Ўзбекистон: Ҳаммасига ким айбдор - “ориятсиз эркаклар"ми ва ёки?..

Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Расмий рақамларга кўра, ўтган тўққиз ойнинг ўзида Ўзбекистоннинг биргина Тойлоқ туманидан беш мингга яқин хотин-қиз чет элга ишлаш учун кетган.

Улардан аксарияти Туркия ва Россия, қолганлари Исроил, Корея ва ўзга юртларда "сарсон-саргардон юришибди".

Яна бу маълумотлар Тойлоқ ҳокимининг куни-кеча туман аҳолисига қилган мурожаатида тилга олинган.

Барча тойлоқликларга қаратилган мурожаатида ҳоким Баҳодир Бобоназаров, "бугун хотин-қизларнинг хорижда ишлаши, деган бало бошларига соя солаётгани"га алоҳида тўхталиб ўтган.

"Бунинг ортидан қанча-қанча муаммолар, дилхираликлар келиб чиқаётгани"ни таъкидлаган.

Ҳокимнинг давом қилишича, "Баъзи ориятсиз эркаклар аёлларини четга ишлашга жўнатиб, ўзлари "уй соҳибаси" бўлиб ўтиришибди".

"Тоғни урса, талқон қилгулик кучга эга нотавонлар хотини юборадиган пулга кўз тикиб ўтиришибди".

"Айтинг, уларнинг оиласи олдидаги бурчи, ор-номуси, ғурури қаерда қолди?! Наҳотки, бундай тубанлик бизга ярашса?!", - дея ҳоким ундов аралаш савол қўяди.

Бунинг ортидан эса, "чет элда яшаб, ишлаб юрган опа-сингиллар, у ердаги енгил-елпи ҳаётга учиб, оиласидан, болаларидан воз кечиб кетиш ҳолатларини қандай изоҳлаш" мавзусига ўтади.

"Хонадоннинг фариштаси бўлишга муносиб оналаримизнинг бешикдаги эмизикли гўдагини ташлаб, бойлик излаб юриши фожиа эмасми?", - дея хитоб қилади.

Тойлоқ тумани ҳокимига кўра, "бунинг натижасида оилавий ажримлар сони ортиб, хонадонлар бекасиз, фарзандлар қаровсиз қолмоқда".

Оқибат ва "чора"ми?

Баҳодир Бобоназаров ўз мурожаатида келтириб ўтган статистик маълумотларга таянилса, жорий йилнинг 9 ойи давомида Тойлоқ туманида ажралишлар сони 181 тага етган".

Мурожаатда ўзларининг, "саховати ва бағрикенглиги билан етти иқлимда довруғ қозонган буюк зотлар авлоди" экани эслатиларкан, "Эркак деган номга лойиқ бўлайлик", - дея даъват қилинади.

Сўнггида эса, "тумандошлар ", "эзгу мақсад йўлида бирлашиб, юрт(имиз)да ҳукм сураётган осойишталикнинг қадрига етиб, бахтли "яшаш(имиз) учун яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш"га чақирилади.

"Аёл оналигини, эркак хонадон соҳиблигини, ҳар бир ташкилот ўз вазифаси ва бурчини чуқур англаб, елкасидаги масъулиятни адо этишга киришсин!", - дейилади.

Тойлоқ тумани ҳокимига кўра, "шундагина ўз олдларига қўйган мақсадларига етишади".

Туман ҳокимининг саволлар, ундовлар ва даъватларга тўлалиги кўрилган бу мурожаатнома Ўзбекистон доимий аҳолисининг сони 33 миллиондан ортгани расман эълон қилинган бир манзарада кузатилган.

Ўзбекистон шундоқ ҳам Марказий Осиёда аҳолиси энг катта сондаги давлат бўлиб келган.

Мамлакатда иқтисодий вазият нисбатан оғир, ишсизлик чуқур илдиз отган, аҳолининг катта қисми кам тараққий этган ва асосан қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган чекка қишлоқ ҳудудларида яшайди, халқаро меъёрларда камбағаллар сирасига киритилиши мумкин бўлган каттагина одамлар қатлами ҳам айнан улар ҳисобига тўғри келади.

Мустақиллик ортидан Ўзбекистондаги кўплаб йирик корхона ва фабрикаларнинг ёпилиб кетиши катта сондаги аҳолининг ишсиз қолишига сабаб бўлган.

Борларида ҳам ойлик маошларининг ҳаминқадарлиги эса, миллионлаб фуқароларнинг меҳнат муҳожирлигига юз тутишларига олиб келган.

Ўзбекистонда деярли ҳар йили расман юз минглаб янги иш ўринлари яратилгани айтилади.

Ўзбекистоннинг янги президенти этиб сайланиши ортиданоқ, Шавкат Мирзиёев ҳам бу ишга жиддий киришгани кўрилган.

Аммо бу каби рақам, буйруқ ва қарорлар ҳам амалда ризқ топиш илинжида четга кетаётган ўзбекистонликлар сонини камайтира олмаган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон, йилларки, Марказий Осиёда энг катта сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд ягона давлат бўлади.

Улар эса, яқин-яқингача расмий Тошкент наздида "дангасалар", деб кўрилган.

Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетаётганларни Ўзбекистонда расман "мавжуд ноз-неъматларга шукур қилмай, мўмай пул топиш илинжида четга кетаётганлар" деб тасвирлашган.

Айрим муҳожирлар уйларини тиклаб олиш, тўй қилиш ва ё оиласи учун доимий даромад келтирадиган автомашина сотиб олиш ниятида Россияда ишлашаётганини тан оладилар.

Аммо Россия кўчаларида оғир ишларни қилаётган каттагина қисмига кўра, улар бор-йўғи болаларига нон топиб бериш илинжида ватанни ташлаб келишган.

Миграция ечимми ёки?..

Ўзбекистон мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида мигрантларнинг асосий қисми Россиянинг ҳисобига тўғри келган.

Норасмий ҳисоб-китобларда бу муҳожирларнинг сони бир неча миллионларга нисбат бериб келинган.

Улардан аксариятининг Россияда ҳатто ҳозирга қадар "қора юмушлар"да банд эканликлари алоҳида ташвиш, хавотир ва танқидларга сабаб бўлиб келган.

Айрим интернет нашрларининг шу кеча-кундузда Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси хабарига таяниб хабар беришларича, ўтган тўққиз ой ичида 14 минг киши доимий яшаш учун мамлакатдан кўчиб кетган.

Бу каби маълумот Ўзбекистонда иш ҳақлари, стипендиялар ва нафақалар оширилишига оид расмий хабар манзарасида бўй кўрсатган.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, шу йилнинг 1 ноябридан бошлаб Ўзбекистонда минимал иш ҳақи қарийб 203 минг сўм ёки $25 АҚШ доллари этиб белгиланган.

Янгилик ўша заҳотиёқ турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида қизғин баҳсу мунозараларга туртки берган мавзулардан бирига айланган.

Биргина Би-би-си Ўзбек хизматининг аккаунтларида ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари қолдирган комментларнинг ўзи бир неча ўнга етган.

Жумладан, Зуҳра Насритдинова, "Ўзбекистонда бойлар ва камбағаллар ажралиб бўлган. Қуруқ ойликка рўзғор тебратсинми, кийинсинми, иморат қилсинми, ҳеч иложи йўқ бой бўлишнинг. Шу ойликни белгилаб чиқарган Молия вазири шу ойликка яшай олармикан?", - дея изоҳ қолдирган.

Боҳрам Собир эса, "Вазирларга ҳам оддий ишчининг маошини бериб, ишлатиб кўриш керак. Балки кейин халқнинг ғамини ўйлайдиган бўлишар", деб ёзган.

Нурия Султон, "Ўша бой бўлиб кетмасин деб, шунақа сиқувда сақлашвотти-да, ўзбек халқи, нима, тушунмаяпсизларми шуниям", - дея коммент қолдирган.

Ismail Gungör , "Ўлиб қолмаслик учун-да бу, ҳар куни бирор буханка нонга етиб турса бўлди. Буни шундай ҳисоблашган камсуқум мутахассисларимиз", - деган фикрни изҳор этган.

