You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Украина уруши: Ватанпарварлик даромадли бизнесми? Dunyo Yangiliklar Янгиликлар
- Author, Илья Барабанов
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Published
Украина шарқида Россия армияси катта йўқотишларга учраётган бир пайтда, ҳарбий қисмлар йилнинг одатий ва асосий воқеаси - 9 май куни бўлиб ўтадиган Ғалаба парадига тайёргарлик кўришни бошлади. Улар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилади, асосий ҳарбий парад - Москвадаги Қизил майдонда ўтадиган тантанани мана ўнинчи йилдирки Қуруқлик кучлар бош қўмондони, Москва ҳудудий гарнизони бошлиғи, армия генерали Олег Салюков бошқаради. Унинг оиласи кўплаб ватанпарварлик ва ҳарбий байрамларни уюштириш ортидан пул ишламоқда.
Улар буни қандай эплаяпти - Би-би-си Рус хизмати ушбу масалада суриштирув ўтказди.
Очиқ люклар куни
2022 йил 1 октябрида Россия армияси Донецк вилоятининг Лиман шаҳридан чиқиб кетди: "Қамал қилиш хавфи туғилиши муносабати билан иттифоқчи қўшинлар Қизил Лиман аҳоли пунктидан қулайроқ йўналишларга олиб чиқилди", деди Россия Мудофаа вазирлигининг воизи генерал-полковник Игор Конашенков.
Алоқадор мавзулар:
Харков вилоятидан чекинган танкерлар, мотоўқчилар, артиллериячилар ва алоқачилар қуруқликдаги кучлар бир қисми, Россия армиясининг таянчидир. Қуруқликдаги кучлар сони ярим миллиондан ошади ва сўнгги тўққиз йил давомида уларга армия генерали Олег Салюков раҳбарлик қилиб келмоқда.
Сентябрь ойи бошида бошланган рус армиясининг мағлубиятлари сабабли Президент Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилишга мажбур бўлди. Лимандан воз кечиш янада оғриқли бўлди, чунки бир кун олдин, 30 сентябрь куни Россия раҳбари Кремлда тантанали маросим ўтказган, унда Донецк, Запорожье, Луганск ва Херсон вилоятлари Россияга таркибига кирганини эълон қилган эди.
Россия қўшинлари ўз техникасини ташлаб, Харков вилояти, Святогорск ва Лимандан тезлик билан чекинаётганда, Москва яқинидаги «Патриот» боғида улар Қуруқликдаги кучлар кунини нишонлашга тайёргарлик кўраётган эди.
2022 йил 1 октябрь куни эрталаб Кремль веб-сайтида эълон қилинган Владимир Путиннинг телеграммасида шундай дейилган: "Қуруқликдаги қўшинларнинг ҳозирги шахсий таркиби ўз салафларига муносиб бўлишга интилмоқда". Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам уларни юқори баҳолаганди: "Қўшма қуролли қўшинлар ва ҳарбий қисмлар хизматчилари ўз зиммаларига юклатилган масъулиятли вазифаларни мувофиқлаштирилган шаклда ва қатъий ҳаракат қилиб, самарали бажармоқда".
Ўша куни «Патриот» боғига борган москваликлар ва Москва вилояти аҳолисига қуйидаги томошалар ваъда қилинди: 1 рақамли музей майдонида очиқ люклар куни (бу вақтда ташриф буюрувчилар танкнинг жанговар бўлинмасига тушишлари мумкин), болалар учун танкодром, турли хил ҳарбий техникани бошқариш учун армия симуляторлари ва "дастурнинг диққатга сазовор жойи" - 50 йилларнинг зенит қуроли ўрнатилган МТ-ЛБ транспортери.
Байрам тугагач, Москва вилояти ҳокимияти сайёҳлик портали 3 октябрь куни байрамга беш мингдан ортиқ одам келганини хабар қилди: "Кун Россия Қуролли Кучларининг Бош ибодатхонасида ибодат билан бошланди. Ҳарбийлар ташриф буюрди", дейилади Москва вилояти ҳокимияти сайтида. Шундан сўнг, Собор майдонида концерт бошланди, унда фахрий қоровул ротаси ва Преображенский полки оркестри мусиқачилари чиқиш қилишди.
Деярли ярим йил ўтгач, 2023 йил 2 мартда Россия ахборот агентликларининг янгиликлар ленталари Брянск вилояти ҳудудига украиналик диверсантларнинг катта гуруҳи кириб келгани ҳақидаги хабарларга тўлди. Ўша куни Иркутск вилоятидан сафарбар қилинганларнинг қариндошлари ўша вақтга қадар Авдеевка саноат ҳудудида Украина позицияларига қарши етарлича тўла таркибда бўлмаган аскарлар юборилаётгани ҳақида шикоят қилишган эди. Хабар қилинишича ўша "полкдан ҳеч ким тирик қолмаган".
Москва «Кино уйи»да эса 2 март куни режага кўра минг нафар меҳмон учун "Автодор ватанпарварлари" тантанали кечаси бўлиб ўтди. Меҳмонларни залда ҳарбий оркестр, саҳнада «Юнармия» ансамбли кутиб олди. Залда Россия узоқ масофали авиация қўмондони, генерал-лейтенант Сергей Кобилаш, қуруқликдаги кучлар бош қўмондони ўринбосари Виктор Лизвинский, Россия ҳарбий тарих жамияти раиси ўринбосари Николай Овсиенко, Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси ходими, Москва шаҳар думаси депутати Андрей Медведев иштирок этган.
"Автомобиль йўллари" давлат муассасасининг 1000 дан ортиқ ходими катта экранда Россиянинг қўшиб олинган ҳудудларини тиклашда иштирок этган Москва шаҳар хўжалик мажмуаси мутахассислари меҳнати ҳақида ҳикоя қилувчи «Тритерия» ҳужжатли фильмини томоша қилди», дея хабар берди 6 март куни ушбу муассаса матбуот хизмати. Меҳмонларга "ДХРнинг миннатдор халқидан" ва "ЛХРнинг миннатдор халқидан" эсдалик нишонлари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Москва яқинидаги "Кино уйи" ва "Патриот" боғидаги тадбирлар ташкилотчиси, елкасига Burberry сумкаси илиб олган, HQ Agency бош директори ва эгаси Дина Салюковадир. У Россия Қуруқлик кучлари қўмондони ва армия генерали Олег Салюковнинг келинидир.
"Биз ҳар қандай концепцияни чизиб берамиз"
HQ Agency ижодий агентлиги 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг офиси Мичуринский проспектидаги элита турар-жой мажмуасидан ярим соатлик масофада жойлашган. Дина Салюкова ва унинг эри ўша элита турар жой мажмуасида яшайди.
Салюкова тижорий тадбирларини ташкил этиш бўйича ушбу агентлик раҳбарлигидан ташқари "Автомобиль йўллари" давлат муассасасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи ўринбосари ҳам ҳисобланади.
Агентлик ўзини "ишбилармонлик тадбирларини ташкил этиш бўйича жадал ривожланаётган компания" сифатида кўрсатиб, ўз мижозларига "Тегишли давлат органлари билан яқин ҳамкорлик, бизнес ва ҳукумат ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш имконини" ваъда қилади.
Давлат харидлари порталидаги очиқ маълумотларда ушбу агентлик 2018 йилда ўтган тендерда Москва мэриясининг халқаро кўргазмалардаги иштирокини ташкил этиш учун 435 минг рублга тенг битта давлат шартномасини ютиб олгани ҳақида маълумот бор. Ўша йил кузида мэриянинг коммунал тўловлар йиғувчи "Ягона ахборот-ҳисоб-китоб маркази" Салюкова агентлигидан ҳеч қандай конкурсларсиз "ягона етказиб берувчи" сифатида 500 дона флэш-диск ва 900 минг рублга яқин қийматдаги 305 та ёғоч қути сотиб олган.
Бироқ, 2018 йил сентябрь ойида Москва кунини нишонлаш доирасида агентлик Новокосинода «Қизил тулки» Британия пивоси фестивалини ҳам ташкил қилди. 2019 йилда «Автодор» давлат муассасасининг буйруғи билан "Йўл ишчилари" кунининг 20 йиллигига Бутунроссия энергия тежаш фестивали ташкил этилди. Ушбу тадбир тўғрисидаги ҳисоботлар HQ Agency'нинг веб-сайтида бор.
Агентлик Халқаро муносабатлар Москва давлат институти (МГИМО), Тула вилояти ҳокимияти ва Мудофаа вазирлиги билан айниқса яқин алоқаларга эга. 2019 йил май ойида Тула вилоятида МГИМО кунларида шаҳар марказида катта концерт ўтказилди, ўша йилнинг сентябрь ойида губернатор Алексей Дюмин МГИМО ҳудудида Лев Толстой ҳайкалини очди - бу Мудофаа вазирлигининг Москва яқинидаги «Патриот» боғидаги корпоратив тадбирлардир.
Би-би-си мухбири оммага очиқ бўлган маълумотларни текшириш учун ўзини бир қатор ватанпарварлик тадбирларини ўтказмоқчи бўлган мансабдор сифатида кўрсатиб агентлик бош директори Дина Салюковага қўнғироқ қилди.
"Сизга нима кераклигини билишингиз керак. Бунинг учун қандай формат, қанча меҳмон, қаерда бўлиб ўтиши ҳақида концепция шакллантирилади, - деди Дина Салюкова телефон суҳбатида. -Ватанпарварлик тадбирлари доимий равишда ўтказилади, биз бу билан шуғулланамиз. Бу йўналишда ҳеч қандай муаммо йўқ. Сиз қандай формат кераклигини, бюджетингиз қанчалигини айтсангиз, биз сизга керак бўлган ҳар қандай концепцияни чизиб берамиз."
Янги потенциал мижозни йўқотмаслик учун, бир мунча вақт ўтгач, Дина Салюкованинг ўзи WhatsApp орқали боғланиб, агентлик веб-сайтида армия билан боғлиқ тадбирлар нима учун айтилмаганини тушунтирди: "Ҳар доим ҳам ватанпарварликни кўрсатаверишни истайверишмайди. Мудофаа вазирлиги бизга яқин. Айтиш мумкинки, жуда яқинмиз."
Унинг айтишича, «Патриот» боғида қуруқликдаги қўшинлар кунини нишонлашни сўнгги тўрт йилдан бери агентлик жамоаси ташкил қилиб келмоқда: "Аввалига ташкилот жамоаси дастлаб «Патриот» боғи ва «Авангард» марказининг тадбир бўлимларидан йиғилган. Мен «Авангард» маркази раҳбари ўринбосариман. Нолдан бошлаб 10 ой давомида Шойгу ва Путин иштирокида сон-саноқсиз ватанпарварлик тадбирларини ўтказдик».
Салюкова ўз сўзларининг тасдиғи сифатида Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг "Мудофаа вазирлигининг дипломи билан тақдирлаш тўғрисида. Россия Федерацияси қуролли кучларига юкланган вазифаларни ҳал қилишда ёрдам бергани учун" 2021 йил 19 июлги буйруғидан кўчирма юборди.
2019 йилда Москва мэрияси, Москва вилояти ҳокимлиги ва Мудофаа вазирлиги томонидан «Авангард» ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ўқув-услубий маркази" ташкил этилган. Бошида Мэрия ва ҳокимлик 2 миллирад рублдан маблағ ажратган, Мудофаа вазирлиги эса "Патриот" парки ҳудудидан 28,5 гектар ер берган..
2015 йилда Қуруқлик қўшинлар бош қўмондони Олег Салюков биринчи марта ушбу қўшинлар кунини «Патриот» боғида нишонлашга қарор қилди ва "кенг кўламли тадбирларни ташкил этиш учун" унинг ҳудудидан «максимал» фойдаланишга ваъда берди. Бу вақтга келиб унинг ўғли Дмитрий (у кўргазмалар, маркетинг, реклама, тарихий клублар ва реконструкторлар билан ўзаро алоқалар учун масъул эди) ва ва келини Дина «Патриот» боғида ишларди. Улар ўша йили турмуш қуришганди.
"Қисқаси, биз ҳамма нарсани қила оламиз", деди HQ Agency бош директори Би-би-си билан суҳбатда.
"Ва кейин шовқин бошланади"
"Биз Дмитрий Олегович билан шундай ўтирибмиз ва қандай қилиб омадли эканимизни тушунмаяпмиз", - фотосуратда Дина Салюкова Адриатика денгизи фонида бардаги столда суратга тушмоқда. "Дмитрий Олегович Черногорияга ўрганган, ҳозир биз бирга овқатланяпмиз", - фотосуратда агентлик асосчисининг эри Дмитрий Салюков.
Россияда тақиқланган Instagram ижтимоий тармоғида Дина Салюкованинг бир нечта аккаунти бор, ундаги фотосуратлар унинг тўйи, машина ҳайдаётгани, Швейцария, Голландия ва Дубайга саёҳатларидан олинган.
Фотосуратларга қараганда ҳар йили эр-хотин Қизил майдондаги репетиция ва парадларга боради.
Дмитрий Салюков 1982 йилда Уляновск вилоятининг Дмитровград шаҳрида туғилган, ўшанда унинг отаси Олий олий танк қўмондонлик билим юртида ўқиган.
2004 йилда кичик Салюков Хабаровск давлат иқтисодиёт ва ҳуқуқ академиясини Инқирозларни бошқариш мутахассислиги бўйича тамомлаган. Ўша пайтда унинг отаси Узоқ Шарқ ҳарбий округида хизмат қиларди - дастлаб штаб бошлиғи ва 35-армия қўмондони, кейин эса бутун округ қўмондони бўлган.
Дмитрий Салюковнинг таржимаи ҳоли ва юридик шахсларнинг ягона давлат реестри маълумотларидан маълум бўлишича, у академияни тугатмасидан олдин ҳам Хабаровскда бизнес билан шуғулланишга уриниб кўрган ва отаси пойтахтга кўчирилгандан сўнг у Янги Москвадаги Калуга шоссесининг 47-километрида ноёб ҳайвонлар сақланадиган экзотик боғ эгаларидан бири бўлган.
"Ёқимтой, фаол йигит", деб эслайди Дмитрий Салюковни унинг ишбилармон танишларидан бири.
Экзотик боғнинг эгаларидан яна бири Росселхознадзорнинг Москва ва Москва вилояти бўйича бўлими собиқ раҳбари Алексей Волков эди. У ва кичик Салюков «Патриот» боғида бирга ишлаган, у ерда Волков иқтисодиёт ва ривожланиш бўйича директор ўринбосари эди. Кўп ўтмай, уни ФСБ ҳибсга олди ва Москванинг Басманний суди уни пора талаб қилгани учун 7 йилга озодликдан маҳрум қилди - у Москва прокурори билан пул эвазига муаммоларни ҳал қилишга ваъда берган.
Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган жиноят иши материалларига кўра, Волков катта Салюков билан ҳам яхши таниш бўлган: масалан, у генералнинг «Ле Маре» ресторанида ўтадиган юбилейи учун меҳмонларга таклифнома тарқатган.
2010 йилда Президент Дмитрий Медведевнинг фармони билан Олег Салюков Бош штаб бошлиғи ўринбосари этиб тайинланди ва бир неча йил ўтгач, у Москванинг Хамовники тумани, Ружейний кўчасидаги қимматбаҳо бинода 95 квадрат метрли квартира эгаси бўлди. Бу ерда Давлат Думаси Мудофаа қўмитаси раҳбари генерал-полковник Андрей Картополов, Мудофаа вазирлиги сўзчиси, генерал-лейтенант Игор Конашенков ва узоқ масофали авиация бош қўмондони Сергей Кобилаш унга қўшни эди.
The Insider (Россияда "чет эл агенти" ва "номақбул ташкилот" сифатида тан олинган) Росреестрдан олинган кўчирмага таяниб, давлат генерал Салюковга 70 миллион рублга квартира берганини хабар қилган.
Салюковнинг ўғли 2010 йилда биринчи марта давлат хизматига кирди. У ўз фаолиятини унинг бўлажак рафиқаси ҳам ишлайдиган ўша давлат тузилмасида - Россия Ташқи ишлар вазирлигига қарашли МГИМОда бошлаган. Дмитрий Салюков у ерда илмий лойиҳалар бўлимини бошқарган ва ҳарбий эксперт сифатида ишлаган. У МГИМО проректори Алексей Подберезкинга "21-асрдаги стратегик вазият, урушлар ва ҳарбий тўқнашувлар сценарийлари"ни таҳлил қилишда кўмак берган ва "миллий инсон капитали, ҳарбий-саноат комплекси ва аэрокосмик мудофаа" ўртасида алоқаларни мустақил ўрганган.
"Сиёсатда ҳарбий кучга эътибор қаратиш муқаррар равишда ҳарбий устунликка урғу беришни англатади, бу устунлик эса 21 асрда қурол, ҳарбий техника ва шахсий таркиб сони билангина эмас, балки қурол ва ҳарбий техника, ҳарбий хизматчилар, шунингдек, ҳарбий-сиёсий қарорлар қабул қилувчилар сифати билан белгиланади", - деб ёзади кичик Салюков ўзининг мудофаа саноати ва аэрокосмик мудофаада инсон капитали ҳақидаги мақоласида.
2013 йил августда кичик Салюков ва унинг бўлажак рафиқаси Дина Динанинг отаси Георгий Погосян бошқарган «Монтажспецстрой» МЧЖнинг ҳамасосчиси бўлишди. Погосян ўзининг 50% улушини уларга ўтказгандан сўнг, бу компания Мудофаа вазирлиги назоратида бўлган «Спецстрой» федерал қурилиш агентлигидаги 2-сонли Муҳандислик ишлари бош бошқармасидан (ГУИР) тўртта тендерни ютиб олди.
ГУИР Нижний Новгород вилояти, Мулино шаҳрида қуруқлик қўшинлари жанговар тайёргарлик маркази учун ўқув полигони қураётган эди. Мудофаа вазирлиги Германия Бундесверидан ўрнак олиб, у ерда лазертаг (лазер жанговар симуляция тизими) ўрнатмоқчи эди. 2013 йил июлида немислар Мулинога техника юборишга тайёр эди (120 миллион евродан 50 миллиони аллақачон тўланган эди), аммо ўрнатиш Россиянинг узоқ муддатли қурилишини секинлаштирди - ҳарбийлар ўқув полигонида темир йўл станцияси бўлган «шаҳар» қуришлари керак эди, аммо йил давомида ишлар режадан ортда қолди.
Бундай фавқулодда вазиятда генерал Салюков ўғлининг компанияси 2013 йил сентябрь-ноябрь ойларида Мулино шаҳридаги «Шаҳардаги жанг» ва «1-поселкадаги жанг» майдонлари учун бетон, махсус техника ва ишчи етказиб бериш ҳуқуқини қўлга киритди. Ушбу шартномаларни олгандан сўнг, эгалар компаниянинг ўзидан жимгина қутулишга қарор қилишди. Компания Қозонда рўйхатдан ўтган «Дельфин» МЧЖга бириктирилди - бу бозорда компанияни текширишларсиз ёпишнинг машҳур схемаси бўлиб, унинг вориси олдинги мажбуриятлар ва қарзлар учун жавобгар бўлади. Татаристондаги бу ворис бир вақтнинг ўзида ўнлаб Москва фирмаларини «ютгач», ўзини ўзи тугатди.
2014 йил май ойида генерал Салюков қуруқлик қўшинлари қўмондони лавозимига тайинланди, унинг ўғлига қарашли ва ушбу қўшинлар учун полигон қуришдан пул ишлаб топган компания эса ўз фаолиятини тўхтатди.
Аммо «Монтажспецстрой» ҳикояси шу билан тугамади. 2018 йилда Москванинг Хорошевский туман суди 2-сонли ГУИР раҳбарининг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари Юрий Гребцовнинг жиноят ишини кўриб чиқди. Суд қарорига кўра, кичик Салюков ва унинг шерикларига ҳарбий қурилиш тендерларида қатнашишга ноқонуний рухсат берилган. 13 миллион рублга Москва яқинидаги «Капитолий» элита коттеж қишлоғини ободонлаштиришда иштирок этганини ҳисобга олмаса «Монтажспецстрой»да на керакли техника, на ишчилари ва на тажриба бор эди.
Шунингдек, ГУИРдан унинг хизматларига ариза ҳам, нархни белгилайдиган хизматларнинг ўзи ҳам бўлмаган. Бироқ мижоз «Монтажспецстрой»га тўртта шартнома бўйича барча маблағни максимал даражада тўлаган, улардан бири ҳатто икки марта тўланиб (гўё унга ўзгартириш киритиш учун) - жами деярли 25 миллион рубль ўтказилган.
Аудит ҳисоботида айтилишича, йўқотилган маблағ ҳарбий қурилиш бошқармасининг молиявий аҳволига унчалик таъсир кўрсатмаган. Генерал Салюков бошчилигидаги қуруқлик қўшинлари учун полигон ўша вақтга келиб 4 миллиард рублдан кўпроққа тушди, немис техникаси учун тўланган 50 миллион евро эса санкциялар туфайли йўқотилди. (Ҳозир, Мулино полигонида Украина уруши учун сафарбар қилинганларни тайёргарликдан ўтказишаяпти. Улар учун кароватларни Нижний Новгород вилояти ҳокимлиги сотиб олди).
Гребцов ўз ваколатлари "ўзи ва бошқалар учун фойда ва имтиёз олиш мақсадида" суиистеъмол қилгани учун 4 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. «Спецстрой»нинг зарар кўрган тузилмаси ҳеч кимдан 25 миллион рубль компенсация ундирмаган. Уруш бошланганидан кейин Гребцовнинг Москва яқинидаги Барвихадаги уйи, Москвадаги кўчмас мулки ва BMW Х5 ХDRIVE25D ва Lexus LХ570 автомобилларига қўйилган арест олиб ташланди..
Генерал Салюковнинг ўғли, унинг рафиқаси ва «Монтажспецстрой»нинг собиқ бош директори бўлмиш унинг қайнотаси бу ишда на пулни қайтарган, на жавобгарликка тортилган - улар шунчаки судда гувоҳ сифатида иштирок этишди, холос. Кичик Салюков компаниянинг битимлари ҳақида ҳеч нарса билмагани, улардан пул "ва бошқа қимматбаҳо нарсалар" олмагани ҳақида кўрсатма берган.
Бу вақтга келиб, унинг ўзи аллақачон пойтахтда амалдор сифатида карьера бошлаган эди. 2017 йилдан бери Дмитрий Салюков Москвадаги "Автомобиль йўллари" давлат муассасаси раҳбари ўринбосари бўлиб, унинг рафиқаси ҳозир ҳам ўша ерда ишлайди. Шу билан бирга, оила шаҳар мэрияси кўмагида сайёҳлик саноати учун "Россия бўйлаб саёҳат" форумини ташкил этди - эри ташкилий қўмитани бошқарар, оргкомитет, хотини эса бош продюсер сифатида ҳомийларни жалб этарди.
2020 йил 16 июнь куни Москва мэри Сергей Собяниннинг буйруғи билан кичик Салюков Москва шимоли-ғарбий маъмурий округи префекти ўринбосари лавозимига тайинланди. 2015 йилдан бери округ префекти - истеъфодаги полковник Алексей Пашковдир.
Унинг ўринбосари сифатида Дмитрий Салюков транспорт, алоқа ва гараж қурилиши масалаларини назорат қилади.
"Унинг қилар иши гараж бузиш, бузилишларга қарши бўлган аҳоли билан жанжаллашиш учун унинг шахсан ўзи боради. У одамлар билан учрашади, уларга баъзи воқеаларни айтиб беради, кейин йўлчиларни олиб келади ва улар ишни бошлайди, дарвозалар металлоломга топширилади, - дейди амалдор билан шахсан таниш бўлган муниципал депутатлардан бири, Дмитрий Салюковнинг иши ҳақида. - Уни кўрдим, чунки бузиб ташланаётганда аҳоли мени ҳам таклиф қилади. Аввалига бу жойлар гаражлар учун эмаслигини айтади, кейин шовқин бошланади.»
Депутат Москва округининг бюджети тахминан 5 миллиард рублни ташкил этишини эслайди, шунинг учун префект ўринбосари лавозими федерал ҳокимиятдаги карьера учун ажойиб бошланғич жойдир. Би би си суҳбатдошига кўра, Москвадаги ўрта даражадаги ижроия ҳокимият иши шаҳар ресурсини тасарруф этиш имконини беради: "Аҳоли манфаати, мақсадга мувофиқлик деган нарса йўқ, барча префектлар ва уларнинг ўринбосарлари фақат инвестициялар ҳақида ўйлайди - гаражларни бузиш, ер участкасини девелоперга сотиш, у ерда нимадир қуриш ва шу аснода пул ишлаб олиш».
Дмитрий Салюковнинг 2021 йил учун даромадлари тўғрисидаги декларациясида минг квадрат метрдан ортиқ майдонли тўртта турар-жой биноси ва бешта ер участкаси бўлган жами 2 гектар ер кўрсатилган. Москвада унинг оиласи 95,7 ва 85,6 кв.м бўлган иккита квартирага эга эди. Украинада уруш бошланишидан бир йил олдин Дмитрий 12,3 миллион рубль, унинг рафиқаси Дина эса 8,3 миллион рубль, жами 20 миллиондан ортиқ даромад олишган.
2019 йилга келиб, унинг отаси ҳам умумий майдони 0,45 гектар бўлган ер сотиб олди - ўша йили у 10,2 миллион рубль (хотини эса тахминан 200 минг рубль) ишлаб олди, генералнинг охирги эълон қилинган декларациясидан бир йил ўтгач, ўғлининг оиласи даромади бир ярим баравар кўп эди.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий раҳбарларнинг даромадлари ҳақидаги кейинги маълумотларни ошкор қилмади. Ўтган йил охирида Владимир Путин уруш даврида давлат хизматчилари декларациясини умуман эълон этмасликка рухсат берди.
"Далалар маликаси" саргузаштлари
2023 йил 11 январда Президент Владимир Путин Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни Россиянинг Украинадаги қўшинлари қўмондони этиб, собиқ қўмондон, ҳарбий-космик кучлар бош қўмондони Сергей Суровикинни, бош штаби бошлиғи муовини генерал-полковник Алексей Кимни ва Қуруқлик қўшинлари бош қўмондони, Москва гарнизони бошлиғи Олега Салюковни унга ўринбосарлар этиб тайинлади.
Эртаси куни Салюков Беларусга келди ва у ерда "Россия ўқув полигонларида жойлашган минтақавий қўшинларни" текширди. Бу вақтда Ғарбнинг йирик оммавий ахборот воситалари Россия ўзининг асосий иттифоқчиси бўлмиш Беларус ҳудудидан Киевга яна ҳужум тайёрлаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқди.
14 март куни губернатор Александр Богомаз билан биргаликда Салюков Брянск вилоятининг чегара ҳудудларини кўздан кечирди ва бу ерда ҳимояни кучайтиришга ваъда берди.
Олег Салюков 2014 йил май ойида қуруқлик қўшинлари бош қўмондони этиб тайинланган. Унинг бу лавозимдаги салафи, генерал-полковник Владимир Чиркин 20 минг доллар пора билан боғлиқ жиноят иш бўйича ишдан олинган эди. 2015 йил август ойида генерал Чиркин беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, бироқ бир неча ой ўтгач, ҳақиқий муддат 90 минг рубль миқдоридаги жарима билан алмаштирилди ва барча мукофотлар ва регалиялар қайтарилди.
Салюков ўз лавозимини ҳар қандай салафидан, жумладан, маршаллар Жуков, Конев ва Малиновскийдан кўра кўпроқ эгаллаб турибди, бутун фаолияти давомида унинг мартабаси мунтазам равишда ошиб борган ва 2019 йил февраль ойида "армия генерали" унвонига сазовор бўлган. Бу вақтда Россия ОАВлари "Россияда 2015 йилдан бери биринчи марта армия генерали пайдо бўлганини" таъкидлади.
