You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Украина. Янгиликлар: ‘Мени сўйиладиган қўй деб ўйламанг’ ёки Россияда ‘муҳим нарса’ нега саботажга сабаб бўлмоқда? Putin Rossiya Ukraina Yangiliklar
- Author, Наталия Зотова
- Role, Би-би-си
- Published
Украинага босқинидан сўнг Россия мактабларида "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" деб номланган синф соатлари ташкил этилган. Россиядаги ўқитувчилар бу дарсни қандай қилиб жимгина саботаж қилишаяпти ёки аксинча, мактаб ўқувчилари бу дарсга келишга қандай мажбурланаяпти? Ота-оналарнинг бу ташвиқот дарсини рад этаётгани ва болаларига Украина билан урушни ўзлари тушунтиришлари ҳақида Би-би-си аниқлаштируви.
Алоқадор мавзулар:
Россия Таълим вазирлигининг қарорига биноан "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар", деб номланган синф соати ҳар душанба биринчи дарс сифатида ҳар бир мактабда ўтказилиши керак. Унинг дастурини расмий веб-сайтда эълон қилишган. Қўлланмалар орасида "махсус операция" ҳақидаги дарс борлигини ҳам пайқашди. Бу дарснинг мақсади болаларни рус ҳарбийлари қаҳрамон эканлигига ва Россия ёрдам берадиган ДПР ва ЛПРда "рус халқи" яшашига ишонтириш эди.
Жанжал авж ола бошлаганида, қўлланмалар сайтдан ғойиб бўлди ва кейин таҳрирланган шаклда пайдо бўлди: у ердан Украина билан урушга оид барча ҳаволалар олиб ташланди.
Тўғри, вазир Кравцов "махсус операция" ҳақида болаларга барибир айтилишини таъкидламоқда. Шунчаки, бу мавзу бутун йил давомидаги дарсларга тақсимлаб чиқилган.
"Зерикарли эди, ҳамма ухлаб қолди"
"Биринчи куни мен мактабдан келган болаларга ҳиссиётлар билан гапирдим: "Бугун президентимиз Украина билан уруш бошлади!"
Иккаласи ҳам даҳшатга тушди. Қандай? Нега? У ақлдан оздими?
Ростини айтсам, уларга қандай тушунтиришни билмасдим", эслайди икки қизнинг онаси Марина (исми ўзгартирилган).
Ўшандан бери қизлар ўз дўстларини Украина масаласида ишонтиришлари керак эди. Улар уйда отаси ва бобосининг уруш мавзусида гаплашаётиб, бир-бирларига деярли бақириб кетишларини кўришарди. Марина айтганидек, бувиси ва бобосининг "телевизордан хафсаласи жуда пир бўлишган". Шу сабабли унинг ўзи болаларига ташвиқот қандай ишлашини тушунтириши керак эди.
"Улар нима бўлаётганини кўришаяпти, атрофдаги суҳбатларни эшитишаяпти. Саволлар билан ёнимга келишади. Мен ҳар доим бирон савол пайдо бўлса, уни муҳокама қилиш керак деб ўйлаганман. Ҳар қандай, энг мураккаб савол бўлса ҳам. Мен уларга маълумот беришга ҳаракат қиламан", деди Марина Би-би-сига. "Бучaдан фотосуратларсиз, ҳиссиётларга берилмасдан вайрон қилинган Мариупол ҳақида, оддий одамлар яшайдиган уйларга ракеталар учаётгани ҳақида фактлар келтираман. Ва буларнинг барчаси, аслида, уруш жиноятлари эканини айтаман".
Энди уларнинг мактабида ҳар душанба куни эрталабки йиғинда Россия мадҳияси садоси остида байроқ кўтарилади. Кичик ёшдаги болаларнинг унда қатнашиши талаб қилинмайди. Маринанинг тўнғич қизи эса йиғинга деярли қатнашмайди, ҳозирча уни жазолашгани йўқ.
"Агар МҲО ("махсус ҳарбий операция" - Россия ҳукумати ва тарғиботи Украинага босқинни шундай деб атайди), Украина муҳокама қилинса ёки улар ватаннинг буюклигини, унга хизмат қилиш ва "ўзиники"ларини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қаттиқ таъкидлайдилар. Уларни синф раҳбари ва ота-оналар чатларига ёзаман, "Муҳим суҳбатлар" дарси борасидаги қарорини айтади Марина. Аммо, ҳозирча, ўқувчилари бу дарс соатларининг жуда зерикарли ва уйқуни келтирадиган эканлигини айтишган.
"Ўқитувчи айтди, ҳамма ишонди - ҳеч қачон бундай бўлмайди"
Таълим вазирлигининг ушбу ўқув қўлланмалари расмий жиҳатдан фақат тавсиядир. Уларни бажариш ихтиёрий, шу боис баъзи ўқитувчилар дарсда ташвиқотдан қочиш йўлини танладилар. Масалан, Новоалтайсклик рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Юлия.
Ўқув йили бошланишидан олдин мактаб директори ходимларга янги дарс соатлари ҳақида гапириб берди. Уларни мактаб таълимининг СССР парчаланиши билан ўқув муҳитида йўқолган функциясининг қайтиши сифатида тақдим этди.
"Директор "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" ахлоқий шахс тарбиясига қайтишдир, деб айтди", - деди Юлия Би-би-си мухбирига. "Аммо сайтларни кўрсатишганда, бу дарслар ўқувчиларни тинчликка, ҳурматга ҳайрихоҳ этиб тарбияламаслиги маълум бўлди. Дарслар сўзма-сўз тузилган, ҳамма нарса ёзилган, ҳатто ўқувчиларнинг тўғри жавоблари ҳам. Масалан: "Ватан сўзи сизда қандай тасаввурни уйғотади?" саволига тўғри жавоблардан бири: "Она қишлоғимни"! Бу дарсларни 50 йил олдин ўқиган, болалар психологияси ҳақида оз тасаввурга эга бўлган одам ёзган.
Бу дарслар замонавий болалар учун мос эмас, таъкидлайди Юлия. "Ўқитувчи айтди, ҳамма ишонди - бу ҳеч қачон ишламайди. Сиз муаммоли савол қўйишингиз керак, уларни ўйлашга мажбурлашингиз керак. Шунда ўқувчилар ўзлари бир хулосага келишади. Шундагина ўрганадилар. Қолаверса, ўсмирларга тўғри жавоб сифатида биттагина вариант берилса, улар дарров баҳслашиб кета бошлайдилар. Болаларга бемаъни тарғибот-ташвиқотни қўллаш мумкин эмас".
Адабиёт дарсларида Юлия болалар билан кўпинча урушга қарши асарларни муҳокама қилади. "Бу Улуғ Ватан уруши даври шеърияти, бу ерда - бу бошқа ҳеч қачон содир бўлмаслиги асосий мақсад. Владимир Мономахнинг «На ҳақни, на айбдорни ўлдирманг" таълимоти. Болалар одатда "буни муҳокама қилаётганимиз учун бизни қамоққа олиб кетишмайдими", дея ҳазиллашишади.
Юлиянинг сўзларига кўра, унинг мактабидаги ўқитувчиларнинг аксарияти "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" ни жимгина саботаж қилишга қарор қилишди. Баъзилар болаларга шу ортиқча 45 дақиқани дарс ўрнига уйда ухлаб келишларига имкон беради ва дарсга келмаганларни белгилашмайди. Бошқалари эса сиёсат эмас, балки синф масалалари муҳокама қилинадиган мунтазам синф соати ўтказади. Ёки улар болаларга ўз ишлари билан шуғулланишни таклиф қилишади, ўзлари эса дафтарларини текшириб ўтирадилар ёки дарсларга тайёргарлик кўришади.
"Кимдир урушга қарши позицияси учун, кимдир 50 соатлик иш юки ва бунга ортиқча вақтлари йўқлиги учун, кимдир эса шунчаки бошини қотиришни истамайди, - тушунтиради Юлия. - Умуман олганда, Олтой ўқитувчилари Москва ташаббусларидан жуда мамнун эмас. Ўлкада ўқитувчилар кастаси Москва ва Санкт-Петербургда ўқитувчиларнинг маоши юқори эканлигига, Таълим вазирлигига, Москва ва Санкт-Петербургда ўқитувчиларнинг маоши юқори, бизда эса бир тийин борлигига салбий муносабатда. Яқинда ўқитувчиларнинг маоши 8 фоизга оширилди, бироқ қўшимча тўловлар олиб ташланди, маош эса ўзгаришсиз қолди. Бу ҳокимиятга, тизимга муҳаббатни орттирмайди".
18 соатлик стандарт ўқитиш даражаси учун яшаш мумкин бўлмаган иш ҳақи мавжуд. Шунинг учун ўқитувчилар ойига камида 24 соат ишлайди. "Ва бундан ҳам кўпроқ, кимнинг қанчага кучи етса", дейди ўқитувчи.
Айтганча, "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" учун ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўланмайди. Бир соатлик иш вақти қўшилди, лекин бу расман дарс бўлмагани учун бепул ўқитишлари керак. Удмуртиялик рус тили ўқитувчиси Татяна (исми ўзгартирилган) - шу асосда ўқув қўлланмасига амал қилмасликка қарор қилди.
"Менга бу соат учун пул тўлашмайди, мактабдан ташқари машғулотлар учун мен билан ҳеч ким шартнома тузмаган. Синф дарсини ўзим хоҳлагандек ўтаман. Менимча, болалар билан тажовузкорликнинг кучайиб бораётгани ҳақида гаплашиш муҳимроқдек туюлади, шунда жамиятдаги тажовузга қандай қарши туриш ўрганишади", деди Татяна Би-би-сига.
Юридик нуқтаи назардан, бунинг учун уни жазолаш қийин бўлади, лекин амалда уриниб кўришлари мумкин, дейди Татяна. Мактаб директори миясидан суягигача "Ягона Россия"-чи, аммо, одамхўрмас деб умид қиламан", - дея хулоса қилди ўқитувчи.
"Бола қатағонни кутмоқда"
"Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчилар учун ҳам ихтиёрийдир, чунки бу барибир фан дарси эмас. "Ўқитувчилар алянси" касаба уюшмаси ота-оналар учун қандай қилиб бу дарсдан воз кечишни талаб қилиш кераклиги кўрсатмасини эълон қилди - унда директор номига ариза ёзиш кўрсатилган.
Удмуртиялик ўқитувчи Татяна ҳам юқори синф ўқувчисининг онаси. У синф соатлардан рад этишни ёзмоқчи эди, лекин 16 ёшли қизи унга буни тақиқлади.
"Бола хавфсиз бўлишни хоҳлаяпти, қатағонларни кутаяпти. Синфдаги муҳит шундайки, келиш ва вақт ўтказиб кетиш осон бўлиб турибди, - деб тушунтиради Татяна. "Унинг ўқитувчиси учун бу унчалик расмиятчилик эмас ва болаларга жазо чораларини кўради. Айниқса, синфда "йўқ" дейишга тайёр бўлганлар кам бўлган бир пайтда.
Уруш туфайли мактабдаги муносабатлар ҳақиқатан ҳам таранглашган. Баҳорда ивановолик 4-синф ўқувчиси Пётрнинг ўғли (исми ўзгартирилди) мактабда "Украинага шарафлар!" деган. Танаффус пайти бўлган, лекин ўқитувчиси ҳам эшитган. Бутун синф унга қарши чиқди ва болага бундай дейишга ҳаққинг йўқ деб бақиришган. Бошқа болалар ҳам шу гап туфайли у билан калтаклашиб кетишига сал қолди, дейди Пётр.
Бу иш бола отасининг мактаб директори билан муҳокамасигача борди, аммо охирида Пётрдан кечирим сўрашларига тўғри келди. Кейин эса Пётр ўғлининг кундалигида ўқитувчига "Агар бу яна такрорланса, мен сизни ишдан бўшатишларигача эришаман! Украинага шон-шараф! Қаҳрамонларга шон-шараф! Ва ҳарбий кема кетидан боринг!", деб хат йўллади украин тилида.
Болани можаролардан асраш учун Пётр энди унга бошқаларга ўз фикрини уқтириш шарт эмаслигини ўргатаяпти: "Ҳозир ўғлимга аҳмоқ одамлар ва тарғиботлар таъсиридагилар кўплигини айтаяпман. Сен ўз фикрингга эгасан, аммо уни бироз ушлаб туришинг керак".
Сентябр ойида ўғли "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" дан келгач, отасига дарс "тўлиқ ватанпарварлик" ҳақида бўлганлигини айтди. Ўқитувчи америкаликлар фақат пул учун яшашини ва уларнинг "миллати йўқлигини" айтибди. "Биз шаҳидлардек жаннатга тушамиз ва улар эса шунчаки ўлишади", дея Путиндан иқтибос келтирибди.
Аммо Пётрнинг бошқа мактабда ўқийдиган тўнғич қизи бу дарс суҳбатларида ҳеч қандай тарғибот йўқлигини айтади. Улар дарсда ўн биринчи синф ўқувчилари учун долзарб бўлган мавзу - институтга киришни муҳокама қилишади.
Энди Пётр "Ўқитувчилар алянси" маслаҳат берганидек, ўғлининг мактабига "Муҳим суҳбатлар"ни рад этиш бўйича ариза ёзмоқчи.
Ёлғизланган қаршилар ва бош силккан ота-оналар
Ҳафталик "суҳбатлар"дан қочиш учун талаба ҳеч бўлмаганда ота-онанинг қўлловига муҳтож. Воронежлик ўнинчи синф ўқувчиси Лиза принципиал равишда бу дарсга қатнашмоқчи эмасди, аммо атрофидаги ҳамма унинг келишини талаб қилди.
Мактабга иккинчи дарсга етиб келган Лиза очиқчасига ухлаб қолмагани, бу ихтиёрий дарс бўлгани учун атай келмаганини айтди. Шундан кейин синф раҳбари ва директор ўринбосари билан кўнгилсиз суҳбат бўлиб ўтди: улар бу дарслар ватанпарварлик туйғусини тарбиялашини, синфдан ташқари машғулотлар ҳам ўқувчилар учун мажбурий эканлигини айтишди. Қизнинг эътирозларига «Бундай дейишга вояга етганингда ҳаққинг бўлади» деб жавоб беришди. Лизанинг онаси урушни қўллаб-қувватлайди. У Лизага бақириб, ноутбукини олиб қўймоқчи бўлди.
Қиз аксар синфдошларини "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар"га шунчаки эътибор беришмайди, дейди у. Уруш мавзуси улар учун умуман қизиқ эмас.
"Бу қандай қилиб қизиқ бўлмаслигини тушунмайман. Бу сўз ҳатто бу контекстда ҳам ўринли эмас, чунки нима бўлаётгани муҳим, бу ҳақда ўйламай бўлмайдисиз", - деб қўшимча қилади Лиза.
Қиз уруш бошланган пайтларда украиналикларни ҳақоратлаган ва уруш тарафдори бўлган дугонаси билан жанжаллашиб ҳам қолган.
Мактабда бўлган бу можародан бир неча кун ўтгач, ўнинчи синф ўқувчиларига семестр учун доимий жадвални юборишади. Унда "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар" дарси йўқ эди. Ҳайрон бўлган Лиза синф раҳбаридан сўради ва энди бу дарс соатлари бўлмаслигини эшитди. "Ёки балки еттинчи соатга қўрмиз", деган ўқитувчи.
"Озчилик ичида қолган киши ҳақ бўлишига кўплаб мисоллар бор. Бу инсонни қўллаб-қувватлайди", - дейди Лиза.
Санкт-Петербурглик Елена (исм ўзгартирилди) ҳам ўзини озчиликда ҳис қилади. Тўғрироғи, ёлғизликда. Унинг икки фарзанди бор: етти ва ўн икки ёшда. Елена уларни ташвиқотлардан асрашга қатъий қарор қилди.
"Йиғилишда ота-оналар бош ирғаб, ёзиб олишди. Мендан бошқа ҳеч ким бу масалани кўтармади", деб хафа бўлади у.
Еленанинг айтишича, унинг 12 ёшли ўғли мактабда байроқ кўтаришга келишга мажбурмас. Унга қатнашиш шартлиги ва "бу федерал қонун" эканлигини айтишди.
Аслида ҳеч қандай қонун йўқ, Елена буни тушунади: "Мени қўйдай тутишнинг кераги йўқ. Агар ҳар бир фуқаро нимага ҳақли эканлигини билса, биз бошқа давлатда яшар эдик".
У нафақат бошқа ота-оналар орасида, балки бутун атрофидагилар ичида ўзини ёлғиз ҳис қилади. Уруш бошлангач, қариндошлари билан жанжаллашди ҳам: улар босқинни қўллаб-қувватладилар ва ҳатто унинг одессалик отаси Елена билан гаплашмай қўйди.
"Мен болаларга диктатура ҳукмрон бўлган мамлакатда яшаш омад келмаганлик эканлигини тушунтираман: уларнинг онаси мутлақ либерал", дейди у. У ўғлига ҳеч бир уруш, айниқса бировнинг ерини босиб олиш тўғри эмаслигини тушунтиради. Болакай ёзга бориб Украинага босқинни маъқуллаган дўстлари билан мулоқот қилишни тўхтатди.
Елена янги дарс соатлари ҳақида билгач, дарҳол "Муҳим нарсалар ҳақида суҳбатлар"ни рад этиб ариза ёзди. Аммо ўғли душанба куни иккинчи дарсга борганида, мактаб хизматчиси кечикиб келгани учун "болага тарсаки туширган", дейди Елена. Кейинги душанба куни бу унинг қарори эканлигини тушунтириш учун фарзанди билан мактабга бормоқчи. Елена ҳозир шундай жангари кайфиятда.
"Мен ўқитувчиларни ҳеч ёқтирмайман: улар сайловларни сохталаштиришади, давлатнинг ҳар қандай аҳмоқона ташаббусига жавобан, ҳатто ундан қандай чиқишни ўйламай туриб, ҳимояга олишади", дейди Елена.
Еленага ўғли онасини можарога қўймаслик учун мактабда урушни муҳокама қилмаслигини айтди. "У онаси қамалишидан жуда қўрқади, - тан олади Елена. - Ҳа, бу ҳақиқатда қўрқинчли, лекин агар сиз ўзингизни сўйиладиган қўй каби тутсангиз, бундан ҳам ёмонроқ бўлади".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek