Хоманаий дафн маросими АҚШ мустақиллиги куни бошланади

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Эрон расмийларига кўра, мамлакат олий руҳоний раҳбари марҳум Оятуллоҳ Али Хоманаий дафн маросимлари 4 июл куни бошланади ва 9 июлгача давом этади. 4 июл куни АҚШ ўз мустақиллиги декларацияси эълон этилганининг 250 йиллигини тантанали нишонлашни режа қилган.

86 ёшли Эрон олий руҳоний раҳбари Али Хоманаий 2026 йил 28 февралида Теҳрон шаҳридаги қароргоҳига АҚШ-Исроил ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлган, мамлакат руҳонийлари кенгаши унинг ўрнига 57 ёшли ўғли Мужтаба Хоманаийни Оятуллоҳ этиб сайладилар.

Али Хоманаий 1989 йили Эрон исломий инқилоби асосчиси Оятуллоҳ Ҳумайний вафотидан буён мамлакатни бошқариб келди.

Али Хоманаий дафн маросими март ойида мўлжалланган, бироқ Эроннинг АҚШ-Исроил урушига киришиб кетиши дафн маросимини ортга суришга сабаб бўлди.

Расмийларга кўра, дафн маросимлари 4 июл куни пойтахт Теҳрон шаҳрида бошланади, 6-7 июл кунлари Қум шаҳрида ўтказилади, Али Хоманаийнинг жасади 9 июл куни Машҳад шаҳрида ерга қўйилади.

Дафн маросимлари Ироқнинг Карбало ва Нажаф шаҳарларида ҳам бўлиб ўтади.

28 февралдаги ҳаво зарбасида оғир яралангани ҳақида хабарлар тарқалган Оятуллоҳ Мужтаба Хоманаий шу вақтгача ҳам омма олдида кўриниш бермаган.

Бироқ АҚШ расмийларига кўра, Оятуллоҳ Мужтаба Хоманаий охирги Қўшма Штатлари билан сулҳ келишувларида муҳим рол ўйнаган.

Оятуллоҳ Али Хоманаий вафоти муносабати билан кўплаб мамлакатлар раҳбарлари, шу жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Имомали Раҳмон Эрон Президенти Маъсуд Пезешкиёнга таъзияномалар йўлладилар.

Матбуот хабарларига кўра, Эрон расмийлари кўплаб мамлакатлар раҳбарларига марҳум Оятуллоҳ Хоманаий дафн маросимида иштирок этиш таклифномаларини юборган.

Ҳозирча Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф дафн маросимида иштирок этиши расман хабар қилинди.

Покистон АҚШ билан Эрон ўртасида оташкесим ва сулҳ келишувларига эришишда воситачилик қилган мамлакат бўлди.

Ҳиндистон матбуоти Бош вазир Нарендра Модига 4 июлдаги Теҳрондаги дафн маросимига келиш таклифи келиб тушгани ҳақида хабар бермоқда.

Бироқ ҳукуматдаги манбаларга кўра, 28 февралда таъзия юбормаган Нарендра Моди Ҳиндистон ҳукуматидаги юқори лавозимдаги мулозимни юборишни мўлжалламоқда.

Матбуот хабарларига кўра, Эрон Афғонистон Исломий амирлиги Бош вазири Мулло Муҳаммад Ҳасан Охудни Хоманаий дафн маросимига расман таклиф қилган.

Озарбайжон матбуотига кўра, Али Хоманаий дафн маросимига Озарбайжон расмий ҳайъатига мамлакат парламенти спикери Соҳиба Ғаффорова етакчилик қилади.

АҚШ мустақиллиги декларацияси 1776 йил 4 июлида қабул қилинган.

Президент Доналд Трамп АҚШ мустақиллиги 250 йиллигини тантанали нишонлашни ният қилган.

29 июн куни АҚШ ва Эрон расмийлари охирги бир неча кунги бир-бирларининг нишонларига ҳужумлардан кейин тинчлик музокараларида илгари силжишга эришганларини маълум қилдилар.

Музокаралар яна бошланиши, аммо келишувга эришиб бўлиш-бўлмаслиги аниқ эмаслиги хабар қилинди.