Салюков ҳарбий масалалар билангина чекланмайдиган кўринади. 2021 йил март ойида хавфсизлик кучлари Пенза вилояти губернатори Иван Белозерцевни ҳибсга олганида, «Коммерсант» газетаси шундай ёзган эди: "Губернатор ўз лавозимини мудофаа вазири Сергей Шойгу туфайли олган. Иван Белозерцев Ульяновск танк мактабида ўқиган. У Қуруқлик кучларининг амалдаги бош қўмондони Олег Салюков билан илиқ муносабатларни сақлаб қолган ва генерал Салюков жаноб Белозерцевни вазир Шойгуга тавсия қилган, ва губернатор бўлишига ёрдам берган». 17 март куни Москва суди Белозерцевнинг ўта йирик миқдорда пора олгани ва уйда тўппонча ва патронларни ноқонуний сақлагани юзасидан ишини кўриб чиқишни бошлади..
Бош қўмондон сифатида Салюков йилига камида икки марта Мудофаа вазирлигининг "Красная звезда" газетасига қуруқлик кучлари ҳаёти ҳақида интервью беради, шу билан бирга генерал билан бу суҳбатларнинг сарлавҳалари жуда хилма-хил эмас: "Далалар маликаси"нинг янги сарҳадлари», "Далалар маликаси"нинг дадил қадамлари», "Далалар маликасининг шаҳдам қадами", "Ғалаба сўзи далалар маликаси учун", "Далалар маликаси"нинг кучи статика ва динамикада", "Далалар маликаси ўз кучини оширмоқда" ва "Далалар маликаси" кучаяди".
Бу суҳбатларнинг мазмуни ҳам тахминан бир хил: қўмондон мухбирга Россия қўшинлари қандай халқаро мусобақалар ва машғулотларда иштирок этгани, ҳарбийлар қандай янги қурол ва техника моделларини олгани, келгуси йилда ҳарбий хизматчилар қандай модернизация ва маневрлар қилиши ҳақида гапиради.
Масалан, 2018 йилда генерал "Красная Звезда" ўқувчиларини "қўмондонлик аллақачон ишга туширилган дронлар билан тизимларни модернизация қилиш ва нафақат разведка, балки ҳужум миссияларини ҳам бажара оладиган истиқболли моделларни яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширган"ига ишонтиришга уринди.
2019 йилда у замонавий роботлардан қандай фойдаланилаётгани ҳақида гапириб берди: "Замонавий шароитларда ҳарбий роботлар жанговар йўқотишларни минималлаштириш ва топшириқларни бажариш самарадорлигини максимал даражада ошириш имконини беради. Робот техникаси ҳам жанговар топшириқларни, ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаларини бажариш билан боғлиқ."
2020 йилда эса генерал Россия армиясида алоқа воситалари ва дронлардан фойдаланиш юқори савияда эканини таъкидлади: "Алоқа бўлинмалари замонавий тактик алоқа алоқалари билан қайта жиҳозланмоқда. Қуруқлик қўшинлари дронлардан кўпроқ фойдаланади. "Рота - батальон" звеносидаги қўшма қуролли бўлинмалар учун тактик даражадаги вазифаларни ҳал қилишда янги турдаги комплекслар, жумладан, «коптер» туридаги комплекслар пайдо бўлади».
Нима учун Россия армияси Украинага бостириб кирганда буларнинг бирортаси кўзга ташланмагани ҳақида генерал Салюков ҳали ҳам изоҳ бермади. Лекин 2022 йил 30 сентябрида Россияда сафарбарлик бошланган пайтда, у ўша «Красная Звезда» нашрига берган интервьюсида айтди: "Барчамизга маълум: "Пиёданинг оёғи ерга қадам қўймагунча, бу ҳудуд душмандан озод қилинган ҳисобланмайди." Пиёда қўшинлар озод қилинган ҳудудларни ушлаб туришда ҳал қилувчи роль ўйнашда давом этади».
Янги потенциал мижоз билан муносабатларда ишонч ўрнатиш учун Дина Салюкова Би би си мухбирига "Қуруқликдаги қўшинлар ташкил топганининг 472 йиллиги тадбирларида кўрсатган оқилона ташаббуси ва профессионаллиги учун" олган фахрий ёрлиғини кўрсатди. Ёрлиқ 2022 йил 1 октябрида армия генерали Олег Салюков томонидан тақдим этилган. Бу вақтда унинг қўл остидагилар техникасини ташлаб, Лимандан чекинаётган эди.
Би-би-си Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ва ОлегСалюков оиласи аъзоларига сўров юборган ва жавоб кутмоқда.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002