" стадиони экани айтилган.

Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги илк тарихий иштироки минтақа қолиб, жаҳон бўйлаб ҳам акс-садо берган, айрим Марказий Осиё давлатлари мисолида эса ишқибозлик мисли кўрилмаган бир даражага ҳам етган, спорт дипломатияси, деган янгича талқинларга ҳам туртки берган.

Минтақада бутун дунё Ўзбеклари Ўзбекистондан "фахрда" эканига оид эътирофлар ҳам янграган.

Осиё бўладими, Европа ёки уммонортининг ўзи - миллий терма жамоага ишқибозлик қилаётганлар сонининг ҳам оз эмаслиги кўрилган.

Ўзбекистоннинг ўзида эса каттаю кичик, эркагу аёл, йигиту қиз, ҳаттоки, ёш болаларгача миллий терма жамоага ишқибозлик қилаётгани, уларнинг жамоанинг мағлубиятидан кўз ёш тўкишгача бораётган видеолари тарқалган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан Бош мураббийга тавсия бераётган онахонларнинг борлигигача кўрилган.

Ўзбекистон бу каби тарихий ютуққа эришган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Бундан ташқари, бу галги жаҳон чемпиоантида постсовет маконидан ҳам якка ўзи иштирок этмоқда.

Ўзбекистон президенти миллий терма жамоанинг Конгога қарши якуний ўйинига қаердан ва қандай қилиб ишқибозлик қилиш режасида экани ҳозирча маълум эмас.

Кеча, 26 июн кунги расмий иш кун тартибидан Шавкат Мирзиёевнинг пойтахт Тошкентда экани кўрилади.

Гуруҳдаги сўнгги икки муҳим учрашуви олдидан ҳам шахсан Ўзбекистон президентининг ўзи миллий терма жамоага омад тилаган, Наманган вилоятида сафар эканига қарамай, Португалияга қаршиси мисолида уларнинг ўйинини ўйлаб, нима бўларкин, дея, ҳаттоки, кўзига уйқу келмаётганини эътироф этишгача борганди.