Дилмурод Ходжабаевнинг комментлари анчайин батасфил экани боис, уни тўлиғича келтиришни лозим, деб топдик:

"У бюджетникилар ошиши мумкин. Бюджетга алоқаси йўқларда ошмайди, чунки акционерлик жамият ва хусусий корхоналарда даромад пастлиги туфайли ойликлар борган сари камайиб бормоқда. Баъзи корхоналар шу икки йил ичида банкротга учрадилар, баъзиларида маошлар уч баравар камайди. Ишчилар сони ҳам икки бараварга камайди. Инсонларнинг сотиб олиш қобилияти ҳам камайиб бормоқда. Бунинг натижасида бозорларда савдо айланмаси ҳам касодга учрамоқда. Мисол учун, колбаса чиқарувчи корхоналар ишлаб чиқаришларини икки бараварига камайтиришган. Одамларга газ, сув ва бошқа коммунал тўловлардан қарздорликлари ҳақида хатлар келаяпти. Чунки коммунал тўловлар 3 маротаба оширилган. Одамлар налог, коммунал тўловларни тўлашга пул етқиза олишмаяпти, Ейиш-ичишга кам пул қолмоқда. Борган сари халқ қашшоқлашиб кетаётир", - деб ёзган ўзбекистонлик бу интернет фойдаланувчиси.

Бойлар ва камбағаллар

Маошлар Халқаро гуруҳ томонидан Ўзбекистон бой ва камбағаллар ўртасида фарқ энг кескинлашган давлатлардан бири сифатида тан олиниши манзарасида кузатилган.

Бунинг ортидан Ўзбекистон олий ўқув юртларида тўлов-контракт қийматининг ҳам ошиши маълум бўлган.

Бир йиллик таълим (бакалавриат) ўртача бир миллион сўм атрофида қимматлагани кўринган.

Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Ўзбекистон нархлар ўсиши бўйича собиқ Шўро давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлган.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлари Беларуснинг "BelaPAN" хусусий янгиликлар агентлиги томонидан ўтказилган миллий органлар маълумотлари таҳлилий натижаларига таяниб хабар беришган.

Сўнгги янгиликлар манзарасида Би-би-си Ўзбек Хизмати Россиядан туриб суҳбатлашишга муваффақ бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бирининг айтишича, "бу муаммонинг негизи жуда, жуда, жуда чуқур".

"Ҳозир кўпчилик ўзбекистонликлар қандай қилиб бўлса ҳам, пул топсам бўлди, деган фикр билан юришибди".

"Мактабларда ўқитиш тизими издан чиқиб кетди. Болалар, ёшлар, бирортаси ҳаётга тайёр эмас. Бу онг, бу фаросат, бу дунёқараш билан жамиятни қандай кўтарамиз", - дейди у ўз сўзларида давом этаркан.

"Буларнинг хаёлида битта нарса - қаерга бориб, қандай қилиб бўлса ҳам, икки сўм пул топсак бўлди, демак биз яхши яшаймиз, дейди".

"Халқ нимадан бошлашни билмайди. Қаерга бориб, кимга мурожаат қилиб, кредит олишни билмайди. Бир жойга бориб, бир ишини битирмоқчи бўлса, олдиндан, "неча сўм пора беришим керак", деб ўйлаб, икки сўм пулини бу томонига тугиб, кейин бораяпти-да, энди. Бу сир эмас-ку, ҳамма билади".

"Мана шу нарсаларнинг олдини олиш, порахўрликка қарши кескин иш олиб бориш керак".

"Бизда узилиш бор, ўша юқорида ўтирганлар билан пастдаги фуқаролар ўртасида боғлиқлик йўқ. Халқимиз ўша галстук таққанга бориб, оддий бир дардини айтолмаяпти", - дейди Россияда қонуний мақомда меҳнат қилувчи, олий малакали мутахассис бўлган бу суҳбатдошимиз.

Асли ўзбекистонлик яна бир интернет фойдаланувчиси ZBegim Bukhari ойликлар ошишига оид сўнгги янгиликка муносабат билдираркан, "ҳаттоки, Ҳиндистонда фаррошлар $100-$150 олади", деб ўз ҳайратларини изҳор этган бўлса, Ихтиёр Эсонов, "$24 доллар 😠бу халққа ҳайкал қўйиш керак", - дейди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek