Россия: Шойгу Мудофаа вазири лавозимидан кетказилди – бу Украинадаги уруш учун нимани англатади? Видео

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Путин узоқ йиллик мудофаа вазири Сергей Шойгунинг ўрнига иқтисодчи Андрей Белоусовни олиб келишга қарор қилган. Украина билан уруш қизиб турган бир пайтда мудофаа вазирининг ўзгариши нимани англатади?

Россия президенти 12 май куни жиддий кадрлар ўзгаришини амалга оширган.

Владимир Путин якшанба куни кечки томон Россия парламенти юқори палатасига йўллаган вазирлик ва идоралар раҳбарлигига номзодлар рўйхатида Сергей Шойгу номи кўзга ташланмаган.

2012 йилдан бери Россия Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилиб келган ҳамда Путиннинг энг яқин маслакдошларидан кўрилган Шойгунинг лавозимидан кетиши кутилмаган янгилик бўлмаган.

Украинада тез-тез кузатилган ҳарбий муваффақиятсизликлар, йирик инсоний ва қурол-аслаҳа йўқотишлари ортидан кўплаб кузатувчилар Шойгунинг "ўрни қимирлаб қолган"ини тахмин қилиб келаётган эди.

Айниқса, унинг ўринбосари ва "ўнг қўли" кўрилган Тимур Ивановнинг ўтган ойда пора олишда айбланиб, ҳибсга олинишидан сўнг Шойгунинг эҳтимолий истеъфоси борасидаги фаразлар кучайганди.

Бироқ Путин 12 май куни унинг ўрнига ҳарбий соҳага қарийб алоқаси йўқ иқтисодчи Андрей Белоусовни тайинлагани кўпчиликни ҳайрон қолдирган.

Путин, шунингдек, ўзининг бошқа бир ҳаммаслаги - Хавфсизлик Кенгашини 16 йил бошқарган Николай Патрушевни ҳам лавозимидан олган, унинг ўрнига Шойгуни қўйган.

Президент фармонида Патрушевнинг истеъфоси унинг "бошқа ишга ўтган"и билан изоҳланган, аммо бу қандай лавозим эканига ҳозирча изоҳ берилмаган.

Таҳлилларга кўра, Путиннинг мудофаа ва куч тизимидаги бундай жиддий кадр ўзгартиришлари Россия Украинада узоқ давом этувчи урушга тайёргарлик кўраётганидан дарак бериши мумкин.

Алоқадор мавзулар:

Кремль нима дейди?

Кремль Путин билан Сибирдаги балиқ овлари суратлари билан ёдда қолган ҳамда президентнинг энг яқин иттифоқчиларидан саналган Шойгунинг лавозимидан кетказилишини Мудофаа вазири "инновацияларга очиқ бўлиши лозим"лиги ила изоҳлаган.

Путиннинг сўзчиси Дмитрий Песков вазирлик "инновациялар, барча илғор ғояларни жорий этиш, иқтисодий рақобатбардошлик учун шарт-шароит яратишга очиқ бўлиши зарур"лиги ҳақида гапирган.

"Афтидан, президент шу сабаб ҳам Андрей Рэмович Белоусов номзодига тўхталди", қўшимча қилган Песков.

Бир вақтнинг ўзида, Путиннинг матбуот котиби янги мудофаа вазири "ҳарбий ташкилий тузилма"ни ўзгартирмаслигини қайд этган.

Песков, шу билан бирга, Николай Патрушевнинг янги лавозими тўғрисида "яқин кунлар"да хабар қилинишига ваъда берган.

Андрей Белоусов ким ўзи?

65 яшар иқтисодчи Белоусовнинг армия ва мудофаа соҳасига қарийб алоқаси йўқ.

У умрининг асосий қисмини давлат хизматида, иқтисодий масалаларни ҳал қилиш билан ўтказган.

Белоусов май ойи бошига қадар Россия Бош вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

2020 йилда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига киришишидан аввал Белоусов қарийб ўн йил иқтисодиёт вазири ва бир неча йил Путиннинг ёрдамчиси сифатида ишлаган.

Иқтисодчи ўлароқ у либерал қарашлардан йироқлиги, иқтисодиётда давлатнинг кенг кўламли иштироки ва кучли назорат ўрнатилиши тарафдори экани айтилади.

The Bell нашрининг ҳукуматдаги номи ошкор этилмаган расмийларга таяниб ёзишича, Белоусов "Россия душманлар томонидан ўраб олинган"ига ишонадиган давлатнинг ашаддий ҳимоячисидир.

Уруш бошланганидан бери Кремль мудофаа соҳасига ажратилаётган маблағ миқдорини каррасига оширар экан, кузатувчилар Путин коррупция юқорилиги айтиладиган бу соҳага йирик пул айланмасини жиддий назорат қила оладиган ишончли шахсни олиб келганини тахмин қилмоқда.

Муттассил урушга тайёргарлик?

АҚШда жойлашган Урушни ўрганиш институтининг ёзишича, иқтисодчи Белоусовнинг мудофаа вазири этиб тайинланиши Россия Украинада поёнсиз урушга тайёргарлик кўраётганидан дарак бериши мумкин.

Институт Россия ичидаги бир неча манбалар Белоусовнинг тайинлови Путин Россия армиясидаги коррупция ва маблағларни сарфлашдаги суиистеъмол даражасидан жиддий ташвишдалигини кўрсатишини иддао қилгани ҳақида ёзган.

Урушни ўрганиш институти манбалар Путин билан ижобий алоқага эгалигини айтган Белоусовнинг ўтган йилдан буён дронлар ишлаб чиқариш ва операторларни тайёрлаш дастурларининг иқтисодий жабҳасига кураторлик қилиб келаётганига эътибор қаратган.

"Путин, эҳтимол, Белоусовдан у фуқаролик хизматдаги тажрибасини федерал иқтисодий сиёсат ва Мудофаа вазирлиги кун тартибини боғлашда кўприк ўлароқ ишлатишини кутмоқда. Ички иқтисодий сиёсат билан интеграциялашув Россия мудофаа саноати базасини кенгроқ ва узоқроқ муддатга тўлақонли сафарбар этиш имконини беради", ёзади институт.

"Бунинг ортидан иқтисодиётни тўлароқ сафарбар этишга шароит пайдо бўлади ва бу Кремль Украинада муттассил урушга тайёргарлик кўраётганини англатиши мумкин".

Мухтасар айтганда, нуфузли институтнинг фаразича, Путин иқтисодий блокдан чиққан Белоусов орқали мамлакат иқтисодиётини узоқ йилларга ҳарбийлаштириш ва Украина билан урушни йилларга чўзишни мақсад қилаётган бўлиши мумкин.

Институт, шу билан бирга, Патрушевнинг Хавфсизлик Кенгаши котиби лавозимидан олиниши ва Шойгунинг бу ўринга қўйилишининг эҳтимолий сабабларини ҳам таҳлил қилган.

"Россия Хавфсизлик Кенгаши хавфсизлик масалаларига алоқадор сиёсатни амалга ошириш ва Россия стратегик маданиятини шакллантиришда иштирок этувчи маслаҳат тузилмаси. Нуфузли мудофаа вазири лавозимидан олиниб, бу тузилмага раҳбар этиб тайинланиши Шойгу учун унчалик ҳам ерга урилиш эмас".

Урушни ўрганиш институти баъзи кузатувчилар томонидан "Россиядаги иккинчи энг қудратли шахс" ўлароқ кўриб келинган Николай Патрушевнинг янги эҳтимолий лавозими борасида ўз тахминларини илгари сурган.

"…Патрушевнинг Путин режими барқарорлигига нисбатан шахсий аҳамияти ва Путиннинг анчадан бери давом этувчи силовиклар орасида мувозанатни тутиб туришга бўлган ҳаракатини ҳисобга олган ҳолда, Патрушевнинг навбатдаги лавозими Путин мақсадларининг муҳим инъикоси бўлишини айтиш мумкин. Кремль Патрушев учун силовикларни бошқаришга қаратилган юқори рутбали янги мансаб жорий этиши ҳам мумкин", дейилади Урушни ўрганиш институт таҳлилида.

Ҳукумат қанчалик ўзгарди?

Путиннинг 7 май кунги қасамёд маросимидан сўнг куч блокида жиддий кадрлар ўзгариши кузатилган бўлсада, аввалги таркибдаги кўплаб вазир ва раҳбар амалдорлар янги ҳукумат таркибида ҳам ўз лавозимини сақлаб қолган.

Михаил Мишустин Бош вазир лавозимида қолган.

8 май куни Россияга борган Шавкат Мирзиёевни аэропортда кутиб олган Россия Бош вазири ўринбосари Денис Мантуров Мишустиннинг биринчи ўринбосарига айланган, аммо саноат ва савдо вазири лавозимини топширган.

Путиннинг энг яқин маслакдошларидан бўлган Николай Патрушевнинг шу вақтгача қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқариб келган ўғли Дмитрий Патрушевга ҳам Бош вазир ўринбосари лавозими топширилган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.