Украина уруш чизиғи: Очликдан ўлмасангиз, совуқдан ўласиз Rossiya Ukraina Dunyo O'zbekiston

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ойлаб давом этган қақшатқич жанглар ортидан Авдиивка ҳувиллаб қолган. Бу - фронт чизиғи. Авдиивка шаҳри Донецк вилоятининг украинлар назорати остидаги ҳудудида жойлашган.

Авдиввка кўчалари бўм-бўш, шаҳарда қолаётган одамлар эса тинимсиз бомбардимонлардан қўрқиб кўчага чиқмайдилар.

Шаҳарга қарата отилаётган ва шаҳардан отилаётган оғир қуроллар овозларини ҳисобга олмасангиз, кўчалар жим-жит.

Инсонпарварлик ёрдам келганида одамлар аста-секин бошпаналаридан чиқишади.

«Дўконга чиқиб келиш ё уйдан чиқиндиларни олиб чиқишнинг ўзи бир қаҳрамонлик бўлиб қолган. Тирик қайтиб келасанми, йўқми - билмайсан», - дейди бир қария.

Авдиивкада икки мингдан ошиқ одам қоляпти. Улар газ, электр энергияси, иссиқлик ва ичимлик сувисиз жон сақлашга уринадилар.

Биз кўрган бир ертўлада 14 киши яшайди. Янги йил безаклари осилган ертўлани эски печка иситади.

«Энг асосий ихтиромиз - челак. Ундан ҳожат учун фойдаланамиз», - дейди унда жон сақлаётган Анатолий.

Маҳаллий расмийлар эса аҳолини чиқиб кетишга чақиряпти. Бу қишда кўпи омон қолмайди, дейди улар.

«Биз озиқ-овқат етказиб бера олмай қоламиз. Агар кимдир кетишни истаган тақдирда ҳам, биз кейин чиқара олмаймиз, чунки йўлларни қор босган бўлади. Одамларга айтяпмиз - агар очликдан ўлмасангиз ҳам, совуқдан нобуд бўлишингиз мумкин», - дейди Авдиивка ҳарбий маъмурияти вакили Виталий Барабаш.

Елена шаҳарни тарк этсам керак, дейди. У ўз уйи ташқарисида нўхат шўрва пиширяпти.

Кўп қаватли турар жой қаттиқ шикастланган ва қишда бошпана вазифасини ўтолмайди.

«Балки кетарман. Агар улар бу ерни яна бомбардимон қилишса, бутун бинони портлатиб юборишлари мумкин. Менинг остимдаги барча хонадонлар вайрон бўлган. Квартирамнинг поли ҳали ушлаб турибди», - дейди у.

Елена шўрваси пишишини кутаркан, артиллерия ўқи бошимиз узра учиб ўтиб бир неча юз метр нарироққа тушади. Хавфдан қочиб ичкарига киришга мажбурмиз.

Портлашлар ва отишмалар овозлари бу ердаги барчани қиш ҳалокатли бўлишидан огоҳлантиряпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek