Ғарб махсус ҳарбий кучлари Украинада - "ўта махфий" ҳужжат Россияга қўл келадими? Yangiliklar, Dunyo

    • Author, Пол Адамс ва Жорж Райт
    • Role, BBC News
  • Published

Интернетга сизиб чиққан ўнлаб ҳужжатлардан маълум бўлишича, ғарбнинг махсус ҳарбий кучлари Украина заминида фаолият олиб бормоқда.

Ушбу маълумотлар йил давомида миш-мишларга сабаб бўлган хабарларни тасдиқлайди.

Айримларига "ўта махфий" тамғаси урилган сиздирилган материаллар Украинадаги урушнинг батафсил тасвирини кўришга имкон беради. Уларнинг ичида Украинанинг баҳорга белгиланган қарши ҳужум тайёргарлигига оид батафсил махфий маълумотлар ҳам бор.

АҚШ ҳукумати сизиш манбасини суриштираётганини айтди.

23 мартга оид ҳужжатга кўра, Украинада энг кўп Буюк Британиянинг махсус кучлари бор (50 нафар), Ундан сўнг НАТО аъзоси Латвиянинг 17 нафари ҳарбийси фаолият юритмоқда. Бундан ташқари Франция (15), АҚШ (14) ва Нидерландия (1) ҳам маълум сонда ўз кучларини юборган.

Ҳужжатда махсус кучлари қаерда жойлашгани ёки нима иш қилаётгани айтилмаган.

Шахсий таркиб сони кичик ва ўзгарувчан бўлиши мумкин. Бироқ махсус ҳарбий кучлар ўз номидан келиб чиқиб жуда ҳам самарали фаолият юритади. Уларнинг Украинада мавжудлиги сўнги ойларда Россия нафақат Украина билан, балки НАТО билан урушяпти, деб таъкидлаб келаётган Москвага қўл келиши мумкин.

Бу каби масалаларга стандарт сиёсатига мувофиқ Британия Мудофаа вазирлиги хабарга муносабат билдирмади.

Бироқ вазирликнинг сешанба куни ёзган твитида айтилишича, махфий дейилаётган маълумотларнинг сиздирилиши "ноаниқликнинг жиддий даражасини" кўрсатди.

"Ўқувчилар сохта маълумотларни ёйиш эҳтимоли бўлган ушбу даъволарни ўта эҳтиёткорлик билан қабул қилиши керак", дейилади унда.

Вазирлик айнан қайси ҳужжатларни назарда тутилаётганига аниқлик киритмаган. Бироқ Пентагон расмийлари ушбу ҳужжатлар ҳақиқий эканлигини таъкидламоқда.

Украинада икки томоннинг ҳам йўқотишлари акс этган ҳужжат сохталаштирилган бўлиши мумкин.

Буюк Британия махсус кучлари турли ихтисосликка эга бир нечта сара ҳарбий бўлинмалардан ташкил топган ва дунёдаги энг маҳоратли кучлардан ҳисобланади.

Британия ҳукуматининг ўз махсус кучлари борасида муносабат билдирмаслик сиёсати бор ва бу АҚШ каби бошқа давлатларнинг сиёсатига терс.

Британия Украинани ўта фаол қўллаб келмоқда ва АҚШдан сўнг Киевга ҳарбий ёрдам бераётган иккинчи йирик давлат ҳисобланади.

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Адлия вазирлиги тергов ишларини бошлагани ва сизиш манбасини топишини маълум қилган.

"Биз суриштирувни давом эттирамиз ва манбани ҳам кўламини топмагунча қўймаймиз", деган у.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002