You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тожикистон: Афғонистондан ўтган қуролли гуруҳ Мустақиллик байрамини бузмоқчи эдими? Янги Тошкент бош режасига шошилмайди
Афғонистондан Тожикистонга ўтган қуролли гуруҳ йўқ қилингани хабар қилинди. Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси хабар беришича, 3 кишидан иборат гуруҳ мустақиллик байрамида теракт тайёрлашни режалаган бўлган.
Asia Plus нашрининг расмий хабарга таяниб ёзишича, 30 августига ўтар кечаси халқаро террорчилик ташкилотининг уч нафар аъзоси Тоғли Бадахшоннинг Дарвоз йўналишидаги тожик-афғон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган.
"Уларнинг мақсади давлат мустақиллиги куни арафасида Тожикистон ҳудудида террорчилик ҳаракатини амалга оширишдир", дея хабар қилган мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси.
Куч тизимлари ҳужумга уриниш олдиндан маълум бўлгани, террорчиларнинг жойлашуви ва ҳаракатланиш йўллари кузатувга олингани ва улар қуршаб олинганини билдирган.
"5 сентябр куни эрталаб Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг аксилтеррор гуруҳи жангарилар турган жойни ўраб олди ва таслим бўлишни талаб қилди. Террорчилар талабга жавоб бермади ва биринчи бўлиб қуролларидан ўқ узди. Шундан сўнг, аксилтеррор операцияси натижасида террорчилик гуруҳининг уч нафар аъзоси йўқ қилинди", — дейилади хабарда.
Чегарани ноқонуний кусиб ўтганлар ёнидан қурол, ўқ-дорилар ва пул топилгани айтилмоқда. Уларнинг барчаси "Жамоати Ансорулло" ташкилоти аъзолари экани маълум қилинди.
Миллий хавфсизлик қўмитасининг таъкидлашича, ўзидаги қуроллардан ташқари, террористлар қўшни давлатдан олдинроқ катта миқдорда қурол-яроқ, портловчи моддалар, пул ва алоқа воситаларини ўтказиб, яшириб қўйган.
Қўмита тақдим қилган тасвирларда қурол-яроқлар ва 3 эркакнинг турли ҳолатда ётган расмлари акс этган.
Расмий хабарда воқеа жойида 5 та Калашников автомати, 2 та мерганлик винтовкаси ва бошқа қуроллар мусодара қилинганини айтилган.
"Тезкор-суриштирув тадбирлари ва жасадларни ўрганиш натижасида барча террористлар "Жамоати Ансорулло"нинг аъзолари бўлганлиги аниқланди", дейилади хабарда.
Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу шахсларга нисбатан олдин Тожикистонда жиноий иш очилиб, қидирувга берилган бўлган.
Расмийларга кўра, Афғонистондан Тожикистонга ўтиб бузғунчиликка уринишлари биринчи марта бўлаётгани йўқ.
"Бу "Жамоати Ансорулло" террористик гуруҳининг республкада вазиятни издан чиқаришга биринчи уриниши эмас. Шу йилнинг 26 апрел куни ушбу ташкилотнинг 2 аъзоси террор ташкил қилиш мақсадида давлат чегарасини ноқонуний бузиб ўтди. Аксил террор амалиёти натижасида террористлар хавфсизлантирилди", дейилади Миллий хавфсизлик қўмитаси хабарида.
"Жамоати Ансорулло" Афғонистоннинг Тожикистонга яқин минтақасида фаолият юритадиган йирик гуруҳлардан бири эканлиги айтилади.
Мирзиёев янги Тошкент бош режасида шошилмасликка чақирди
Президент Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни Янги Тошкент шаҳрининг Бош режаси лойиҳаси билан танишди.
У бош режа асосида йил якунига қадар батафсил лойиҳалаш ишларини якунлаш, биринчи босқич иншоотлари бўйича лойиҳачи ва қурувчи корхоналарни аниқлаш бўйича кўрсатмалар берди.
"Нима учун бу лойиҳани шошмасдан, қайта-қайта кўряпмиз? Бу шаҳар юз йиллаб халққа хизмат қилиши керак. Одамлар биринчи ўринда бўлиши, келажакдаги қурилишлар ҳам инобатга олиниши зарур. Биринчи босқич мукаммал қурилса, мактаб бўлади", — деган Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда қарийб 5 миллион аҳоли яшаётгани айтилаётган Тошкент шаҳрининг бош режаси ҳали ҳам қабул қилинмаган.
Расмий хабарда айтилишича, Тошкент шаҳрида яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони ортиб кетиши натижасида кўплаб уй-жойлар, муассасалар барпо этилиб, инфратузилма тармоқларига юклама ортмоқда.
"Шунга қарамай, яна йилига 20 минг хонадонли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор. Урбанизация суръатидан келиб чиқилса, яқин йилларда аҳоли сони янада кўпаяди", дейилади хабарда.
Шу йилнинг 20 июлида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари бўйича Президент қарори қабул қилинди.
Ушбу йирик лойиҳа учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 720 гектар ер танлаб олинган.
Биринчи босқичда 2,5 минг гектарда 100 минг аҳоли учун уй-жойлар ва инфратузилма объектлари қуриш режалаштирилган.
Расмий хабарда таъкидланишича, лойиҳада яшиллик, қулайлик ва тежамкорликка алоҳида эътибор қаратилган, транспорт тармоқлари пойтахт билан оқилона боғланган.
"Умуман айтганда, Янги Тошкент "ақлли" ва "боғ шаҳар" бўлиши назарда тутилмоқда. Маъмурий марказда давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, кутубхона, тарих музейи, маданият саройлари жойлашади", дейилади хабарда.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик инвестори
Хитой 2023 йилнинг 6 ойи бўйича Ўзбекистоннинг хорижлик инвесторлари рўйхати бошига чиқди.
Podrobno.uz сайтининг ёзишича, 2023 йилнинг илк 6 ойида Ўзбекистон иқтисодига 11,4 миллиард доллар сармоя киритилган. Шундан 4,8 миллиард доллари хорижий сармоя ва кредитларга тўғри келади.
Хитой ярим йилда 20,5 фоиз сармоя киритиб, Россия ва Туркияларни ортда қолдирган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002