Ўзбекистон, Тошкент, Мирзиёев: Патент ёки давлат халқнинг сабрини синаяптими?

Published

Шу кеча-кундузда умумиятла айни шу мазмундаги акс-садолар билан интернетни том маънода жунбушга келтирган яна бир хабар Ўзбекистон ҳукумати томонидан расман рад этилди.

Маълум қилинишича, мардикорлар, киракашлар, усталар ва уй хизматчилари учун режалаштирилаётган патент ҳақидаги хабарлар "ҳақиқатга мувофиқ эмас", "контекстдан юлиб олинган".

Бундай раддия билан Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги чиққан.

Вазирликка кўра, "кўрсатиб ўтилган меҳнат фаолият турларига патент жорий этилиши бугунги кунда қонуний ташаббус ҳисобланмайди ва биронта расмий ҳужжатда кўрсатилмаган".

"Режаланаётган патент" ҳақидаги хабар интернет нашрларида 8 ноябрь куни бўй кўрсатган.

Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев баёнотига таянган ҳолда хабар берган.

Хабарда айни шу вазирлик раҳбари шу вақтгача "соя"да бўлиб келган устачилик, мардикорчилик, киракашлик, уй хизматлари ва шунга ўхшаш фаолият турларига патент жорий этиш режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилгани айтилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, деб берилган хабарда патент нархи бир йилга энг кам иш ҳақининг 4,5 баробари миқдорида бўлиши ҳам қайд этиб ўтилган.

Тилга олиб ўтилган сўмманинг 8 ноябрь ҳолатига кўра қарийб бир миллион ўзбек сўмини ташкил этиши англашилганди.

Акс-садо

Хабар қисқа вақтнинг ичида турли ижтимоий мулоқот тармоқларида фаоллик билан улашилган.

Кибер фазода қизғин баҳсу мунозараларга замин яратган Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир мавзуга айланган.

Бу каби акс-садолар ўнлаб киноя, кесатиқ, ҳафсаласи пир бўлганлик ва умидсизлик мазмунидаги комментларда ўз ифодасини топган.

Биргина Би-би-си Ўзбек Хизматининг ижтимоий-мулоқот тармоқларидаги саҳифаларида қолдирилган фикрларнинг ўзи шу соатларда юзга етай деб қолган.

"Kambağalni tuyaning ustida ham it qopadi, deb bejiz aytmagan ekan)))))", - деб ёзган oribdjon.

sh.erzod2725, "Мардикорлардан патент ундириш учун Ўзбек халқидан нафратланган одам бўлиш керак", - дея фикр қолдирган.

"Қўшилмайман, ўзи ойлик газ, светга етмайдию, яна патентми?", - дейди mumin_6070.

xaydarkromitdinovg, "Давлатимизнинг куни шуларнинг патент тўлашига қолдими?", - дея ўз таажжубларини изҳор қилган.

__jasur___эса, "Худога шукур, ҳаво текин", - деган киноявий мазмунда коммент қолдирган.

risk_077, "Ўзи зўрға кунини ўтказиб юрган одамни эзишми, нима, булар халқнинг сабрини синаяптими?", - дея саволнинг устига савол ёғдирган.

"O''zi bitta shu qoluvdi"? - дейди sherzodsaydullayev.

udj29.09.72 "Ўзи иш йўқлигидан мардикорлик, ижарага олиб, таксистлик қилиб, кун кўришсаю, ўзимизнинг давлатимиз бўлиб, ўзимизнинг энг қийналган ночорлардан ҳам патент ундириши одамнинг ғашини келтиради. Россиядан хафа бўлмасаям бўларкан-да", - деб ёзган.

ahmed_nurmuhamedov.101 эса, бу каби хабарларга ўз муносабатини,"БИЛАСИЗМИ, мен фақат ёқамни ушлаб, АСТАҒФИРУЛЛО, дейман! Астағфирулло", - дея ифодалаган.

МАВЗУГА АЛОҚАДОР

Расмий рақамларга кўра, ўтган тўққиз ойнинг ўзида Ўзбекистоннинг биргина Тойлоқ туманидан беш мингга яқин хотин-қиз чет элга ишлаш учун кетган.

Улардан аксарияти Туркия ва Россия, қолганлари Исроил, Корея ва ўзга юртларда "сарсон-саргардон юришибди".

Барча тойлоқликларга қаратилган мурожаатида ҳоким Баҳодир Бобоназаров, "бугун хотин-қизларнинг хорижда ишлаши, деган бало бошларига соя солаётгани"га алоҳида тўхталиб ўтган.

Ҳокимнинг давом қилишича, "Баъзи ориятсиз эркаклар аёлларини четга ишлашга жўнатиб, ўзлари "уй соҳибаси" бўлиб ўтиришибди".

"Тоғни урса, талқон қилгулик кучга эга нотавонлар хотини юборадиган пулга кўз тикиб ўтиришибди" - Ўзбекистон: Ҳаммасига ким айбдор - "ориятсиз эркаклар"ми ва ёки?..

Тафсилотлар

Расмий раддиянома тафсилотларидан англашилишича, ушбу масала айни пайтда муҳокама этилмоқда.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги доирасида ўрганиб чиқилмоқда.

Вазирлик бунинг ортидан ўзларини бу ишга ундаган сабаб, воқеълик тафсилотларига ҳам тўхталиб ўтгандек бўлган.

Маълум бўлишича, улар жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Ўзбекистондаги меҳнат бозорини ўрганишган.

Олиб борган ишлари эса, Ўзбекистонда норасмий бандлик секторининг улуши 56 фоизни ташкил этишини кўрсатган.

Хусусий киракашлик, кунлик тўланадиган ишлар ва хусусий ёлланадиган таъмирлаш-қурилиш ишлари айнан қишлоқ жойларидаги норасмий ёки "соядаги" бандликнинг асосий соҳалари сифатида тилга олинган.

Вазирликка кўра, айни шу фаолият турларининг айрим жойларда тўлиқ бандлик муқобили саналишини ҳисобга олган ҳолда иш тутишган.

Легаллашув чора-тадбирларидан бири сифатида йилига энг кам ойлик иш ҳақининг 4,5 баробари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўлов қилинадиган патентни жорий этишни кўриб чиқишга киришишган.

Чоршанба кунги хабарларда Ўзбекистонда меҳнат бозоридаги асосий муаммолардан бири норасмий секторда бандлик даражасининг катталиги экани ҳақида сўз борган.

Айнан шу ҳолат қатор салбий оқибатларга олиб келаётгани айтилган.

Булар сирасида давлат бюджетига солиқ тўловлари келиб тушмаётгани тилга олинган.

Бу ҳолат истиқболда пенсия тизимига ҳам ўз "юкини" тушираётгани қўшимча қилинган.

Қўшимча изоҳ ўрнида

Бу турдаги патентни олиш фақатгина ихтиёрий тарзда амалга оширилган бўлар эди, - деган вазирлик.

Яъни, патентни ихтиёрий равишда олиб, йилига 912 285 сўм тўлаган фуқаро тўлиқ бандлик учун бериладиган меҳнат стажига ҳам эга бўлиши мумкин.

"Бундай чора-тадбир яхлит пенсия тизими шаклланишига қўшимча фуқаролар сонини жалб этишга имкон берган ва келгусида ўша фуқароларнинг ёш бўйича пенсия олишларини таъминлаган бўлар эди", - дея вазирлик ўз маълумотномасига якун ясаган.

Минтақа давлатлари орасидан Ўзбекистон аҳолиси энг катта сондагиси бўлади.

Агар, яқинда эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, бугунга келиб мамлакат доимий аҳолисининг сони 33 миллион кишидан ортган.

Улардан аксарияти айнан чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.

Иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Ўзбекистонда ишсизлик, йилларки, энг долзарб муаммолардан бири бўлади.

Қолган Марказий Осиё давлатлари билан қиёсланганда, Ўзбекистон энг катта сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд минтақа давлати ҳам саналади.

Норасмий ҳисоб-китобларда биргина Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сони йилларки бир неча миллионга нисбат бериб келинади.

Айнан четда меҳнат муҳожирлигида бандлик Ўзбекистондаги ишсизлик муаммосининг оқибатларини юмшатиб, Ўзбекистон ҳукумати учун "ижтимоий хавфсизлик камари" вазифасини бажариб келаётган асосий восита бўлади.

Айни шу фуқаролари ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар ўтган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган энг муҳим ва асосий молиявий манбалардан бири ҳам бўлади.

Ўзбекистон яқинда Халқаро гуруҳ томонидан бой ва камбағаллар ўртасида фарқ энг кескинлашган давлатлардан бири сифатида ҳам тан олинган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи, устига устак, Ўзбекистон нархлар ўсиши бўйича собиқ Шўро давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаганига оид хабарлардан қисқа вақт ўтмай бўй кўрсатган.

Якунида яна ижтимоий мулоқот тармоқларимиздаги саҳифаларимизда қолдирилган фикрларга қайтарканмиз,

axmadjon_i "Эҳҳ, ўзбегим, чида халқим, ноиложмиз, чидаймиз ҳаммасига, қарши чиқсак ҳам буларга фарқи йўқ, ўша қонун чиқади", - деркан, ўзининг айни шу комментига истеҳзоли қиёфадаги эможини ҳам илова қилган.

mansurova.marjona эса, "Худога шукур, Ўзбекистондан вақтида чиқиб кетганмиз, Оллоҳга шукур, минг шукур !!!!!!", - дея ўз сўзларига бешта ундов белгиси билан якун ясаган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "режаланаётган патент" борасида олиб бораётган муҳокамалари қачон ниҳоя топиши ва уларнинг бу хусусда аниқ қачон якуний бир тўхтамга келишлари ҳозирча маълум эмас.

Хабарларга кўра, Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини легаллаштириш мақсадида, "Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири чиқарилиши ҳам кўзда тутилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek