You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Украина. Янгиликлар: Россия АҚШни бевосита ҳарбий тўқнашувлардан огоҳлантирди, Путин якуний қонунни имзолади Rossiya Putin Ukraina Yangiliklar
- Author, Ярослав Луков
- Role, BBC News
- Published
Кремлнинг огоҳлантиришича, АҚШнинг Украинага яна ҳарбий ёрдам юбориш қарори Россия билан Ғарб ўртасидаги "бевосита ҳарбий тўқнашув хавфини орттиради".
Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов ҳарбий ёрдамни Москвага нисбатан "тўғридан тўғри таҳдид" ва АҚШни "можаронинг иштирокчиси", деган.
Олдинроқ АҚШ Украинага навбатдаги 625 миллион долларлик ҳарбий ёрдамини эълон қилганди.
Американинг замонавий қуроллари Украинага Россиянинг босқинчи кучларига қарши курашишда катта ёрдам бермоқда.
Украина кучлари сўнгги ҳафталарда мамлакатнинг шимолий шарқи ва жанубида муҳим марраларни қўлга киритди.
АҚШнинг сўнгги ҳарбий ёрдами таркибида 4 та HIMARS ракета тизими ҳам бор.
Алоқадор мавзулар:
Россия Президенти Владимир Путин 24 февралда Украинага бостириб кирганидан бери Вашингтон Киевга 17 миллиард долларлик ёрдам берди.
Россия элчиси Антонов пайшанба куни берган баёнотида айтишича, АҚШнинг "Киев режимини оғир қуроллар билан таъминлашда давом этиши Вашингтоннинг можаро иштирокчиси сифатидаги мақомини фақат кучайтиради".
Унга кўра, бу "хунрезликнинг узоқ давом этиши ва янги қурбонлар"га сабаб бўлиши мумкин.
"Биз Вашингтондан ўта жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган провокатив ҳаракатларини тўхтатишни сўраймиз", деган Россия элчиси.
Украинадаги жанг майдонларида бир қатор йирик мағлубиятларни қабул қилиб олган Россия ўзини барча воситалар билан, ҳатто ядровий бомбаларини ишлатиб бўлса ҳам ҳимоя қилишга ваъда бермоқда.
Путин Украинанинг тўрт минтақаси шарқда Донецк, Луҳанск ва жанубда Херсон ҳамда Запорожьеларни аннексия қилиш расмиятчилигини якунлаш учун конституцион қонунларни имзолади.
Шунга қарамасдан Россия ушбу минтақаларни тўлиқ назорат остига ололмаган ва Украина қўшинлари сўнгги кунларда Херсон вилоятида тезлик билан олдинга силжимоқда.
Антоновнинг огоҳлантириши АҚШ Президенти Жо Байден ва вице-президенти Камала Ҳаррис Президент Володимир Зеленский билан Украинага бериладиган ҳарбий ёрдамни муҳокама қилганидан сўнг янграган.
Оқ уй ўз баёнотида АҚШ Россиянинг Украина ерларини қўшиб олишини ҳеч қачон тан олмаслигини урғулаган.
"Президент Байден Украинани Россия тажоввузидан қанча лозим бўлса шунча қўллаб- қувватлашда давом этишга ваъда берди".
Баёнотда айтилишича, бу сафарги ҳарбий ёрдам пакетига HIMARS ракета тизимлари, артиллерия тизимлари, ўқ-дори ҳамда зирҳли техника киради.
АҚШда ясалган HIMARS ракеталари Россиянинг бошқарув пунктлари ва қурол-яроқ омборлари каби нишонларни йўқ қилишда ишлатилиб келинмоқда.
Улардан, шунингдек, кўприклар, жумладан Украина қайтариб олишга ҳаракат қилаётган Херсонга ўтувчи кўприкларни ҳам яроқсиз ҳолга келтиришда фойдаланилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek