You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар. Ғарбий Соҳил. Абу Холид: Тонггача кўз юммаймиз. Қўрқамиз.... Халқ яна кўтариладими? Isroil Falastin Dunyo Yangiliklar
- Author, Тим Фрэнкс
- Role, Newshour, ББС Жаҳон хизмати, Ғарбий Соҳил
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Исроил ишғоли остидаги Ғарбий Соҳилда нималар бўлмоқда?
Зўравонликлар ортида ким ё нима турибди? Видео:
Алоқадор мавзулар:
Исроилликлар ноқонуний қуриб олаётган манзилгоҳлар Ғарбий Соҳилни эгалламоқда.
Бир нарса, эҳтимол шубҳасиз ягона нарса шуки, бу ажойиб манзара, айниқса ҳозир, баҳорий кўриниш касб этган.
Ишғол қилинган Ғарбий Соҳилнинг марказий қисмидаги қояли ёнбағирлар яшилликка бурканган. Йўлларда шамол изғийди. Очиқ кунларда бу каби манзарани Иордан водийси бошланадиган шарқдаги яланғоч тоғларгача кузатиш мумкин.
Аммо бу қадимий тепаликлар ҳам ўзгариб боряпти. Абу Холиднинг фаластинликларнинг Турмус Айя қишлоғидан автомашинада бир неча дақиқалик масофада жойлашган фермасидаги уйидан туриб буни кузатиш мумкин.
65 ёшли Абу Холиднинг айтишича, у бу ерда 50 йилдан ошиқроқ вақтдан бери яшайди. Ҳозир унинг фермаси атрофидаги тепаликлар бўйлаб исроилликлар манзилгоҳлари пайдо бўлмоқда.
Бу манзилгоҳлар халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний ҳисобланади. Уфқ бўйлаб тизилиб кетган манзилгоҳлар, биттасини ҳисобга олмаганда, ҳатто Исроил қонунларига кўра ҳам ноқонуний, "рухсат этилмаган" саналади.
Абу Холиднинг айтишича, бу ерга кўчиб келганлар кўпроқ нарса истайди. Улар уни йўлдан четга чиқишини исташади. У менга яқинда қилинган бузғунчиликлар оқибатини кўрсатди - синган ойналар, тош билан уриб туширилган қуёш панеллари ва пачоқланган машина.
"Ҳар тун, кечки еттидан тонги еттигача уйқу йўқ. Набираларим ухлай олмайди. Қўрқиб чиқишади", дейди у.
Ғарбий қирғоқнинг бу қисми Исроил хавфсизлик кучларининг тўла назоратида бўлиши керак эди. Аммо биз учратган фаластинликларнинг барчаси бу кучлар исроилликларни ҳимоя қилишини айтишди.
Президент Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин ҳукуматига нисбатан нафрат ҳам кучайиб бормоқда. Расмий бирор ишда ишламайдиганларнинг ҳеч бири бу ҳукумат ҳақида яхши гап айтадиганга ўхшамайди.
Рамаллоҳда жойлашган ижтимоий сўров гуруҳидан Холид Шикакийнинг ўрганишларига кўра, ҳозир кўпроқ одам Фаластин ҳукуматисиз ҳаётлари яхшироқ бўлишига ишонади.
Ҳатто 80 фоизи АҚШ фуқаролигига эга, ҳаёт нисбатан яхшироқ бўлган Турмус Айяда яшовчилар ҳам учинчи интифада - ялпи қуролли қўзғолон - муқаррар эканлигини айтади.
Муҳанад* 31 ёшда. У ўсмирлик вақтида бир неча ой Исроилнинг ҳарбий қамоғида сақланган. Унинг айтишича, у ва унинг дўстлари қўлларига қурол олишга тайёр.
"Бу ерда бизни ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти. Қуролга эга бўлган ҳар бир фаластинлик ўзини ҳимоя қилишга ҳақли. Деярли ҳаммада қурол бор".
Лекин чегаралар бор, дейди Муҳанад. У 1967 йилги Яқин Шарқ урушидан олдин ҳам Исроил назорати остида бўлган ерларда исроилликларга қарши ҳужумларни қўллаб-қувватламаслигини айтади. "Аммо келиб манзилгоҳ қураётганлар бошқа. Улар бизнинг душманларимиз", дейди у.
Исроил Медад илк кўчиб келганлардан бири. У 40 йилдан ортиқ вақтдан бери Турмус Айядан бир неча километр узоқликдаги Шилода яшайди.
У кенг табассум қиладиган, киришимли, инглиз тилида - Нью-Йоркдаги Квинсча акцент билан гапиради. Шило катта боғлари, супермаркети ва автобус хизмати бўлган кичик шаҳарчадир.
Кенг водийга қараган скамейкада ўтирган 70 ёшга кирган Исроил "тепаликдаги ёшлар"нинг зўравонлигидан норозилигини яширмайди. "Бу нотўғри ва бу бизга ёрдам бермайди", деб тушунтиради у.
"Яҳудий зўравонлиги деган нарса ўзи аслида мавжуд эмас, - дейди у. - Агар араб террори бўлмаганида, араб босқинлари бўлмаганида, яҳудийларнинг бунга жавоби ҳам бўлмаган бўлар эди - яҳудийларнинг масъулиятсиз, ноқонуний ҳаракатлари ҳам бўлмасди."
У бу ёшлар катта авлодга кўпроқ қулоқ тутишини истардим дейди. "Аммо шуни айтишим керакки, агар дунё фаластинликларни Европадаги баъзи хайрия ташкилотлари каби террорчиликларга қарамай ҳимоя қилмоқчи бўлса, менимча, улар ҳеч бўлмаганда оз сонли яҳудий ёшларнинг зўравон ҳаракатларига тоқат қилиши ва тушуниши керак."
Биз турган жойдан Исроил "Шило блоки"ни ташкил этувчи ва Ғарбий Соҳилни ғарбий ва шарқийга бўладиган кичикроқ, рухсат этилмаган аҳоли пунктларини кўрсатади.
Бу манзилгоҳлар муросасизлиги билан машҳур. Уларга ҳеч бўлмаганда дастлаб минимал қулайликларга эга бўлган кўчма уйларда яшашга тайёр ёшроқ, мафкуравий жиҳатдан ғайратли яҳудийлар жойлашган.
Адей Ад манзилгоҳи Исроилнинг расмий турар жой мажмуаси ҳисобланмайди. Аммо сўнгги 25 йил ичида у анча илдиз отиб ўрнашган. Ҳозир у ерда 50 дан ортиқ оила истиқомат қилади.
Беш фарзанднинг онаси Раҳел* маҳаллий тур гид бўлиб ишлайди: бу ҳудуд ҳақида Библияда кўп гапирилган. У меҳмонларга ижарага берадиган кичкина меҳмон уйи айвонида бирга суҳбатлашамиз. Меҳмонлар бутун Исроилдан ва ҳатто чет элдан келади, дейди у.
У бизни янги пиширилган шоколадли кекс билан кутиб олди. Унинг уйидан манзилгоҳлар эгалари барпо қилган узумзорлар, зайтун боғлари кўриниб туради.
Раҳелнинг айтишича, у 18 йил аввал бу ерга келганидан бери ҳаёт анча ўзгарган ва қулайлашган. Исроил тарихидаги энг миллатчи ва диний ҳукмрон коалиция ҳокимиятга келишидан олдин "бу жой қонунийлашиб, ривожлана бошлаган", дея қўшимча қилади у.
Унинг сўзларига кўра, бу ўзгаришлардан ҳатто яҳудий манзилгоҳлари йўқ бўлиб кетишини истайдиган фаластинликлар ҳам фойда кўрган. "Ўйлайманки, араб қўшниларимиз яхшироқ турмуш кечираётганликларини тушунишади, - дейди у. - Уларда ҳозир илгари бўлмаган электр, сув, йўллар бор.»
"Адей Ад" ибронийча "абадул абад" маъносини англатади. Шимолга бироз юрсангиз, шунга ўхшаш номдаги яна бир жой келади.
"Муқаддас олов" маъносини англатувчи Эш Кодеш. Бу ерда сўнгги икки ярим йилдан бери Моше Ореф исмли йигит яшайди.
У Қуддусдан келган. Унинг бу ерга келишига икки нарса сабаб бўлган экан. Биринчидан, Библияда тилга олинган ҳудудда яшаш истаги, иккинчидан, бу ерда яшаш анча арзонлиги. "Аммо бунинг бадалини ўз хавфсизлигим билан тўлайман. Ёстиғим остида қурол билан ухлаймашга мажбурман", дейди у.
У яҳудий халқининг бу ерга жойлашиш ҳуқуқи Библияга таяниши ҳақида гапирганида ҳаяжонга тушади.
У Ғарбий Соҳилнинг босиб олинган ҳудуд сифатидаги ҳуқуқий мақомини рад этади: "Бу бемаънилик".
Унинг таъкидлашича, "бир неча ўнлаб ёшлар"нинг қилмишлари сабабли манзилгоҳларнинг бир неча юз минглик турғунларини айблаш нотўғри. Бутун Чикагони бир жиноий тўда сабабли қораламайсизку, дейди у.
Шунга қарамай, Моше яқин атрофдаги фаластин қишлоғи Жалудга ишора қилади. "Араблар билан ғарбона гаплашиш иш бермайди. Уларнинг ўзига хос хулқ-атвори бор. Биз Яқин Шарқдамиз. Биз ҳам ўзимизни шундай тутишимиз керак".
Ёнимизга эскирган йўлтанламас келиб тўхтади. Ундан Аш Кодеш ва яқин атрофдаги манзилгоҳларни қўриқлашга масъул бир киши чиқди. Меир Аяш елкасига М16 автоматини илиб олган.
Унинг айтишича, қиладиган иши оддий. "Биз террорчилар кириб келиши олдини оламиз".
Фаластин жамоаларига қилинган ҳужумлар ҳақида гапирганимизда у: "Бизда у ёки бу Муҳаммад билан ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз ҳаммани ҳурмат қиламиз. Биз ҳаммамиз инсонмиз ва қўшнимиз. Ақл-ҳушимиз жойида", деди.
Аммо бир жиҳати бор. "Агар араблар келиб, таъқиб қилиб, ўт қўйиб, ёмон ишлар қилса, бу ердагиларнинг сабр-тоқати битади ва бориб қасос олишлари мумкин."
Бироқ, Меир буни ижобий ҳол деб билади. У Исроилнинг янги ҳукумати, Ғарбий Соҳил маъмурияти ва хавфсизлиги учун масъул баъзи ўта миллатчи вазирлардек гапиради.
"Бу фаластинликлар учун яхши, - дейди у, - бу ерни ким бошқараётганини кўришсин. Ҳадларини билишсин. Шунда иккала томон учун ҳам ҳамма нарса аниқроқ бўлади."
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002